Home / МАҚОЛАЛАР / Дунё ва охиратдаги жуфти ҳалоллар

Дунё ва охиратдаги жуфти ҳалоллар

Аллоҳ таоло айтади: «Эй Пайғамбар (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам), албатта, Биз сиз учун маҳрларини берган жуфтларингизни, Аллоҳ сизга ўлжа қилиб берган қўл остингиздаги чўриларингизни, сиз билан ҳижрат қилган амакингизнинг қизларини, аммаларингизнинг қизларини, тоғангизнинг қизларини, холаларингизнинг қизларини ҳалол қилдик, яна (ҳар қандай) мўмина аёлни ҳам – агар у ўзини Пайғамбарга ҳадя этса-ю, Пайғамбар уни никоҳига олишни истаса. (Бу имтиёз) мўминлар учун эмас, фақат сиз учундир. Биз у(мўмин)ларга жуфтлари ва қўллари остидаги чўрилари ҳақида фарз қилган ҳукмларимизни аниқ биламиз. (Булар) сизга танглик бўлмаслиги учундир. Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли бўлган Зотдир». (“Аҳзоб” сураси, 50-оят) (кенгроқ маълумот олмоқчи бўлган ўқувчиларимиз «Тафсири Ҳилол»нинг 4-жузидан 50-52-оятларнинг тафсирини ўқисинлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу каби ояти карималар асосида Аллоҳ таолонинг амри билан ўзларидан олдин ўтган кўплаб пайғамбарлар қатори таълим-тарбияга оид, шариат қонунларини жорий қилиш билан боғлиқ, ижтимоий ва сиёсий ҳикматлар асосида тўрттадан ортиқ аёлга уйланишлари ҳалол бўлгани билан умматларидан ажралиб турганлар.

Қолаверса, мусулмон эркак киши никоҳида бир вақтнинг ўзида тўрттадан ортиқ хотин ушлаб туриши У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан 3 йилу 4 ой олдин (яъни ҳижрий 7 йил, зулқаъда ойи / мил. 629 йил март), охирги аёллари Маймуна онамизга уйланганларидан сўнг тақиқланган эди.

“Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари тўққизта бўлиб, уларнинг ҳар бири Аллоҳ томонидан аллақачон “мўминларнинг онаси” деб атаб қўйилган эди. Бунинг устига, мабодо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг тўрттадан ортиғини талоқ қилсалар, бошқа эрга тегишлари мумкин эмас эди. Аллоҳ буни ман қилган. Уларга уйланишларидан кўзланган ҳикмат ҳам ботилга айланар эди. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тўрт хотинли бўлиш ҳукмидан истисно қилди”. (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Тафсири Ҳилол», “Аҳзоб” сураси, 52-оят тафсиридан).

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам жами ўн битта аёлни ўз никоҳларига олган бўлиб, вафот этганларида тўққизта аёллари бор эди. Сабаби, Хадижа онамиз билан Зайнаб бинти Хузайма онамиз У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврларида вафот этган эдилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «… унинг (яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг) аёллари уларнинг (яъни мўмин-мусулмонларнинг) оналаридир…», деган. (“Аҳзоб” сураси, 6-оят).

Абдул Азим Зиёуддиннинг 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт» китобидан
Манба: azon.uz

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …