Home / МАҚОЛАЛАР / МАОРИФ ХАЛҚ КОМИССАРЛИГИНИНГ “ИЛҒОР” ВАЗИФАЛАРИ

МАОРИФ ХАЛҚ КОМИССАРЛИГИНИНГ “ИЛҒОР” ВАЗИФАЛАРИ

Ўрта асрлардан бошлаб Туркистон маданий ҳаётида мактаб ва мадраса алоҳида аҳамият касб этган. Таълим тизимининг бу босқичи ёшларнинг илм-фан ўрганишида асосий пойдевор вазифасини ўтаган. Аммо халқаро савдонинг қуруқлик орқали таназзули, сиёсий парокандалик ва ХIХ аср ўрталарида чет эл мустамлакачиларнинг босқини маориф тизими ривожига салбий таъсир этди. Бу ҳолат мамлакатни замона илмий ютуқларидан орқага қолиб, турмуш ва ўлка ҳаётининг таназзулини бошлаб берган.

ХХ аср бошларида таълим ислоҳоти масаласида мухолиф кучлар советлар томонидан босқичма-босқич мағлуб этилди. Миллий манфаатларни кўзлаб бошланган ҳаракатлар бартараф этилиб, шўро сиёсатига мос ғоя ва мафкура жорий қилинган. Комунистлар раҳнамоси В.И.Ленин: „Сиёсий ва ҳарбий соҳа каби маданий масала тез ечиб  бўлмас жараён. Таназзулнинг кучайиши даврида бир неча ҳафтада сиёсий ғалабага, уруш билан бир неча ойда ғалаба қилиш мумкин. Аммо маданий соҳада бундай даврда ғалабага эришиб бўлмайди. Масаланинг моҳиятига кўра, бу ерда узоқроқ муддат керак ва инсон ўз ишини ҳисоблаб матонат, қатъият ва тизимлилик асносида узоқроқ даврга мослашиши керак“[1] – деб йўл-йўриқ бериши бунга далил. Шу тариқа халқ маорифининг 1917-1924 йилларини шўро тарихшунослигида қуйидаги босқичларга бўлишган[2]:

  1. Феврал инқилоби даври;
  2. Октябрь инқилобининг дастлабки 3 йиллик даври – 1918, 1919 ва 1920 йй (ҳарбий комунизм даври);
  3. Янги Иқтисодий сиёсатнинг дастлабки даври (1921-1922 йй);
  4. Тикланиш даври (1923-1924 йй).

Ушбу даврларда эволюцион йўл билан совет бошқарув ҳокимияти вакиллари таълим тизимини ўз манфаатлари учун хизмат қилувчи соҳага айлантиришган. Янги совет мактабларини ташкил этиш, ривожлантириш ва барча халқ таълимини ишини юритиш учун 1917 йил 23 ноябрда Туркистон Марказий халқ комиссарлиги таркибида Ўлка маориф халқ комиссарлиги ташкил этилган. 1918 йил июнь ойи ўрталарида Туркистон АССР тузилиши асносида Ўлка маориф халқ комиссарлиги ТАССР Маориф халқ комиссарлиги номи билан қайта ташкил топди[3]. 1918 йил 22 августда Халқ маориф комиссарлиги коллегиясининг ташкилий йиғилишида Маориф халқ комиссарлиги бўлим бошлиқлари тасдиқланган. Маориф халқ комиссарлигини бошқариш учун халқ комиссари, 2 нафар ёрдамчи ва 2 нафар аъзодан иборат коллегия зиммасига юклатилган. Коллегия томонидан комиссарлик бўлим бошлиқлари ва комиссия котиби ҳам тайинланган.

Маориф халқ комиссарлиги вазифасига халқ таълим тизимини ташкил этишнинг республика бош режасини ишлаб чиқиш, жойларда ўқув-тарбия ишларини бирлаштириш, республика сметасини тузиш ва таълим жараёнида ажратилган маблағларни тақсимлаш киритилган. Шунингдек, Республиканинг барча вилоят ва туманларидаги халқ таълими бошқармалари ягона умум қонунларда белгиланган тартиб асосида иш олиб борган.

Туман (Уезд) халқ таълими бўлимлари Маориф халқ комиссарлиги томонидан белгиланган қоидаларни амалга ошириш ва амалиётга татбиқ этиш, хусусан таълимни умумий тарғиб қилиш учун барча чораларни кўрган. Туман халқ таълими мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари бўлимларга бўлинган. Вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан вилоят аҳамиятидаги фан, таълим ва таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш юзасидан туман халқ таълими бўлимларига кўрсатма ва топшириқлар бериб келинган. Вилоят халқ таълими бошқармаси йиллик ҳисоб-китобларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш, вақт-вақти билан туман халқ таълими  бўлими вакилларининг мажлисини ва таълим ходимларининг вилоят қурултойини чақириб туриш, вилоятда халқ таълимининг ҳолати тўғрисида ҳисоботлар тузиш каби вазифаларни амалга оширган.

Маориф халқ комиссарлиги ташкил этилган дастлабки йилларда бирор-бир номга эга бўлмаган беш бўлимда шакллантирилган. 1-бўлим: а) умумтаълим саводхонлик; б) умумтаълим мактабларини жорий этиш; в) мустақил синф ташкилотларига ёрдам бериш. 2-бўлим: а) илмий-педагогик кадрларини тайёрлаш; б) олий таълим муассасалари; в) илм-фан. 3-бўлим: а) техникавий мактаблар ва сиёсий таълим; б) санъат; 4-бўлим: а) мактаб тиббиёти ва гигиена; б) статистика ва эксперементал педагогика; 5-бўлим: а) мактабгача тарбия; б) мактабдан ташқари тарбия;

1925 йилга келиб Маориф комиссарлиги фаолияти янгича мазмун касб этади. Комиссарлик барча ташаббусни ўз қўлига олиб, маҳаллий халқ билан келишмасдан таълим ва мактаб масаласида мустақил қарорларни қабул қила бошлаган. Масалан: “Ўзбекистонда халқ маорифи усулининг асосий масалалари” номли мақолада: “Туркистон жумҳуриятининг маориф комиссарлиги халқ маорифи ишида ҳеч бир вақт мукаммал ва асосий бир усулға молик бўла олмади ва бу ишға имконияти ҳам йўқ эди. Чунки Туркистон жумҳуриятидаги яшоғувчи халқларнинг маданий шароитлари ҳар хилда бўлғонликдан уни белгилаш жуда қийин эди. Ўзбекистон маориф комиссарлиги мана шу асосий масалани бизга қандай руҳдағи мактаблар кераклигини ва уларнинг ўзаро қандай муносабатда бўлишлари лозимлиғини ҳал қилса керакдир. Халқ маорифини асосий усули энг кичкинадан олиб то энг катта ёшдағи ўқуғучилар ва тарбиялангучиларнинг маданий шароитлариға мувофиқ тузилишини ўз ичига олмоғи тегишдир”[4] – деб вазиятга холисона баҳо берилган.

Марказдан чиқарилган қарорлар Иттифоққа кирган ҳар бир давлат учун ўз номини қўйиб қабул қилиш анъанаси кучая борган. Социализм ғояси руҳида чиқарилган қарорларнинг ижроси қатъий назоратга олинган. Масалан: “Марксизм ва риёзиёт” номли мақолада: “пролетариат ўзининг синфий душманларига жамият партизанларига қарши курашганда фақатгина жисмоний олишиш билан қаноатланиб қўя қолмайди. У мафкура майдонида ҳам тизгисини қўлдан бермасдан тараққиётни, тарих ғилдирагини орқага сурмоқчи бўлған “қора кучлар реакцион унсурлари” билан ўзининг сўнги ғолибиётиғача олишоди”[5] – деб баҳо берган. Ушбу жумладан бошқарувни қўлига олган совет ҳукумати бутун бир жамият қатламини ўз панжасига қай йўл билан бўлмасин, мустаҳкам назоратга олган.

Хуллас, Иттифоқ марказининг барча идоралари, шу жумладан Маориф халқ комиссарлиги ҳам шаклан миллий, мазмунан социалистик сиёсат юргизган. Комиссарлик таркибига кирган бошқармалар марказ манфаати йўлида узоқ йилларга мўлжаллаб “юқоридан” белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашган. 

ФОЙДАЛАНГАН АДАБИЁТЛАР
  1. Ўзбекистон Миллий архиви. Фонд Р-34
  2. Сербов П.И., Никифоров А.Д. Народное просвещение в Узбекистане. –Самарканд-Ташкент: Узбекское государственное издательство, 1927.
  3. “Маориф ва ўқитғувчи” ижтимоий-сиёсий, таълим-тарбиявий, адабий,фанний, илмий журнал. 1-сон, март, –Самарқанд шаҳри, 1925 йил.
  4. “Маориф ва ўқитғувчи” ижтимоий-сиёсий, таълим-тарбиявий, адабий,фанний, илмий журнал. 7-8-сон, июль-август, –Самарқанд шаҳри, 1929 йил.
Сухроб ЭРГАШЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …