Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ЯНГИ МУЗЕЙ ЭКСПОЗИЦИЯСИДА НОЁБ МУҲРЛАРНИ НАМОЙИШ ЭТИШНИНГ АҲАМИЯТИ

ЯНГИ МУЗЕЙ ЭКСПОЗИЦИЯСИДА НОЁБ МУҲРЛАРНИ НАМОЙИШ ЭТИШНИНГ АҲАМИЯТИ

31 январь куни Тошкентда “Ислом цивилизацияси тарихи музейини шакллантиришга оид долзарб масалалар” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилган анжуманда мамлакатимизнинг етакчи олимлари ва соҳа мутахассислари иштирок этди.

Конференцияда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори Шовосил Зиёдов ҳам қатнашди ва “Ислом даври Ўрта Осиё сфрагистикаси намуналарини музей экспозицияларида ёритишнинг аҳамияти” мавзуида маъруза қилди. Нотиқ давлатчилик институтлари ва кутубхоналар фаолиятига оид маълумотлар кўламини кенгайтиришда сфрагистик ёдгорликларнинг ўрни ҳақида сўзлади.

Сфрагистика – муҳрларни тарихий манба сифатида ўрганадиган фан. Муҳрлар эса – давлатчиликнинг илк тимсолларидан бири. Расмий қоғозларга босиладиган турли шаклдаги муҳрлар ҳужжатнинг айнан ўша идора ёки шахс томонидан келганига гувоҳлик беради. Шу сабабдан муҳрлар муайян даврдаги тарихий воқеани комплекс ўрганишда қимматли манба ҳисобланади.

Маърузада мусулмон сфрагистикаси бўйича олиб борилган тадқиқотлар, муҳрларнинг турлари бўйича тартибли таснифлари, шунингдек, соҳанинг ўрганилмаган жиҳатлари ҳақида маълумотлар баён этилиб, муҳрларнинг қўлёзмалар таҳқиқидаги ҳамда муҳрканликнинг ҳунар ва санъат даражасидаги аҳамияти ҳам очиб берилди.

Маърузачи ўз сўзи якунида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида барпо этилаётган музейда ноёб муҳрлар экспозициясини ҳам ташкил этиш унга юртимиз тадқиқотчилари ва умуман кенг жамоатчиликнинг, хорижлик олимлар ва сайёҳларнинг қизиқишини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

Конференцияда ташкилотчилар анжуман материалларини электрон ва босма шаклда чоп этиш режалаштирилганини маълум қилди.

Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Юракни мадҳ этган садо!

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан Марказда “Юракни мадҳ этган садо!” шиори …