Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МУҲАММАД ИБН ҲАСАН ШАЙБОНИЙ ИЛМИЙ МЕРОСИГА БАҒИШЛАНДИ

МУҲАММАД ИБН ҲАСАН ШАЙБОНИЙ ИЛМИЙ МЕРОСИГА БАҒИШЛАНДИ

Россия Федерациясининг Татаристон Республикасидаги Булғор ислом академиясида буюк ҳанафий олим Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ҳаёти ва илмий меросига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Аллома ҳижрий 132 йили дунёга келган. Илмга иштиёқи кучлилигидан ўсмирлигидаёқ илм маскани саналган Куфага кўчиб борган. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ўз даврида Абу Ҳанифага шогирд тушган, Абу Юсуф ҳузурида таҳсил олган. Сўнг билимларини янада бойитиш мақсадида Сурия, Хуросон, Ҳижозга саёҳат қилган. Анча муддат ўтиб, Мадинада Молик ибн Анас устозлигида ҳадис илмини ўрганган. Пировардида машҳур ҳуқуқшунос бўлиб етишган ва кўплаб бўлажак уламоларга устозлик қилган. Хусусан, Имом Шофеъий ва Асад ибн Фурот унинг шогирдларидан бўлган.

Тадбирда академиянинг профессор-ўқитувчилари, докторант ва магистрантлари билан бир қаторда, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Баёзхон Маҳмудов иштирок этди ва маъруза қилди. У айни пайтда мазкур академиянинг магистратура босқичида илоҳиёт йўналиши бўйича таҳсил олмоқда.

Нотиқ олим илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича Ўзбекистонда олиб борилаётган изланишлар ҳақида сўзлади, шунингдек, иштирокчиларга мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берди.

Давра суҳбатида мусулмон алломалари илмий меросини ўрганиш услубларини янада такомиллаштириш, бутун ислом оламида нуфузли саналган кўплаб асарларни таржима қилиш, шарҳлаш, тарғиб этиш каби йўналишларда халқаро миқёсда ҳамкорлик билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирда қатнашчиларга бутун умрини ислом ҳуқуқи меъёрларини тартибга солишга бағишлаган, ҳанафий мазҳаби услубияти ва ислом ҳуқуқий тафаккури ривожига беқиёс ҳисса қўшган Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг асарлари ҳақида ҳикоя қилувчи тақдимот-стендлар намойиш қилинди.

Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Юракни мадҳ этган садо!

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан Марказда “Юракни мадҳ этган садо!” шиори …