Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМДА КАФОАТ МАСАЛАСИ

ИСЛОМДА КАФОАТ МАСАЛАСИ

Ислом ҳуқуқида никоҳнинг қўшимча шарти сифатида «кафоат» кўрсатилади.

Кафоат – луғатда «тенг бўлиш», «баробар бўлиш» маъносида келади. Ислом ҳуқуқида эса никоҳланаётган томонларнинг, тўғрироғи эрнинг аёлга тенг ёки мос бўлишига айтилади.

Никоҳда тенглик қуйидаги олти нарсада намоён бўлади: насл­-насаб, дин, озодлик, бойлик, ҳунар ва диндорлик. Фикримизча, бу шартлар нисбийдир. Шунингдек, у асосан эрда бўлиши лозим бўлган шартлардир. Чунки у ерда кўрсатилган шартлар ижтимоий табақаланиш ёки бошқа мезонлар асосида келиб чиқадиган шартлар бўлиб, жамиятнинг ўзи ушбу мезонларни белгилаб беради.

Куфуъ – тенглик масаласи. Никоҳда насабдаги кафоат эътиборга олинади. Қурайшликларнинг баъзилари баъзиларига тенгдирлар. Арабларнинг баъзилари баъзиларига тенгдирлар. Ажамларда Ислом эътибор қилинади. Ота-онаси исломда бўлган ота-онаси исломдагига тенгдир. Отаси исломда бўлган ота-онаси унда бўлганга эмас. Ўзи мусулмон бўлган отаси ҳам мусулмонга тенг эмас. Ҳурлик ҳам худди Исломга ўхшайди. Диёнатлилигига қараб ҳам бўлади. Фосиқ солиҳ кишининг қизига тенг бўла олмайди. Молу мулкига қараб ҳам бўлади. Дастлаб берилиши лозим бўлган маҳр ва нафақага ожиз куёв фақир қизга тенг бўла олмайди. Иккисига қодир шахс бой қизга куфуъ бўлади. Касбу ҳунарга қараб ҳам бўлади. Бас, тўқувчи, қон олувчи, фаррош ёки тери ошловчи атторга ёки унга ўхшашга куфуъ эмас.

Аслида, тенглик динга қараб бўлади. Мусулмонларнинг барчаси бир-бирларига тенгдирлар. Фотима бинти Қайс (р.а.) Қурайш қабиласидан бўлса ҳам Усома ибн Зайдга – асли қул бўлган кишига текканлар. Бу иш Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг маслаҳатлари билан бўлган. Абдурроҳман ибн Авф (р.а.)нинг сингиллари Билол ибн Рабоҳ (р.а.) билан турмуш қурганлар. Аммо жумҳури уламолар никоҳдаги кафоат – тенгликка диндан бошқа, никоҳ айбларидан саломат бўлиш, ҳуррият, насаб ва синоатга ўхшаш нарсаларни ҳам қўшадилар. Чунки, одатда ушбу омилларга эътибор бермаслик кўпгина оилаларнинг бузилишига сабаб бўлади. Лекин тарафлар рози бўлса, никоҳ жоиз бўлаверади.

Мусулмонларда жуфти ҳалол танлашда унинг солиҳа, диндор, яхши хулқли бўлиши асосий мезон саналади. Абу Ҳурайра (р.з.)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): «Аёл тўрт нарсаси: моли, наслу насаби, жамоли ва дини учун никоҳланади. Бас, сен диндорини танла, омон бўлгур», деганлар (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривояти).

Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ким хотиннинг молу жамоли учун уйланса, унинг молу жамолидан маҳрум бўлади ва ким аёлнинг дини учун уйланса, Аллоҳ таоло у кишига унинг молу жамолини ҳам насиб қилади», дедилар.

Абул Ҳасан Мовардий (р.а.) яхши хотин танлаш фарзанднинг отасидаги ҳақларидан бири эканини таъкидлайди ва Умар (р.з.)нинг қуйидаги сўзларини далил сифатида иқтибос қилиб келтиради: “Фарзанднинг энг биринчи ҳаққи отасининг унга яхши она танлашидир. Ота фарзанди туғилишидан олдин унинг учун гўзал, шарафли, иффатли, оқила, хулқи одамни рози ва хурсанд қиладиган, ақли ва камолотининг гўзаллиги синалган ва эрига муносиб бўлган аёлни танлаши лозим” [1].

Эр хотинининг маданиятли бўлишини ва фарзандларини яхши тарбия қилишини талаб этишга ҳақлидир. Аёл киши ҳам ўзига мос илмларни ўрганиш ҳуқуқига эга. Бу борада шундай сўзлар хаёлга келади: “Эр-хотин шеърнинг икки байтига ўхшайди. Биринчи қатордаги байт гўзал тарзда ифодаланган бўлса-ю, иккинчи қатордаги байт ғализ сўзлардан тузилган бўлса, бундай шеърни мақтаб бўлмайди”[2].

Абу Ҳурайра (р.з.)дан келтирган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) Қурайш аёлларини мақтаб шундай марҳамат қилганлар: “Туя минган аёлларнинг энг яхшиси Қурайшнинг солиҳа аёлларидир. Улар фарзандларига меҳрибон ва эрларининг ҳақларига риоя қилувчидирлар” (Имом Бухорий ривояти).

Никоҳдаги кафоат (тенглик) ҳақидаги боб Кафоат ёки куфълик луғатда тенглик, баробарлик маъносини билдиради. Бу ердаги кафоатдан мурод – эр-хотиннинг беш нарсада тенг, бир хил бўлишидир: 1. Динда. Фожир ва фосиқ кимса афифа аёлга тенг бўлмайди. Чунки, унинг гувоҳлиги ва қилган ривояти ўтмайди, бу эса инсонийлигидаги нуқсонидир. 2. Насабда. Ажамий (яъни, араб бўлмаган киши) арабияга куфъ бўлмайди. 3. Озодликда. Қул ва қисман озод бўлган қул озод аёлга куфъ бўлмайди, чунки қуллик туфайли нуқсонлидир. 4. Касб-ҳунарда. Ҳажжом (қон олувчи), тўқувчи каби паст касб эгаси тожир каби юқори касб эгасининг қизига куфъ эмас. 5. Фарз бўлган маҳр ва нафақа миқдорида молга эга бўлиш. Қашшоқ одам бадавлат аёлга куфъ бўлмайди. Чунки, унинг қашшоқлиги туфайли нафақа бермаслигида у аёлга зарар бордир. Агар эр-хотиндан бири ушбу бешта ишдан бирида бир-биридан фарқли бўлса, кафоат бўлмаган бўлади. Лекин, бу никоҳнинг саҳиҳлигига таъсир қилмайди. Чунки, никоҳ саҳиҳ бўлиши учун кафоат шарт эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима бинт Қайс розияллоҳу анҳони Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуга никоҳланишга буюрганлар, у зотнинг буйруқлари билан у Усомага никоҳланган (Муслим (1480) Фотима бинт Қайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилган). Бироқ, кафоат никоҳнинг лозим бўлиши учун шартдир. Аёл ёки унинг валийси агар рози бўлмаса, никоҳни бузишга ҳақли бўладилар. Чунки, бир киши ўзининг паст даражасини шу билан кўтариб олиш учун қизини биродарининг ўғлига берганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ихтиёрни қизга берганлар[3]. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Биз қуйида кафоатга тегишли бир неча фатволарни «Жомиъ аҳком ас-сиғор» номли асардан таржима қилиб ҳукмингизга ҳавола қиламиз:

          Кафоатни эътиборга олиш

«Муҳит»да[5] шундай зикр қилинган: Ота ва бободан бошқа киши, агар қизни тенги бўлмаган кишига никоҳласа, бу борада олдинги давр ҳамда кейинги давр олимларимиздан ҳеч қандай ривоят йўқ. Фазлий[6] айтадики, маҳрни камайтириш масаласига қиёсланиб, ушбу никоҳ ҳеч қандай эътирозсиз жоиз бўлмаслиги керак.

Ҳанафий мазҳабида эркинлик тамойили, айниқса, турмушга чиқиш масаласида балоғатга етган оқила қизни мажбурламаслик ва сафиҳ (ақли кам бўлган) кишини, шунингдек, қарздор кишини тасарруфдан ман этмаслик каби масалаларда яққол кўзга ташланади.

Абу Ҳанифа қиз болага ўз тақдирини ўзи белгилаб оила қуриш учун эркинлик берса ҳам, бўлажак турмуш ўртоғи (эри) оиласига куфув (тенг) бўлишини шарт қилиб қўяди. Бунга биноан агар бир қиз ўз валийси розилигини олмасдан, ўзининг оиласига тенг (муносиб) бўлмаган ва оила учун иснод келтирадиган эркакка турмушга чиқса, ҳанафий мазҳаби бўйича Фахруддин Қозихон ривоятига кўра, шунингдек, Абу Юсуф фикрича, никоҳ битими фосид бўлади (бузилади).

Аммо Абу Ҳанифа фикрича, баъзан аёл ўз турмуш ўртоғини танлашда хатога йўл қўйиб, оила учун иснод келтириши мумкин. Фақиҳлар ана шу нуқтаи назардан қизнинг ўзи ота ёки валийнинг иштирокисиз турмушга чиқишини тақиқлаганлар. Абу Ҳанифа фикрига кўра, аёлнинг эркинлигига қайд қўйиб, уни чеклаш ўзидан-ўзи катта зарар ҳисобланади. Юз бериши ёки юз бермаслиги эҳтимоли бўлган бошқа бир зарар (иснод келтириш) учун, аёлнинг эркинлигини чеклашга йўл қўйиб бўлмайди. Шундай қилиб, Абу Ҳанифа назариясига биноан, аёл ўз эркини сақлаб қолади, борди­ю ўз танлаши орқали оилага ору иснод келтирса, никоҳ фосид бўлиб (бузилиб), ҳам унинг иффати, ҳам оила эътибори сақланиб қолади.

Фақиҳлар оқила ва болиға қизни ўзи истамаган киши билан турмуш қуришга мажбур қилмаслик бўйича Абу Ҳанифа фикрига қўшилган бўлсалар ҳам, бир ўринда у билан ихтилоф қилганлар, яъни қизнинг валийси уни турмуш қуришга мажбурлай олмайди ва қиз, ўз валийсининг иродасига қарамасдан турмушга чиқа олади, лекин унинг (қизнинг) сўзлари никоҳ битимини тузиш учун етарли бўлмагани сабабли, валийси битим маросимида иштирок этади, негаки, фақат валий никоҳ битимини тузиш ваколатига эга. Лекин Абу Ҳанифа, кўпчилик фақиҳларнинг бундай фикрига қўшилмай, уларнинг ҳаммасига қарши туради ва барча фақиҳлар орасида ўз мустақил фикрини сақлаб қолади.

Абу Ҳанифа таъкидлашича, аёл мол-мулк соҳасида тўла ваколатга эга бўлганидек, тазвиж (ўзига эр танлаш) бўйича ҳам тўла ваколатга эга бўлиши лозим. Унингча, аёл ва эркак никоҳ битимини тузишда ҳеч қандай имтиёзсиз тенг ҳуқуққа эга бўлишлари зарур [7].

Кафоат шартлари: таъминот ва маҳрни беришга қодир бўлиш

«Захира»да шундай дейилган: агар вояга етган ёки етмаган аёл жимоъга[8] лаёқатли бўлса, таъминотга қодир бўлиш кафоат шартларидан биридир. Аммо ёш қиз жимоъга лаёқатли бўлмаса, таъминотга қодирлик эътиборга олинмайди. Чунки бу ҳолатда унга нафақа берилмайди, маҳрга қодирлилик билан кифояланилади. Аллоҳ билувчидир.

«Ҳидоя»да шундай зикр қилинган: Ким ўзининг ёш қизини қулга ёки ёш боласини чўрига никоҳласа жоиздир. Бу Абу Ҳанифанинг фикри. Чунки кафоатни эътиборга олмаслик ундан юқорироқ манфаат туфайлидир. Абу Юсуф ва Муҳаммад фикрича бу тенглик бўлмагани учун очиқча зарар бўлиб, жоиз эмас.

Қози Фахриддиннинг «Фатово»сида шундай дейилган: ота ва бободан бошқа киши аждодлари озод мусулмон кишилар бўлган ёш қизни бобоси ўша қавмга озодлик берган ёки ота-бобоси мусулмон бўлмаган, ўзи мусулмон бўлган кишига никоҳласа ва вояга етгандан сўнг никоҳни қабул қилса ҳам жоиз бўлмайди. Чунки бу содир бўлган пайтда унга ижозат берадиган киши бўлмаган никоҳдир. У мавқуф эмас ва ижозат таъсир қилмайди. Шунингдек бошқа сабабларга кўра тенглик бўлмаса, ота ва бободан бошқа кишининг никоҳи ҳуқуқий кучга эга эмас.

Маст қилувчи ичимлик ичувчи киши тенг, муносиб эмас.

Ҳанафий мазҳаби фақиҳлари маст қилувчи ичимлик ичган йигит бокира қизга никоҳланиши мумкин эмас деб ҳисоблайдилар. Шунингдек, маст қилувчи ичимлик ичадиган ота ўз қизнинг маҳрини мислидан[9] камайтириши ҳанафий мазҳаби доирасида мумкин эмаслигида ихтилоф қилмайдилар. Чунки маст кишининг ҳолатидан маълумки, у фикр юрита олмайди. Лекин солиҳ киши ўз қизини маҳрини камайтириши Абу Ҳанифа фикрича жоиз, аммо Абу Юсуф ва Муҳаммад фикрича эса жоиз эмас. Ота куёвнинг қизга тенг эмаслигини билган ва буни била туриб унга никоҳлаган, бунда унинг етти ўлчаб бир кесгани маълум бўлган ва бу шартнома қиз учун манфаатли деб ҳисобланган масала ихтилофлидир.  Бу ерда уни тенг деб ўйлаши шуни кўрсатадики, у шундай деб ўйлаган ва фикр юритмаган. Шунга ўхшаб, маст киши агар қизининг маҳрини камайтирса, жоиз эмас. Ҳушёр одам бундай қилса жоиз. Чунки маст кишининг ҳолатидан маълумки, у фикр юрита олмайди. Ҳушёр одам эса фикр юритади[10].

Хулоса қилиб айтганда, ҳанафий мазҳабига тааллуқли фиқҳий асарлардаги шаръий ҳукм ва фатволар узоқ асрлар синовидан ўтган бўлиб, у ота-она ва болаларга ўз ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда вазифаларини танитишда ажойиб дурдона асарлар сифатида қадрлидир. Айниқса, Имом Маждуддин Уструшаний ҳазратлари “Жомиъ аҳком ас-чиғор” (Бола ҳуқуқлар кодекси) асарида жилд-жилд фиқҳий китобларда сочилган болалар ҳуқуқларига тааллуқли аниқ тартиб-қоидаларни топиб, ўз давригача бўлган таниқли уламоларнинг дурдона фикрларини тўплаб, умумлаштириб, хулосалаш билан тайёр шаръий ҳукм, фатво даражасига етказиб, оғиримизни енгил қилишни мақсад этган.

Фойдаланилган манба ва адабиётлар
  1. Абул Ҳасан Мовардий. Таҳқиқ: Шайх Хизир Муҳаммад Хизр. Насиҳатул-мулук. – Б. 162.
  2. Шайх Муҳаммад Хизр Ҳусайн. Дирасат фиш-шариъатил-исламия. – Б. 98.
  3. Насоий № 93269, Ибн Можа № 1874, Аҳмад 6/136, №25043.
  4. Ал-Муҳит ал-Бурҳоний фи-л-фиқҳ ан-Нуъмоний — Бурҳониддин Маҳмуд ибн Тожиддин Аҳмад ибн Абдулазиз ибн Умар ибн Моза Бухорий (ваф. 616/1220 й.)нинг фиқҳий асари (Кашф аз-зунун. – Ж. 2. – Б. 1619).
  5. Фазлий – Абу Амр Усмон ибн Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Аби Бакр Муҳаммад ибн Фазл ибн Жаъфар ибн Ражо Асадий Фазлий Бухорий 426/1035 йили туғилиб, 508/1115 йилда вафот этган (Ал-Фавоид ал-баҳия. – Б. 238; Кашф аз-зунун. – Ж. 3. – Б.1227; ал-Жавоҳир ал-музия. – Ж.2. – Б. 515).
  6. Атаев М.Р. Исломда болалар ҳуқуқи. – Тошкент: «O‘zbekiston», 2021. – Б. 179-181.
  7. Жимоъ: Қонуний никоҳдан кейинги жинсий муносабат.
  8. Мислидан: Воқеликдаги миқдордан.
  9. Атаев М.Р. Исломда болалар ҳуқуқи. – Тошкент: «O‘zbekiston», 2021. – Б. 191/
Муслим АТАЕВ,
Ўзбекистон халқаро ислом
 академияси докторанти, PhD

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …