Home / АЛЛОМАЛАР / КАРМАНАЛИК БУЮК УЛАМО ҚОСИМ ШАЙХ АЗИЗОН

КАРМАНАЛИК БУЮК УЛАМО ҚОСИМ ШАЙХ АЗИЗОН

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўядилар. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Албатта, анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди», деганларини эшитдим, деган эканлар». (Абу Довуд ва Термизий ривоят ривоят қилганлар).

      Тарихдан маълумки, XVI асрларда бизни юртимизда жуда кўплаб ислом оламида маълум ва машҳур шайхлар, авлиё ва уламолар етишиб чиққан. Улар ўз даврининг руҳий таянч вазифасини ўтаганлар. Бизга маълумки, мафкура – маънавият шаклида ижтимоий-сиёсий ҳаёт мазмунида муҳим аҳамият касб этган. Улар орасида Бухоро хусусан, Карманалик Шайхларнинг ўрни беқиёсдир. Мовароуннаҳр сарҳадида етакчи руҳий раҳнамо Карманалик энг машҳур шайхлардан бири Ҳазрат Низомиддин Қосим Шайх Азизондир. Ул зот Яссавия-жаҳрия-султония тариқатининг XVI асрдаги пири комили бўлиб, ўша даврда фаолият кўрсатган диний арбоб ҳисобланади[1].

Марказий Осиё тарихидан маълумки, ҳар бир ҳукмдорнинг бир неча диний устози – пири бўлган. Бухоро ҳукмдори Абдуллахоннинг машҳур Жўйбор хўжаларидан бўлган пири – Қосим Шайх Азизондир. У киши XVI асрнинг йирик маънавий баркамол Шайхларидан эдилар. Жўйбор шайхлари мамлакат пойтахти Бухорода яшардилар, Қосим Шайх эса Карманада умр гузаронлик қилганлар. Қосим Шайх ХVI аср маънавий-сиёсий ҳаётида муҳим ўрин эгаллаб, шу давр мамлакат тасаввуфининг йирик намоёндаларидан бири бўлиб, у кишининг маънавий силсиласи Хўжа Аҳмад Яссавий (ХII аср) га бориб тақалади. Қосим Шайхнинг анчагина муридлари ҳам бўлган. Масалан, Самарқанд яқинидаги Ашхобод қишлоғида яшаб ўтган Ҳазрат Шайх Олим Азизон[2].

Абдуллахон мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида доир масалаларини ҳал қилишда қийналган вақтларида доимо Қосим Шайх Азизонга мурожаат қилиб турган, у киши эса шоҳга зарур маслаҳатлар қилишда ёрдам қилган. Масалан, Бухоро ҳукмдори Шайбонийзода Абдулазизхон 1550-йилда вафот этгач, шайбонийлар сулоласининг турли вакиллари ўртасида Бухоро тахти, Кармана ва Миёнқол учун кураш бошланиб кетди. 17 ёшли Абдуллахон шу мураккаб вазиятда ўзини қўллаб-қувватлаш ва кўмак беришини сўраб Қосим Шайхга мурожаат қилади. Шайх уни дуо қилиб, кўп пайт мудофаада туришни маслаҳат беради. Шундай юришлардан бири Кармана қўрғони учун бўлган 12 кунлик жанглардан сўнг Абдуллахон душман билан тинчлик сулҳи тузади ва қон тўкилишининг олдини олиб кўп кишини ўлимдан асраб қолади. Бу бевосита Қосим Шайх Азизон маслаҳати билан бўлади.

Қосим Шайх Азизон тўғрисида кўплаб тарихчи олимларимиз асарлар яратишган. Бироқ уларнинг яратган асарлари ва автобиографиялари тўлиқ ўрганилмаган.

Суюндўқ Мустафо Нуротоий “Кармана азизлари” номли китобларида Кармана шаҳрида туғилиб фаолият олиб борган ва ислом оламида ўчмас из қолдирган Шайхлар тўғрисида қимматли маълумотларни ёзганлар. Ушбу китобдан Ҳазрати Қосим Шайх Азизон таржимаи ҳоли ҳақида ҳамда тариқатда тутган ўринлари тўғрисида маълумотларни кўришимиз мумкин. Бундан ташқари китобда у кишининг ҳоллари, пир ва муридлари ҳамда у киши ҳақидаги нақлларни ўқишимиз мумкин[3].

Олмаҳон Ҳайитованинг “Карманалик буюк сиймолар ва муқаддас қадамжолар” номли китобида Шайхнинг халққа қилган яхшиликлари ҳақида шундай маълумотлар берилган. 1569-йилда Туркистон ва Самарқанд ҳукмдорлари Дабусия ва Карманани эгаллаб, Абдуллахон қушинлари билан курашни Ғиждувоннинг Ғишти яйловларида давом эттираётганларида Бухоро ҳукмдори Абдуллахоннинг қўли баланд келади ва унинг рақиблари Қосим Шайхга мурожаат қилиб, хон билан яраштириб қўйишни сўрайдилар. Шайх жангу жадаллардан мадори қуриган, босқинчилар жонига теккан аҳолига хайрихоҳ бўлиб, уларни яраштириб қуяди[4].

Қосим Шайх Азизон 1576-1577 йилларда бир-бири билан курашиб турган уч ҳукмдорни–Хоразм шоҳи Ҳожи Муҳаммадхонни, Қипчоқ даштидан Қозоқ Эшимхон ва Абдуллахонни Карманада бир кигиз устида ўтирғизиб, сулҳ тузишга эришганлиги “Абдулланома”да қайд этилган.

Қосим Шайх ҳаётида бундай ҳолатлар кўп марта бўлган. Қосим Шайх Азизон халқ манфаатларини бутун умри давомида ҳимоя қиладилар. У киши солиқчилар тазйиқига йўл қўймайдилар, мамлакат фаровонлиги, тинчлиги ва осойишталиги учун умр бўйи курашадилар.

Ҳофиз Таниш ибн Муҳаммад Бухорийнинг “Абдулланома” асарида Қосим Шайх ҳақида “ул ҳазратнинг кимёхосият хаёлларида бутун валоят жамиятини бирлаштирмоқ, турли табақадаги халқларнинг яхши кун кечирмоғи, мамлакат ва мулкнинг осойишталиги, яхшиларга ҳиммат ва илтифот кўрсатмоқ бўлган”,– дейилган сўзлар бор.

Қосим Шайхнинг “Раддишия” (Шия динини рад этиш) асари борлигини ХХ асрнинг бошида яшаган немис олими, шарқшунос Брокелман эслатади. У кишининг асари борлигини бошқалар ҳам тилга олади. У асарлар тарих қаърида йўқолган. Қосим Шайх салкам 80 ёшни қаршилаб турганларида, 1581-йилда вафот этадилар. У киши Карманада дафн этилган. 2003-йилда у кишининг туғилган роппа росса 500 йил тўлди. Қосим Шайх Азизонга атаб ўша давр шоири Мушфиқий марсия ёзган. Абдуллахон устози, пири Қосим Шайхга бўлган эътиқоднинг рамзи сифатида у кишининг тириклик пайтида 1558 йилда бу хонақоҳни қурдиради.

Қосим Шайх тўғрисидаги маълумотлар асрлардан асрларга кўчиб, бизнинг давримизгача етиб келди. Қосим Шайх тўғрисидаги маълумотлар Ҳофиз Таниш ал-Бухорийнинг “Абдулланома” (“Шараф-номайи шоҳий”), Ҳасанхўжа Нисорийнинг “Музаккирил аҳбоб”, Ҳазрат Олим Шайх Азизоннинг “Лаъмаҳот мин нафахот ул-қудс”, Муҳаммад Тоҳир Эшон Хоразмийнинг “Тазкират ул-авлиё” (“Тазкираи Тоҳир Эшон”), Сайид Муҳаммад Носириддиннинг “Туҳфат аз-зоирин” асарларида учрайди. Муҳаммад Тоҳир Эшон “Тазкира”си Қосим Шайх тўғрисида қимматли маълумотларни берибгина қолмай, шайх маънавий силсиласи давомчилари, яъни халифалари ҳақида ҳам сўз юритади.

Қосим Шайх Азизон “Маноқиб”ида ўз тилидан: “Биз тўрт силсиладан рухсат олганмиз”, дейиши, ҳар тўрттала тариқат – Кубровия, Қодирия, Яссавия, Нақшбандия шайхларидан таълим ва пирлик ижозати олганини англатади[5]. Шу сабабли ислом оламида катта шуҳрат ва обрў қозонган шайхлар қаторида бўлганликлари маълум. Қосим Шайх Азизон ҳазратлари ҳақида ёзилган асарларни кўриб чиққанимизда биз бу зотнинг сифатлари ва нақадар буюк валий зот бўлганликларини билишимиз мумкин. Хусусан, “Абдулланома”да ёзилишича: “Ул ҳазратнинг кимё ҳосият хаёлларида бутун вилоят жамиятини бирлаштириш, турли табақадаги халқни яхши кун кечириши, мамлакат ва мулкни осойишталиги, яхшиларга ҳурмат ва илтифот кўрсатиш бўлган” (2-жилд. Тошкент, 1969й, 248-бет)

Яна Ул зот илми толиблар ва муҳтожларнинг нажоткори бўлганлар. Ҳазрат ҳақида битилган нақлларда у киши ҳаттоки инсонларнинг кўнглидан ўтказган ва ўтказаётган туйғуларини биладиган валий бўлганликлари айтилган. Мавлоно Исматуллоҳ нақли билан айтилганда бу инсон “Мушаррафул-қулуб” бўлганлар. Шу сабабли бу зотнинг олдига келган илму толиблар имкон қадар хотираларини ёмон гумонлардан тийиб ўтиришга ҳаракат қилар эдилар. Чунки у киши мушаррафул қулуб яъни кўнгилни сезувчи, қалбни англовчи эдилар.

[1] С.М. Нуротоий «Кармана азизлари» Т.2010й. Б.105.
[2] О.Ҳайитова “Карманалик буюк сиймолар ва муқаддас қадамжолар” Т. 2004й. Б.33.
[3] Каранг: Суюндик Мустафо Нуротий “Кармана азизлари” Т.2010й.
[4] Қаранг: О.Ҳайитова “Карманалик буюк сиймолар ва муқаддас қадамжолар” Т. 2004й.
[5] С.М. Нуротоий «Кармана азизлари» Т.2010й. Б.109.
Нигорабону МАМАТОВА,
“Жўйбори калон” аёл-қизлар ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …