Home / МАҚОЛАЛАР / ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК – ТИНЧЛИК АСОСИ        

ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК – ТИНЧЛИК АСОСИ        

Бағрикенглик ўзбек халқи маънавияти ва маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Юртимизда нафақат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳалар, балки заминимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинади.

Бу, айни пайтда Ўзбекистоннинг барча соҳадаги ислоҳотларида ҳам ўз аксини топган. Хусусан, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши айнан диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани мамлакат Президенти ва ҳукуматининг халқаро ҳужжатларда белгиланган умуминсоний вазифаларга қаратаётгани юксак эътиборининг намунаси ҳамдир.

Глобаллашув даврида дунёда вужудга келаётган таҳликали вазият тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Дунё миқёсида кескин ғоявий курашларнинг авж олиши, турли мафкуралар тўқнашуви, демократия ёки турли диний таълимотлар шиорлари билан ниқобланган ёвуз ғояларни сингдиришга интилиш тобора кучайиб бормоқда. Хусусан, дунё хавфсизлиги ва барқарорлигига жиддий рахна солишга интилаётган экстремизм, терроризм, ақидапарастлик, гиёҳвандлик, таҳдидларнинг мавжудлиги жиддий фикрлашни талаб этмоқда. Бу борада, дунё миқёсида вужудга келаётган таҳликали вазиятлар кучайиб бораётган хавф – хатарлар, қонли тўқнашувлар, сиёсий ва иқтисодий қарама – қаршиликлар, терроризм, радикализмнинг тобора авж олиши тинчлик ва барқарорликка жиддий таҳдид солаётганлиги тобора ойдинлашмоқда. Гарчи Ўзбекистонда мустақиллик йиллари миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини сақлаш борасида изчил сиёсат олиб борилган ва бу борадаги ишлар янги давр талабларидан келиб чиқиб давом эттирилиб келинаётган бўлса-да, глобаллашув шароитида хотиржамликка берилиш асло мумкин эмас.

Замонавий давлатнинг мақсади жамиятда ҳамжиҳатлик ва барқарорликни, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборат. Зеро, мамлакатимизнинг тараққий этиши авваламбор ундаги барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитининг сақланишига боғлиқ.

Бугун кунда барчага маълумки, халқаро терроризм, радикализм, мутаассиблик, экстремизм каби муаммолар чегара билмаслиги дунё жамоатчилигини доимо ташвишга солиб келмоқда. Айниқса, дунё миқёсида экстремизм, халқаро терроризмга қарши курашда маърифатни тарғиб этиш ғояси доимо Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро миқёсдаги нутқ ва маърузаларининг бош мавзусига айланиб бормоқда.

Бу соҳадаги ташаббус ва илғор ғоялар бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан дунё миқёсида ҳам илгари сурилмоқда. Бу ҳақда фикр юритганда 2017 йил 8-9 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг cаммитида сўзлаган нутқи алоҳида ўрин тутади. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлар экан: “Давлатимиз раҳбари Афғонистондаги вазиятни тезроқ барқарорлаштириш бутун минтақамизда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди. Ўзбекистон Афғонистонда тинч ва осойишта ҳаётни тиклаш бўйича афғон халқи ва халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлаишни айтди ўтди. Шунингдек, ёшларни турли ёт ғоялардан асраш, уларнинг замонавий таълим-тарбия олиши, комил инсон бўлиб вояга етишида давлатлараро ҳамкорликнинг аҳамияти катта[1], деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилар экан: “Бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат. Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган…Биз мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон, унинг эҳтиёж ва манфаатларини таъминлашдан иборат бўлган энг муҳим устувор вазифаларни муваффақиятли амалга оширишнинг ҳал қилувчи шарти айнан шунда мужассам, деб биламиз”[2], – дея алоҳида таъкидлаб ўтган эди.

Айниқса, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Ҳелена Фрейзер томонидан билдирилган фикр эътиборга моликдир. Бу ҳақда Ҳелена Фрейзер: “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли резолюция БМТга аъзо давлатлар томонидан бир овоздан қабул қилинди. 51 давлат Ўзбекистон томонидан илгари сурилган конструктив таклиф, яъни дунёда мавжуд барча динларга нисбатан маънавий бағрикенглик маданиятини кучайтиришга доир ғояни қўллаб-қувватладилар. Чунки ушбу резолюция бағрикенглик билан бирга, маданий ва диний билимларни кучайтириш тамойилини ҳам олға сурган ҳолда, глобал тинчлик ва фаровонлик учун устувор йўналиш бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятлидир”[3], – дея таъкидлаши айниқса, юртимизда бу борада олиб борилаётган ишлар юксак даражада эканлигини яққол тасдиғидир.

“Маърифат ва диний бағрикенглик” номли резолюциянинг БМТ Бош Ассамблеясида қабул қилиниши ана шу ижобий муносабатлар натижасидир”,- дея таъкидласа, Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Амани Ал-итр хоним: “ушбу муҳим резолюцияни Миср ҳам қўллаб-қувватлади. Давлатларимиз ўртасида айни масаладаги туташ нуқта, бу – Ўзбекистон билан Мисрнинг диний тотувлик жамият барқарорлигида муҳим роль ўйнашини англаб етганидир. Резолюция ташаббускори бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ролини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим. Бу Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият олдида турган мураккаб муаммолар ечимини топишда оқилона ташаббуси бўлди”[4], – дея фикр билдириши бу борада Юртимизда амалга оширилаётган сиёсат дунё миқёсида юксак эътирофда эканлигидан далолат беради.

Минг афсуски, бугунги кунда жаҳондаги тинчлик ва барқарорликка миллатлараро ва динлараро зиддиятлар ҳамда терроризм жиддий хавф туғдирмоқда. Гарчи Ўзбекистонда мустақиллик йиллари миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини сақлаш борасида изчил сиёсат олиб борилган ва бу борадаги ишлар янги давр талабларидан келиб чиқиб давом эттирилиб келинаётган бўлса-да, глобаллашув шароитида хотиржамликка берилиш асло мумкин эмас.

Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва диний эркинлар соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар дунё миқёсида эътирофга сазовор бўлмоқда. Ўтган йиллар мобайнида “Меҳр-1”, “Меҳр-2”, “Меҳр-3”, “Меҳр-4”, “Меҳр-5” инсонпарварлик тадбирлари муваффақиятли амалга оширилиб, Яқин Шарқдаги қуролли можаролар майдонидан, Афғонистондан 261 нафар фуқаро, асосан аёллар ва болалар юртимизга қайтариб олиб келиниб, уларга зарур бўлган тиббий ва моддий ёрдам кўрсатилди.

Мана шундай бир шароитида тинчлик, барқарорликни сақлашда энг аввало, маънавият ва маърифатга эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Хулоса қилиб айтганда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қайд этганидек: “Биз маънавият ва маърифат ишини ватанпарварлик иши, виждон иши, деб биламиз. Виждони, маънавияти бор инсон Ватанни албатта яхши кўради. Виждон, маънавият дегани – халққа, Ватанга чин юракдан хизмат қилиш деганидир. Мана шундай қараш бутун халқимиз, айниқса, ёшларимиз томонидан кенг ва қизғин қўллаб-қувватланаётгани маънавий тарбиянинг нақадар долзарб аҳамиятга эга эканини кўрсатади[5]. Бинобарин, Президентимиз таъбирига кўра, “Жаҳолатга қарши – маърифат” деган фикрда катта маъно бор.

Ер юзида неча миллиардлаб инсонлар яшайди. Уларнинг турмуш тарзи ва маданияти турфа хил. Бироқ тафаккур кўзи билан қаралса, бундай хилма-хилликнинг замирида Аллоҳ таолонинг улкан ҳикмати яширин. Бинобарин, инсонлар бир-бири билан танишиб, эзгулик йўлида ҳамкорлик қилишлари, ўзаро алоқа ўрнатишлари, шунинг билан бирга заминда тинчликни қарор топтиришлари ирода қилинган. Коинот гултожи бўлган одамзод Парвардигорнинг мана шу ҳикматини тўла англаб, ҳаракат қилсагина, дунёда тинчлик, бахту саодат барқарор бўлади.

[1] ШҲТнинг Остона саммити http://uza.uz/oz/politics/sh-tning-ostona-samiti-09-06-2017
[2] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлади http://uza.uz/oz/politics/zbekiston-prezidenti-shavkat-mirziyeev-bmt-bosh-assambleyasi-20-09-2017
[3] Дунё эътироф этган ташаббус. http://www.uza.uz/oz/politics/dunye-etirof-etgan-tashabbsaus-17-12-2018
[4] Дунё эътироф этган ташаббус. http://www.uza.uz/oz/politics/dunye-etirof-etgan-tashabbsaus-17-12-2018
[5] Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи. http://uza.uz/oz/politics/prezident-shavkat-mirziyeevning-zbekiston-respublikasi-musta-31-08-2019
Зафар ХАЙРУЛЛАЕВ,
Дин ишлари бўйича қўмита мутахассиси 

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …