Home / МАҚОЛАЛАР / ҲИЖРИЙ IV АСРДА ҚАНДАЙ ҲАДИС КИТОБЛАРИ ЁЗИЛГАН?

ҲИЖРИЙ IV АСРДА ҚАНДАЙ ҲАДИС КИТОБЛАРИ ЁЗИЛГАН?

Ҳижрий учинчи аср умумисломий, хусусан, сунний илмларни китобга туширишнинг олтин даври ҳисобланади.

IV асрдаги ҳадис илми уламолари, табиийки, суннат ва унинг илмларига хизмат қилишда ўзидан олдинги алломаларга эргашган. Шунинг учун ҳам улар саҳиҳ ҳадисларни тахриж қилишда икки “Саҳиҳ”, яъни Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг шоҳ асарларидан фойдаланган. Бундай тахриж асарларига мисол тариқасида “Саҳиҳи Ибн Хузайма”, “Саҳиҳи Ибн Ҳиббон”, “Саҳиҳи Ибн Сакан” ва “Мустадракул Ҳоким”ни келтириш мумкин.

“Саҳиҳи ибн Хузайма” асари Бухорий ва Муслимнинг тўпламларидан кейинги олти саҳиҳнинг энг ишончлиси ҳисобланади.

Ибн Ҳажар Асқалонийнинг устози, муҳаддис Зайнул Ироқий бундай деган: “Саҳиҳи ибн Хузайма” мартабаси жиҳатидан “Саҳиҳ ибн Ҳиббон”дан юқори, чунки унинг тадқиқи кучлидир. Саҳиҳ ҳадислар борасида ёзилган китоблар орасида “Шайхайн” (икки шайх – Имом Бухорий ва Имом Муслим) тўпламларидан сўнг “Саҳиҳи ибн Хузайма”, кейин “Ибн Ҳиббон”, ундан сўнг “Ҳоким” (туради)”.

Суютий гўё бу сўзларни тасдиқлагандек, бундай деб айтган: “Ибн Хузайманинг тадқиқоти кучли бўлгани туфайли “Саҳиҳи ибн Хузайма” даража жиҳатидан “Саҳиҳи ибн Ҳиббон”дан юқори туради. Чунки, у ҳадисларни саҳиҳга ажратишда исноддаги озгина шубҳали нарсага ҳам тўхталиб (алоҳида эътибор бериб), ўша ҳадисни олмаган”.

Шу ўринда ҳадисларни тахриж қилиш ўзи нима, деган масалага ойдинлик киритиб олсак. Бу ҳадисни ривоят қилиш – ривоят қилганда ҳам далил ва мавзуси ривоятлар занжири билан келтирилган асл манбаларда саҳиҳлик даражаси ва маъносини кўрсатган ҳолда тахриж этиш, яъни намоён қилишдир. Асл манбалар муаллифдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қадар санади билан ривоят қилинган китоблар, масалан, “Саҳиҳул Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим” ва бошқа ҳадис асарларидир. Имом Саховий “Фатҳул муғис” асарида тахрижни бундай таърифлаган: “Тахриж муҳаддиснинг ҳадисларни қисмлар, устозлар, китоблар ва шу кабиларнинг ичидан чиқаришидир. Уларнинг мазмуни ўзининг, ё баъзи устозларининг, ёки тенгдошларининг, ёинки шунга ўхшашларнинг ривоятлари билан давом этади. Сўнг бу ҳадислар китоб ва тўплам муаллифлари орасида ривоят қилганларга нисбатланиб, ўзгаришлар ва мувофиқликлар баён қилинади”.

Тахрижнинг фойдалари қуйидагилардан иборат

– ҳадисни манбалари ёрдамида аниқ қилиб ҳужжатлаштириш;

– ҳадисни четдан кириб қолган сўзлардан муҳофаза қилиш;

– ҳадис усули, амали ва далиллари борасида қатъий туриш;

– иснодлардаги узилишлар, матнлардаги қўшимча ва камчиликларни аниқлаш.

Баъзи муҳаддислар тахриж жараёнида сунан ва аҳком ҳадислар билан чекланиб, саҳиҳ ва бошқа туркумдаги тўпламларни ўз ичига олган ҳолда, сунан аҳлининг ёндашувига эргашган. Бунга “Мунтақо Ибн Жоруд”, “Сунани Дорақутний” ва “Сунани Байҳақий”ни мисол келтириш мумкин. Имом Байҳақий ҳижрий 384 йили таваллуд топиб, 458 йилда вафот этган. Умрининг аксар қисми V асрга тўғри келса ҳам, “Сунан” тўпламлари битилган замонларга яқин бўлгани учун унинг асари IV асрда ёзилган деб ҳисобланади.

Шунингдек, IV асрда бир ҳадиснинг ўзидаги зиддиятлар ёки маъно жиҳатидан бир-бирига зид бўлган ҳадислар ва уларнинг муаммолари ҳақида ҳам талай асарлар ёзилган. Имом Таҳовийнинг “Шарҳу маонил осор”, “Мушкилул осор” ва бошқа китоблар шунга мисол бўлади. Бу турдаги асарлар ҳижрий учинчи асрда битилган Имом Шофеъийнинг “Ихтилофул ҳадис”, Ҳофиз ибн Қутайбанинг “Таъвилу мухталифил ҳадис” каби китоблар учун тўлдирувчи вазифасини бажарган.

Бундан маълум бўладики, IV асрда ҳадис илми бўйича биринчи марта икки турдаги иш амалга оширилган. Бу суннатга хизмат қилиш соҳасида янгиланиш ҳисобланади. Шу билан бирга, ҳадис олимларининг нодир хусусиятидан – уларнинг ҳар қандай даврда илм йўлида ўз тафаккури ва бор куч-ғайратини тўлалигича сарфлаш борасидаги азму шижоатидан далолат беради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига хизмат қилиш учун янги йўл ва воситаларни излаб топишдаги саъй-ҳаракатларини, бунда ҳеч қандай машаққатдан чекинмаганини, ўта аҳамиятли бўлган бундай ижодга бутун умрини бағишлаганини кўрсатади.

Бундай китобларнинг яна бир тури II ва III асрларда ёзилган Имом Шофеъийнинг “Ар-Рисола”, Имом Муслимнинг “Муқаддимату Саҳиҳи Муслим”, “Ат-Тамйиз”, шунингдек, рижол ва илал жанридаги асарларда тарқоқ бўлиб турган тамойилларни жамлаган ҳадис илмининг истилоҳ китобларидир. Улар ҳадис илмини чуқурроқ ўрганиш ва англашда талабаларга катта енгиллик ва қулайликлар берган.

Бу борадаги биринчи муаллиф Абу Муҳаммад Ромаҳурмузийдир (ваф. 360/971). Сўнг Абу Абдуллоҳ Ҳоким (ваф. 405/1014) “Маърифату улумил ҳадис” китобини ёзган. Кейин унинг шогирди Абу Наим Исфаҳоний (ваф. 430/1039) уни тахриж қилган. Шундан сўнг ҳадис истилоҳига бағишланган асарлар ёзилиши суръат билан давом этган ва кўлами кенгайиб борган.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, IV асрда саҳобаларнинг муснадларига кўра тартибга солинган Табаронийнинг “Муъжамул кабир” ва “Муъжамус сағир”, Дорақутнийнинг “Ал-Илал” каби асарлари ёзилган.

Машҳур муҳаддислар, уламолар ва уларнинг ҳаёт йўли, қолдирган илмий мероси биз учун нафақат қимматли манба, балки илмнинг машаққатли йўлида қатъият ва шижоат билан ишлаш учун ажойиб ибрат ҳамдир. Ҳадис илмининг фидойилари қаторида IV аср муҳаддисларининг ҳам бу соҳа ривожига қўшган ҳиссаси беҳад каттадир. Уларнинг илмий мероси ҳозиргача ўрганилиб келмоқда.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

“ҲИЗБУТ ТАҲРИР” ДАЪВОЛАРИГА РАДДИЯЛАР (Халифалик борасида)

Бугунги кунда ўзларини аҳли сунна вал жамоа таркибида деб даъво қилиб, ислом давлатини барпо этишга …