Home / АЛЛОМАЛАР / ИМОМ ЛАКНАВИЙ ЯШАГАН МУҲИТ

ИМОМ ЛАКНАВИЙ ЯШАГАН МУҲИТ

Маълумки, яшаб турган муҳити кишининг жамиятда ўз ўрнини топишида, ҳаётдаги интилиш ва мақсадларини белгилашида катта ўрин тутади. Айниқса, Аллоҳ йўлига ҳаётини бағишлаган илм аҳллари, фазилат соҳиблари, яхшилик эгалари учун ижтимоий муҳит алоҳида аҳамият касб этади. Чунки, улар бу дунёда фақат Аллоҳ таолонинг розилигини истаб ҳаракат қилади. Гувоҳмизки, улар ҳамма вақт яшаб турган жамиятини Аллоҳ таоло берган ақл, илм ва яхшилик билан ислоҳ қилишга интилган.

Жумладан, Абдулҳай Лакнавий яшаган ижтимоий муҳитдан таъсирланган ва барча уламолар каби унга ўз таъсирини ўтказган. Унинг баъзи илмларда пешқадам ва эътиборли бўлиши бошқалар орасидан ажралиб чиқишига, замонасидаги фирқалар орасидан тўғри йўлни танлаши ва кўп ишларда жамият учун катта фойда келтиришига сабаб бўлган. Аллома саъй-харакатларининг аҳамияти шундаки, у замонасидаги инсонлар учун муҳим бўлган ишлар устида матонат билан турган ва ҳар бир ҳаракатида жамият аъзоларининг ҳолатини эътиборга олиб, уларга муайян чегаралар доирасида таъсир қилиш чораларини кўрган.

Абдулҳай Лакнавий ўз асарларида замонасидаги мусулмонларнинг салбий ҳолатлари ва ислом шариатига зид бўлган ишларини кўп марта зикр қилиб ўтган. Жумладан, одамларнинг кўпчилиги ислом таълимотидан узоқлашган, улар орасида бидъат ишлар кенг ёйилган, кўпчилик ишни эгасидан бошқага топширар, олим билан жоҳил ажратилмас, жоҳиллар қадрланар эди. Имом Лакнавий бу ҳолатдан шикоят қилиб бундай деган: “Бу замонда жоҳиллик, зўравонлик, адашиш ва ҳаддан ошиш кенг ёйилганидан одамлар ислом қонунларини билмаганни фақиҳ, илми йўқни зиёли, деб қаттиқ ишонди. Жоҳилларни фуқаҳо мартабасига кўтариб, улардан фатво сўради. Оқибатда улар ҳалққа фатволар бериб, ўзлари ҳам адашди, одамларни ҳам адаштирди”.

“Ҳасратул олам” асарида аллома мана бу сўзларни айтган: “Мусулмонлар бидъат амални суннат деб қабул қилиб, уни маҳкам ушлаб олди ва суннат амални бидъат деб, уни тарк қилди”.

Бу жоҳиллик натижасида Ҳинд диёридаги мусулмонлар орасида фасод уруғи ёйилиб, бир неча фирқа пайдо бўлди. Улар қуйидагилар:

  1. Ақли қотиб қолган тақлидчилар. Улар бундай даъво қилади: “Биз эътиқод қилган мазҳабнинг вазни фиқҳдаги асл ва фуруъ масалаларнинг барчасидан оғир келади. Ундаги барча масалалар жароҳатдан покдир”.

Бу фирқадагилар ўз йўлини тўғри билиб, шариат қонунларини сохталаштирган. Бошқаларнинг тўғри фикрларини қабул қилмасдан, ўз қарашларида қотиб қолган. Булар ҳақида Имом Лакнавий “Имомул калом” асарида бундай фикр билдирган: “Улар шариат илмлари денгизига шўнғиди. Аммо масалалардаги қарашларини тия олмади ва кўзларини очмади. Оқибатда тафаккурига келган нотўғри назарияда қотиб қолиб, ҳақиқатни тан олмади”.

  1. Ҳадиснинг зоҳирига амал қилувчилар. Улар ҳам шариат илмларига ғайрат билан киришди. Бироқ илмнинг дур-садафларига етиб боролмади. Ҳадиснинг зоҳиридаги маънони ҳукм қилиб олиб, ўз фикрларини юқори қўйди. Аҳли сунна вал жамоа йўлини хатога чиқариб, мусулмонлар орасида кўп ихтилофлар келтириб чиқарди. Қадамлари тўғри йўлдан тойди ва улар тартибли ишга муяссар бўлмади. Улар ҳақида Абдулҳай Лакнавий мана бу сўзларни айтган: “Улар машҳур мазҳабларнинг биноларини бузишга ҳаракат қилди ва эргашилган буюк имомлар ҳақида ҳақоратли сўзларни айтди”.

Юқоридаги икки фирқа ўртасида катта тортишувлар юзага келиб, уммат ичида низолар келтириб чиқарди. Мусулмонлар орасида бирдамликка путур етди. Улар койишга, таъзир, адаб ва танбеҳ беришга мустаҳиқдир. Имом Лакнавий уларнинг ишини қоралаб, бундай деган: “Иккисининг бири тақлидда қотиб қолиш, бошқаси фосид гумон ва бузуқ фикр билан адашди. Улар фойдаси йўқ, балки зарари кўп нарсаларда тортишди, аҳамиятсиз мавзулар бўйича баҳслашди. Бири иккинчисини куфрда, адашишда, фосиқликда ва жоҳилликда айблади ва ўзини тўғри амал қилувчи деб ҳисоблади”.

  1. Ўрта йўлни тутганлар. Бу йўлдагилар мужтаҳидлардан мерос қолган фиқҳий масалаларни ва келтирилган далилларни олишда ўрта йўлни тутди. Улар ақлни нақлдан олдин қўймасдан ва тортишувнинг чеккасига ҳам бормасдан салаф солиҳларнинг йўлидан юрди.

Ҳанафий мазҳабини маҳкам тутган бу тоифани Абдулҳай Лакнавий ҳам ихтиёр қилган. Аммо у мужтаҳид даражасига етгач, устозларининг йўлига хилоф бўлса-да, ўзида кучли далил топган масалада ижтиҳод қилиб, фатво берган. Шогирди Абдулбоқий бундай деган: “Баъзилар устозимни мазҳабни тан олмасликда айблайди. Бироқ у кўр-кўрона тақлид қилишни бидъат ва залолат атарди. Ибн Таймийя (661/1263-728/1328) ва унга эргашганларнинг мазҳабини тутмади. У мантиқ фанининг имоми, наҳв ва луғат илмининг билимдони Абдулҳақ ибн Мавлавий (ваф. 1318/1900), форс ва араб тиллари олими Муҳаммадбашир Саҳсавоний (1254/1838-1323/1905) ва Наввоб Сиддиқ Ҳасанхон (1248/1832-1307/1889) билан мазҳаб масалалари бўйича баҳслашар ва ғалаба устозим томонда бўларди”.

  1. Жоҳил обидлар фирқаси. Имом Лакнавий “Ал-Осорул марфуъату фил аҳодисил мавзуъат” асарида бу фирқа жоиз бўлмаган ишларни маҳкам тутиб олганини очиқ-ойдин айтиб, унинг аъзоларига бундай раддия берган: “Улар илм билан шуғулланмасдан, бутунлай бидъатга берилиб кетган. Бу ишларини яхшиликлардан деб ҳисоблайди. Шайхи уларнинг кўпчилигига саҳиҳ ривоятлар билан собит бўлган нафл намозни эмас, балки махсус тартибда бошқача намоз ўқишни ўргатган. Нафл ибодатларни фарз даражасига кўтариб олган. Намоздаги ракатларнинг ададларини ҳам шайхи белгилаб беради. Аслида намозхон нафл намоз ракатлар ададини белгилашда ихтиёрлидир. Улар шайхи буюрган вазифани сўзсиз бажариб, бунда ялқовлик қилмайди. Шайхи тайин қилган ҳар бир ишни Пайғамбар алайҳиссаломдан деб билади”.
  2. Худосизлар ва инкор қилувчилар. Улар зоҳирда ислом динининг тарафдори ўлароқ кўринса-да, аслида динни бузувчилар бўлган. Бу тоифанинг бошлиғи Саййид Аҳмадхон (ваф. 1316/1898) бўлиб, унга эргашганлар фаришталар, жинлар, руҳлар, Аллоҳнинг арши ва курсиси, жаннат ва дўзахнинг борлигини, қабр азоби ва қайта тирилишни инкор қилади. Буларнинг барчасини тўқима деб айтади. Абдулҳай Лакнавий бундай деган: “Саййид Аҳмадхон Қуръонга тафсир ёзиб, унинг маъноларига бузуқ фикрларни киритди. Улар Аллоҳ таоло куфр келтирмаган мушрикни азобламайди, Исо ибн Марям Юсуф Нажжорнинг ўғли бўлиб, отасиз туғилмаган, деб даъво қилади. Ароқ ичиш, зино қилиш ва бошқа гуноҳларни ҳалол санайди. Қуръон ва ҳадис маъноларини нотўғри талқин қилиб, соф шариатни англамайди”.

Абдулҳай Лакнавий бу фирқанинг ақидаларини ўзининг “Тадвирул фалак би ҳусулил жамоати бил жинни вал малак” (Фаришта ва жинлар жамоаси билан фалакнинг ҳаракатга келиши) китобида баён қилган. Аллома асарда фаришта ва жинларнинг борлигига далил келтирмаган. Зеро, уларнинг мавжудлиги ислом эътиқодида зарурат юзасидан собитдир. Лекин улар билан ҳосил бўладиган ишлар ҳам борки, у жамоатдир.

Имом Лакнавий мулҳидлар ва аҳли зоҳирни бу фирқаларнинг энг ашаддийси деб ҳисоблаган. Фасодлари ёйилиб кетганининг сабаби ўша кезлари исломда улардан ҳимоя қиладиган куч қолмаганид эди.

Аллома айтади: “Улар Ҳинд диёридан бошқа юртларда ҳам тарқалиб, мусулмонлар орасида низо ва қарама-қаршиликларни келтириб чиқарди. Ислом шариатидаги усул ва фуруъ масалаларига тўлиқ хилоф қилди. Аллоҳ таолога “Ислом ғарибликдан бошланиб, тезда ғарибликка қайтади. Ғарибларга жаннат бўлсин”, деб илтижо қилиш ва ёлворишдан бошқа йўл қолмади”.

Бу бузғунчилар исломнинг илк даврларида ҳам бўлган. Уларни миллат устунлари ва уммат султонлари адолат қиличлари билан қаршилаб, бутунлай йўқотиш учун қатъий жазо тайин қилган. Фитналари ҳалок бўлиш билан тўхтаган. Кейинчалик ислом диёрларида исломнинг руҳи сусайган даврда фитналар яна авж олди ва мусулмонлар яна зиддиятлар гирдобида қолди.

Абдулҳай Лакнавий жумҳур уламолар тутган йўл устида уларга хилоф қилганларга раддия берган ҳолда шахдам қадамлар билан юрди. Аммо жумҳур уламолар йўлидан чиқувчиларнинг жуда кам қисми унинг фикрларини тўғри деб топди. Шу сабабли Имом Лакнавий улар кариҳ кўрган нарсага раддия бериб, “Зиёрату қабри Расулиллаҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам” рисоласини ёзди.

Шу тариқа ислом умматининг баъзи илмлардан бехабар қолиши ёки озгинаси билан чекланиши мусулмонларнинг аҳволи ёмонлашишига, низоларнинг кўпайишига, хусуматчилар ўртасида жанжаллар келиб чиқишига сабаб бўлди. Тарих илмидан хабардор бўлиш бизга ўтмишдаги аччиқ қисматларни эслатиб туради, ўтган уламоларнинг ҳаёти ва фаолиятини, улар ўртасидаги рақобат ва баҳсларни ўрганишга ундайди. Булар бугунги авлод учун ўзига хос насиҳат бўлиб, ўрни келганда, ибрат ва ўрнак бўлади, тўғри йўлдан адашмаслик учун пойдевор вазифасини ўтайди.

Отабек БАХРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …