Home / ЯНГИЛИКЛАР / МУҚАДДАС КИТОБГА МУФАССАЛ ШАРҲ

МУҚАДДАС КИТОБГА МУФАССАЛ ШАРҲ

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Ҳилол нашр” матбаа нашриёти ҳамкорлигида Имом Бухорий қаламига мансуб “Саҳиҳи Бухорий”асарининг ўзбек тилидаги шарҳи китоби тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда янгиланаётган Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар силсиласида Имом Бухорий ҳаёти ва меросини ўрганиш, уларни тадқиқ ҳамда тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Улуғ алломаларимиз, жумладан, Имом Бухорийнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифатли ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис илми мактаби ҳамда Тошкентда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2021 йилда буюк муҳаддиснинг табаррук зиёратгоҳини янада обод, шукуҳли ва маҳобатли қилиш бўйича кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди.

Имом Бухорийнинг ҳадис илми борасидаги бой илмий-маънавий тажрибаси юртимизда ислом цивилизациясига муносиб ҳисса бўлиб қўшилган. Олимнинг “Саҳиҳи Бухорий” номи билан шуҳрат қозонган, улуғ асар — “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”) китоби мусулмонларнинг кўпчилиги, уламолар томонидан Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб сифатида эътироф қилинган.

— Юртимизда “Саҳиҳи Бухорий” ўзбек тилига бир неча бор таржима этилган, — дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов. — Уларда ҳадисларнинг шарҳ ва изоҳлари қарийб йўқ даражада, фақат айрим ўринларида жуда кам ва қисқа шаклдаги изоҳлар мавжуд. Янги нашрда “Саҳиҳи Бухорий”ни тўлиқ ва муфассал изоҳлашга эътибор берилди. Асар матнларининг қуруқ таржималарини тушуна олмаган омма орасида, хусусан, ёш авлод ўртасида ҳар хил баҳс-мунозаралар, тортишувлар юзага келаётгани сир эмас. Дунё олимлари билан ҳамнафас бўлиш, улар каби “Саҳиҳи Бухорий”ни ёзилгани каби ўрганишда ҳам бугунги ўзбек халқининг ҳиссаси борлигини кўрсатиш, мазкур манбанинг асл ҳақиқатлари, сирлари ва яширин дурларини бутун жаҳонга намоён этиш ҳамда мусулмон уммати ва ёшларни соф исломий ақида, покиза мазҳаб, тоза одоб-ахлоқли бўлишларига тарғибот қилиш мақсадида ушбу кўп жилдлик шарҳ вужудга келди. Мазкур шарҳ муҳаддислар султонининг ҳаёти ва ижодини, унинг энг саҳиҳ ҳадислар тўпламини ҳар томонлама, пухта ўқиб-ўрганишга, у ҳақда муфассал тасаввур ҳосил қилишга имкон беради. Зотан, уни яратишда юзлаб қўлёзма, тошбосма ва замонавий манбалардан фойдаланилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов сўзга чиқди.

Дилшод КАРИМОВ,
Манба: “Халқ сўзи” газетаси 2022 йил 30 ноябрь, 257(8319) сон

Check Also

ОКСФОРДДАГИ ЎЗБЕКИСТОНГА ОИД ХАЗИНАЛАР

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация аъзолари Буюк Британияда бўлиб ўтаётган ҳақ …