Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАРКАЗ ЯНГИ НАШРЛАРИ ТАҚДИМОТИ БЎЛИБ ЎТДИ

МАРКАЗ ЯНГИ НАШРЛАРИ ТАҚДИМОТИ БЎЛИБ ЎТДИ

Самарқанд шаҳар А.С.Пушкин номидаги Самарқанд вилоят ахборот-кутубхона маркази фаоллар залида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ш.Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети  ҳамкорлигида “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ҳамда Марказ томонидан чоп этилган Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг 30 жузи, Абд ибн Ҳумайд Кешийнинг “Муснади Кеший” асарлари ҳамда “Буюк алломаларимиз” ҳақидаги халқчил рисола ва “10 та ҳақиқат” плакатлари тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда Марказ директори ўринбосари О.Муҳаммадиев, бўлим бошлиғи Т.Эвадуллаев, илмий ходимлар, Самарқанд давлат университети раҳбарияти, кимё факультети декани С.Тиллаев, факультет профессор-ўқитувчилари, тьюторлар ва талабалар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда ёшларнинг илм олишлари учун яратиб берилган кенг имкониятлар, таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътибор хусусида сўз бориб, турли таҳдидлардан сақланишнинг ягона йўли маърифат экани алоҳида таъкидланди.

Маърузачилар томонидан илм ва маърифат ҳақидаги ҳадислардан намуналар келтирилди ҳамда буюк мутафаккирларимиз бой илмий-маънавий меросини асл ҳолатида ўрганишнинг бугунги кундаги юксак аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, иштирокчиларга бугунги глобаллашув жараёнида ёшларда ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни кучайтиришга бўлган доимий эҳтиёж нуқтаи-назаридан келиб чиқиб, илм ва маърифатнинг юксак аҳамияти борасида ҳаётий мисоллар асосида тушунчалар берилди.

Мулоқот сўнгида фаол иштирок этган талабалар муносиб тақдирланиб, университет кутубхонасига Марказ томонидан нашр этилган буюк алломаларимиз ҳақида маълумот берувчи деворий плакат ва рисолалар тўплами cовға қилинди.

Тадбир қизғин савол-жавоблар асосида самимий руҳда ўтди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тасаввуф – йирик ижтимоий воқелик сифатида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон …