Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ўзбекистон делегацияси Макка шаҳридаги «Fairmont Makkah» минорасидаги Астрономия музейи фаолияти билан танишди

Ўзбекистон делегацияси Макка шаҳридаги «Fairmont Makkah» минорасидаги Астрономия музейи фаолияти билан танишди

Амалий ташриф билан Саудия Арабистонида бўлиб турган Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Макка шаҳридаги «Fairmont Makkah» минорасидаги Астрономия музейи фаолияти билан танишди.

Музей дунёвий ва диний билимларни ўзида мужассам этган, шунингдек,  мавжуд экспонатларда астрономия олами ва Қуръонда келтирилган оятларнинг қиёсий таҳлили ўз аксини топган.

Тарихий мажмуа тўрт қаватдан иборат бўлиб, 600 метр баландликда жойлашган. Музейда сайёҳлар галактика моделлари ва астрономия мавзусидаги экспонатларни томоша қилишлари мумкин. Шунингдек, музейнинг томоша майдончасидан «Каъба» зиёратчиларини юқоридан кўриш имконияти ҳам мавжуд.

Шуниси эътиборга лойиқки, Макканинг соат минораси дунёдаги энг баланд бино бўлиб, «Биг Бен» деб номланувчи Вестминстердаги Лондон минорасидан ҳам баланддир.

Минора соати 100 миллион элементдан иборат шиша мозаика билан қопланган бўлиб, у ёмғир ва шамолдан ҳимоя қилинади.

Ўзбекистон делегацияси музей архитектураси ва экспонатлари билан яқиндан танишиб, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасидаги янги музейда ҳам галактика моделлари ва астрономия мавзусида фото ва видео контент яратиш ғоясини илгари сурди.

Ўзбекистон делегацияси учун Саудия томони Ҳиро маданият мавзесини намойиш этди. Ушбу мавзе Саудия томонидан янги амалга оширилаётган лойиҳа бўлиб, ушбу ҳудуд «Ташриф буюрувчилар маркази», «Қуръони Карим музейи», «Маданий кутубхона», «Сур тоғидаги Ваҳий музейи», «Саудия қаҳваси музейи», «Ҳиро боғи» ва турли савдо дўконларини ўз ичига олади.

«Қуръони Карим музейи» Маккада Ҳиро тоғи ёнида жойлашган ва Қуръони Каримга ихтисослашган биринчи мажмуа ҳисобланади. Музей Аллоҳнинг Китоби билан таништиради ва Қуръоннинг мусулмонлар ҳаётига сезиларли таъсирини намойиш этади. Бу ерда, шунингдек, қатор замонавий технологиялар ва ўзига хос осори-атиқалар, Қуръони Каримнинг энг бебаҳо қўлёзмалари тўплами мавжуд.

«Ваҳий» музейида эса кутиб олиш зали, пайғамбарлар ва ваҳий павильони, Муҳаммад (С.А.В) пайғамбарга бағишланган бўлим, Ҳиро ғори павильони, Ҳиро ғорининг реал модели, мўминларнинг онаси бўлмиш Хадича она ҳақидаги хона, фаришта Жиброил павильони жойлашган.

Музейнинг барча бўлинмаларида интерактив усулда намойиш этувчи аудио-визуал мониторлар мавжуд бўлиб, улар пайғамбарларга ваҳий келиши, хусусан, Муҳаммад (С.А.В)га нозил қилинган ваҳий қиссаси ва уларнинг сийратлари тўғрисида ҳикоя қилади.

«Саудия қаҳваси музейи»да Саудия Арадистони маданиятининг асосий таркибий қисми бўлган ҳамда меҳмондўстлик ва сахийлик рамзи ҳисобланган Подшоҳликнинг ўзи хос қаҳваси намойиш этилади. Бу ерга келган зиёратчилар Саудия Арабистонининг турли минтақаларида «Саудия қаҳваси»ни тайёрлашда ишлатиладиган турли ингредиентлар ва усуллар билан яқиндан танишишлари мумкин.

«Ҳиро маданият мавзеси» лойиҳаси орқали Саудия Арабистони Ҳукумати Подшоҳликнинг тарихий маданиятини дунё ҳамжамиятига намойиш этишга катта аҳамият бераётгани қайд этилди.

Манба: «Дунё» АА 

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …