Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказ директори Туркиядаги йирик симпозиумда

Марказ директори Туркиядаги йирик симпозиумда

11-13 ноябрь кунлари Туркиянинг Денизли шаҳридаги Памуккале университетида “XXI асрда ёшлар ва имон масалалари: тавофутлар” мавзусида Халқаро симпозиум бўлиб ўтди.

Университетнинг илоҳиёт факультети ва ислом илмлари институти томонидан ташкил этилган симпозиум ишида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов иштирок этиб, тегишли шўъба йиғилишида “Янги Ўзбекистонда ёшларга қаратилган эътибор ва яратилган шарт-шароитлар” мавзусидаги маъруза қилди.

Маърузачи нутқида Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли амалий тадбирлар хусусида сўз олиб, кейинги йилларда ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялашга оид шакллантирилаётган тизим ҳақида маълумот берди. Нутқда, шунингдек, мамлакатимизда фаолиятининг асосини аҳолининг ёшлар қатлами ташкил этувчи давлат ва нодавлат ташкилотлар, ёш авлоднинг жисмонан соғлом ўсиши, сифатли таълим олиши ва ҳар томонлама баркамол шахс бўлиб вояга етишини таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва мутолаага қизиқишини кенг қўллаб-қувватлашга қаратилган “беш муҳим ташаббус” доирасидаги самарали ишлар тилга олинди.

Нотиқ Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асослари билан бирга белгиланган вазифаларни молиялаштириш манбалари, фаолиятнинг мазкур йўналишига тегишли эришилган ютуқ ва кўрсаткичлар ҳамда давлатимиз томонидан ёшлар масаласида халқаро даражада илгари сурилаёган ташаббуслар ҳақида тўхталди.

Симпозиум ниҳоясида Ш.Зиёдовга ташкилотчиларнинг тегишли сертификати топширилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Матбуот хизмати

Check Also

«Синергетика-3: маънавий мерос» номли китоб тақдимоти ўтказилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот …