Home / ЯНГИЛИКЛАР / Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига меҳмонлар ташрифи

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига меҳмонлар ташрифи

Бугунги кунда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган улкан ишлар нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам юксак эътибор билан таъкидланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 27 мартдаги ПҚ-2855-сон қарори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Ушбу муҳташам Марказ нафақат юртимизда, балки жаҳондаги энг улуғ илм-маърифат масканларидан бири бўлди.

 Марказ сўнгги меъморчилик ютуқлари асосида шарқона бунёд этилган бўлиб, моҳир усталар томонидан пештоқ ва равоқларга ишланган безаклар ҳамда ранглар уйғунлиги бинони янада улуғвор кўрсатиб туради. Бинонинг кириш ва ичкари қисми ҳам моҳир мутахассислар томонидан нозик дид ва маҳорат билан ишланган. Айниқса, безаклар нафислиги киши эътиборини ўзига тортади. Музейда сақланаётган нодир қўлёзма асарлар, ноёб экспонатлар инсонни улуғворликка, аждодларга муносиб авлод бўлишга ва боболаримиздан фахрланиш туйғусини ҳис қилишга ундайди.  Музей деворий суратларида эса ўша давр ҳаёти ва илмий муҳити тасвирлангани ҳар қандай кузатувчини бирдек диққатини тортади.

15-январ куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси Самарқанд вилояти кенгаши девони раҳбари, кенгаш аъзолари ҳамда улар ташаббуси билан Самарқанд шаҳар 10-сон Меҳрибонлик уйининг 35-нафар тарбияланувчилари ташриф буюрди. Дастлаб меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари Марказ биноси кириш қисми пештоқларига битилган ёзувлар билан танишиб, Марказ биносининг асосий фойесида уларга Марказнинг ташкил этилиши ва фаолияти ҳақида ҳамда буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси тўғрисида маълумотлар берилди. Шундан сўнг меҳмонлар Марказ музейига таклиф этилиб, илмий ходимлар томонидан музейдаги қўлёзма асарлар, нодир экспонатлар ва девордаги тасвирлар билан  яқиндан таништирилди.

Айниқса, уларда буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий сафарлари акс эттирилган деворий суратлар катта таассурот уйғотди. Меҳмонлар илмий тадқиқотчилар учун ажратилган хоналарни ва уларга яратилган имкониятларни кўриб, хоналар жиҳозлари, моддий ашёларини тартиб ва нозик дид билан жойлашганлиги ҳамда меъморчилик ишларига юқори баҳо бердилар.

Марказ кутубхонасида сақланаётган нодир қўлёзма ва тошбосма асарларни улар катта қизиқиш билан томоша қилдилар. ЎзМТДП вилоят кенгаши девони раҳбари А. Солиев “Саодат асри ривоятлари” (“Саҳобадан қолган ўгитлар”) ва “Ислом энциклопедияси” номли китобларни Марказ кутубхонасига совға қилди. Марказ маъмурияти ташриф ва ташаббускорлиги учун ЎзМТДП вилоят кенгашига ўз миннатдорчилигини билдирди.

 Диний-маърифий тадбирлар бўлими
 илмий ходими:            Ж. Жумаев

Check Also

Семинар мунозаралар майдонига айланди

Бугун, 2 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат …