Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Форум тадбирлари Ўзбекистонда зиёрат туризмини янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутади

Форум тадбирлари Ўзбекистонда зиёрат туризмини янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутади

Аввал хабар берганимиздек, Самарқанддаги «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетида “Халқаро зиёрат туризми” ҳафталигига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Самарқанд вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ва мутахассислари ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов иштирокида ташкил этилган матбуот анжуманида республика, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, босма, электрон ва интернет нашрлари ходимлари қатнашди.

Матбуот анжуманини Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазири маслаҳатчиси Темур Мирзаев очиб, мамлакатимизда ҳафталикни ўтказишдан мақсад юртимизнинг зиёрат туризми салоҳиятини янада ошириш, бу борада олиб борилаётган тарғибот ишлари самарадорлигини кучайтириш орқали Ўзбекистонни жаҳон цивилизациясининг муҳим марказларидан бири сифатида танитиш, жаҳон ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар томонидан юксак эътирофга сазовор бўлиш, шунингдек, зиёрат туризми хизматларини диверсификация қилиш ва туризм экспортини оширишдан иборат эканини таъкидлади.

Мирзаев, шунингдек, бугунги кунда юртимизда туризм соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самаралари ҳақида тўхталди ҳамда эришилган ютуқ ва натижалар хусусида маълумот берди.

Вилоят ҳокими ўринбосари – Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи Рустам Қобилов ҳафталик тадбирлари айнан мамлакатимизда маданий мерос объектлари сони бўйича етакчи ўринларда бўлган Самарқандда бошланаётганининг моҳияти ҳақида гапирди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ҳафталик доирасида ташкил этиладиган “Марказий Осиё – Ислом санъати ўчоғи” мавзусидаги халқаро форумнинг аҳамияти ҳамда ундан ўрин олган кўплаб тадбирлар хусусида маълумот берди.

Форум доирасида ўтказиладиган Қуръони каримнинг Ўзбекистон фондларида сақланаётган қадимий нусхалари” мавзусида халқаро кўргазма, Мовароуннаҳрда китобат маданияти” мавзусида ислом амалий санъати турлари бўйича фестиваль ва савдо ярмаркаси ҳамда “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштириш масалалари” мавзусида халқаро конференция, шунингдек, Халқаро ислом хаттотлик кўргазмаси, Араб каллиграфияси бўйича маҳорат дарси ва ислом санъатига оид давра суҳбати, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан тайёрланган “Катта Лангар Қуръони: кеча ва бугун” лойиҳаси тақдимоти тадбирларининг аҳамиятли жиҳатлари ҳақида сўз юритилди.

Ҳафталик ва унинг доирасида ўтказилаётган Халқаро форум ташкилотчилари журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб қайтарди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот маркази

Check Also

Тасаввуф – йирик ижтимоий воқелик сифатида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон …