Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Хориждаги етакчи университетлар, илмий марказлар ва бошқа ташкилотларда кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий соҳа, давлат бошқаруви ва иқтисодиёт устувор тармоқларининг юқори малакали мутахассисларга бўлган ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2019 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси дастурларига мувофиқ кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш учун номзодларни танлов асосида саралаб олиш схемаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилансинки, кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш учун номзодларни танлов асосида саралаб олиш вазирликлар ва идораларнинг мақсадли буюртмалари асосида Жамғарма маблағлари (кейинги ўринларда – Жамғарма стипендиялари) ҳисобидан қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилади:

таълим;

фан ва илмий тадқиқотлар;

соғлиқни сақлаш;

давлат бошқаруви;

иқтисодиётнинг истиқболли тармоқлари.

3. 2019-2021 йилларда Жамғарма стипендиялари ҳисобидан кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш дастурлари бўйича ўқишга юбориладиган кадрларнинг прогноз миқдори 3-иловага мувофиқ 4 000 ўриндан кам бўлмаган миқдорда, Жамғарма стипендияларига ажратилган умумий ўринларнинг 20 фоизидан кам бўлмаган миқдорини магистратура ва докторантурада ўқиш учун ажратилиши маъқуллансин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

а) вазирликлар ва идоралар ҳар йили 1 августга қадар:

Жамғарма дастурлари бўйича хориждаги етакчи университетлар, илмий марказлар ва бошқа ташкилотларда кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказишга буюртмалар портфелини шакллантиради;

кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказишнинг устувор йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича таклифларни Жамғармага киритади, шунингдек, энг яхши тайёрланган номзодларни Жамғарманинг танловида иштирок этишлари учун тавсия қилади;

б) Жамғарманинг Васийлик кенгаши:

Жамғарма стипендияларини олиш учун йўналишлар бўйича номзодларни танлов асосида саралаб олиш юзасидан кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказишнинг устувор мутахассисликларини тасдиқлайди;

номзодларни танлов асосида саралаб олишнинг тегишли даражаси ва сифатини таъминлаш мақсадида танлов йўналишлари бўйича ажратилган ўринларни қайта тақсимлаш бўйича қарорлар қабул қилади.

5. Жамғарманинг Васийлик кенгашига:

кўзда тутилган лимитлар доирасида Жамғарма стипендиялари йўналишлари бўйича ўрнатилган тартибда қўшимча танловларни эълон қилишга;

алоҳида вазирлик ва идоралар ходимлари касбий фаолиятининг зарурати ҳамда ўзига хос жиҳатларидан келиб чиққан ҳолда Жамғарма стипендияларига номзодларни танлов асосида саралаб олиш йўналишларига ўзгартиришлар киритишга;

халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингига кўра жаҳондаги энг яхши 500 талик ёки танланган фан йўналиши бўйича энг яхши 200 талик рўйхатига кирган хорижий таълим муассасалари ва илмий марказларнинг магистратураси ёки докторантурасига мустақил тарзда кирган ва таълим олаётган Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига Жамғарма стипендияларини ажратиш бўйича қарорлар қабул қилишга;

Жамғарма харажатлари параметрларида хорижий ҳамда маҳаллий таълим ва илмий муассасалари билан биргаликда ташкил этиладиган таълим ва тадқиқот лойиҳаларини, шу жумладан, Жамғарма стипендияларига номзодларни хорижий тилларга ўқитиш дастурларини молиялаштириш учун зарур маблағларни кўзда тутишга рухсат берилсин.

6. Вазирлик ва идоралар икки ҳафта муддатда 2019 йил учун ажратилган ўринлардан келиб чиқиб, хорижда кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказишнинг устувор йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича асосланган таклифларни Жамғармага тақдим этсин.

Жамғарма Васийлик кенгаши икки ой муддатда Бир номзодга ажратиладиган Жамғарма стипендиясининг чегаравий ўлчами ва молиялаштириш тартибини белгилаш тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

Жамғарма, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда 2019 йилнинг 1 мартига қадар Жамғарма стипендияларини олишга номзодларни, айниқса, республика ҳудудларида хорижий тилларга ўқитишнинг махсус дастурларини ишлаб чиқсин;

2019 йилнинг 1 апрелидан бошлаб Жамғарма стипендияларини олишга номзодларни хорижий тилларга (инглиз, немис, француз ва бошқалар) ўқитиш махсус дастурлари асосида мақсадли курсларни ташкил этиш чораларини кўрсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 сентябрдаги ПФ-5545-сон Фармонида кўзда тутилган манбалар билан бир қаторда Жамғарманинг хорижда кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш қисми бўйича харажатларини молиялаштиришнинг қўшимча манбаси этиб белгилансин.

9. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси:

2019 йилда Жамғарма дастурлари бўйича хорижда кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказишни молиялаштириш учун 3 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратсин;

Жамғарманинг асосланган талабномалари бўйича хорижда кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш харажатларини молиялаштиришни таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси:

Ўзбекистон Республикаси номидан тузиладиган инвестицион битимларга инвесторларнинг инвестициялари объекти бўлган ташкилотлар учун хорижда кадрларни (мутахассисларни), шу жумладан, Жамғарманинг таълим дастурлари бўйича ўқитиш йўли билан тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказишни молиялаштириш бўйича мажбуриятлари киритилишини амалиётга татбиқ этсин;

Жамғарма ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Жамғарма дастурлари доирасида хорижда кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказишни молиялаштириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молиявий ташкилотларининг узоқ муддатли грант маблағларини жалб этиш масаласини ишлаб чиқсин ва натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклифларни киритсин.

11. Жамғарма хорижда таълим оладиган стипендиатларнинг дастлабки миқдорини аниқлаб, кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича аниқ таклифларни бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига киритсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан биргаликда Жамғармага қуйидаги масалалар юзасидан кўмак берилишини таъминласин:

халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатлар давлат тузилмалари ва нодавлат ташкилотлари билан алоқа ўрнатиш ҳамда уларни кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилиш;

республика мутахассисларини хориждаги етакчи университетлар, илмий марказлар ва бошқа ташкилотларда тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказишга юбориш;

ҳамкорлар излаш ҳамда Жамғарма стипендиатларини ўқитиш учун хорижий мамлакатлар етакчи университетлари ва илмий марказлари билан ҳамкорлик тўғрисида тегишли битимларни тузиш;

бир йилда камида икки марта Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари иштирокида Жамғарма дастурлари бўйича кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказишни ташкиллаштириш масалаларини муҳокама қилиш учун видеоселектор йиғилишини ўтказиш.

13. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Жамғармага:

мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни амалга оширишга етакчи хорижий экспертлар, шу жумладан, чет элда яшайдиган ватандошларни жалб этиш ҳамда уларнинг салоҳиятидан фойдаланиш масалаларини ишлаб чиқиш учун иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари бўйича талаб этиладиган мутахассисликлар рўйхатини;

илгари тегишли вазирликлар ва идораларнинг марказий аппаратлари ва таркибий бўлинмаларида ишлаган, ҳозирда чет элга чиқиб кетган юқори малакали мутахассислар рўйхатини киритсин.

14. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон матбуот
ва ахборот агентлигига Жамғарма томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш тавсия этилсин.

15. Жамғарма манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                Ш.МИРЗИЁЕВ
 
Манба: uza.uz

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …