Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМ ДИНИ ВА МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗДА УСТОЗЛАРГА МУНОСАБАТ

ИСЛОМ ДИНИ ВА МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗДА УСТОЗЛАРГА МУНОСАБАТ

“Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир мурғак болани ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидоий касб эгаларидир.”[1] Шавкат Мирзиёев

Дарҳақиқат, устоз-мураббийлар жамият эртанги кунининг бунёдкорларидир. Эл-юртнинг моддий ва маънавий тараққиёти устозларнинг меҳнати ва жамиятнинг уларни нечоғли қадрлашига бевосита боғлиқ.

Динимизда устоз-муаллимларнинг ўрни юқори баҳоланади. Қуръони каримда шогирднинг устозга муомаласи, одоблари қай тарзда бўлмоғи гўзал тарзда баён қилинган. Аллоҳ таоло Каломи шарифида бу уммат устозга қандай муомала қилиш кераклиги ҳақида Мусо алайҳиссалом тилидан бундай дейди:

 وَإِذْ قَالَ مُوسَى لِفَتَاهُ لَا أَبْرَحُ حَتَّى أَبْلُغَ مَجْمَعَ الْبَحْرَيْنِ أَوْ أَمْضِيَ حُقُبًا

“Мусо ўз шеригига (шогирди Ювшаъ ибн Нунга): “То икки денгиз қўшиладиган ерга етмагунча ёки узоқ муддат кезмагунча уни ахтаришдан тўхтамайман”, деган пайтини эсланг.”[2]

Айрим уламолар ушбу оятдаги { حُقُبًا ҳуқубан} сўзини “бир замон”, яъни саксон йил, деб тафсир қилган. Оят замирида ишора қилинган энг муҳим ва алоҳида эътиборга молик маъно шулки, илм талабидаги инсон ўзи таълим олишни истаган олим кишини унга ҳурмат юзасидан бир умр излашга тайёр бўлиши кераклигидир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло устозга қандай муомала қилиш лозимлигини Мусо алайҳиссалом тилидан қуйидагича баён қилади:

قَالَ لَهُ مُوسَى هَلْ أَتَّبِعُكَ عَلَى أَنْ تُعَلِّمَنِ مِمَّا عُلِّمْتَ رُشْدًا

Мусо унга: “Сизга билдирилган билимдан менга ҳам тўғри йўлни таълим беришингиз учун сизга эргашсам майлими?” деди.[3]

Мусо алайҳиссалом ўзига берилган пайғамбарликка, алоҳида шариат илми соҳиби, алоҳида даражага эга бўлишига қарамасдан илми ладуний ато этилган Хизр алайҳиссаломга тавозеъ ила айтган сўзларига, устозга қилаётган муомаласига эътибор қилинг. Биз ҳам устозларга ана шундай тавозеъ билан муомалада бўлишимиз, уларни қадрлашимиз лозим.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам устозлар даражаси ҳақида қуйидагича марҳамат қилганлар: “Ердаги ва осмондаги барча нарсалар, ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам инсонларга яхшиликни ўргатувчи муаллим ҳаққига истиғфор айтади”. Ҳаққига ердаги жонзотлар ва осмонлардаги фаришталар мағфират сўраб турган кишининг даражасидан зиёда мартаба борми?!

Шунингдек, халқимизда “Устоз – отангдек улуғ” деган нақл бор. Зеро, фарзанднинг комил инсон бўлиб вояга етишида ота-онасининг тарбияси нечоғлик аҳамиятли бўлса, унга таълим бериб, ҳаётда ўз ўрнини топишида муҳтарам устозларнинг ўрни ҳам шунчалик беқиёсдир. Устозлар ота-оналаримиз каби бизнинг ўсиб камолга етмоғимиз учун бутун умрини, бор билим ва тафаккурини бахшида этган зотлардир.

Шу сабабли бизда фарзандни устозга шогирдликка бериш чоғида “Эти сизники, суяги бизники” деб айтилган.

Шеърият мулкининг султони Алишер Навоий устознинг мақоми ва мартабаси ҳақида бундай дейди:

Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур,

Агар устоз андин розидур, Тангри розидур!

Демак, киши инсон эгаллаши мумкин бўлган даража ва мансабларнинг энг олийсига етса ҳам, агар устоз ундан рози бўлмаса, Аллоҳ ҳам рози бўлмас экан. Устозни норизо қилиб, унинг назаридан қолган шогирд ҳаётда ўз ўрнини топиши жуда мушкулдир.

Ривоятларда келтирилишича, бир куни халифа Маъмун ўғлини бир устозга шогирдликка берибди. Халифа фарзандининг қандай ўқиётганидан хабар олгани борса, тахт вориси, куни келиб бутун мамлакатини бошқарадиган шаҳзода таҳорат олаётган устозининг оёғига сув қуйиб турганини кўрибди. Бундан жаҳли чиқиб устозга: “Эй Устоз! Биз ўғлимизни сизга шунинг учун берибмидик!? Бундан сўнг ўғлимизга айтингизки, сиз таҳорат қилаётганингизда бир қўли билан сув қуйиб, иккинчи қўли билан оёғингизни ювсин!” деган экан.

Дарҳақиқат, бизнинг урф-одатларимизга кўра, одатда фарзандни устозга нафақат илм олиш, балки шу билан бирга одоб ўрганиш учун ҳам берилган ва шу тариқа устоз-мураббий мавқеъи улуғ даражага кўтарилган.

Шундай экан, устоз ва мураббийларни доим ҳурмату эҳтиромда тутиш, кўрганда салом бериб, ҳол сўраш, хизмати бўлса бажариб, дуоларини олиш ва ҳақларига дуо қилиш, ҳузурида беодоблик қилиб қўйишдан сақланиш барчамизнинг инсонийлик бурчимиздир.

Мамлакатимизда ҳам ҳар йили 1 октябрь санаси “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” сифатида умумхалқ байрам тарзида ўтиши азиз ва меҳри дарё устоз ва мураббийларимизга халқимизнинг азалий ҳурмат-эҳтиромининг яққол намунасидир. Яратгандан барча устозу муаллимларимизга илм-маърифат ёйиш ва зиё таратиш йўлида олиб бораётган ишларида муваффақиятлар тилаймиз.

[1] Ш. Мирзиёев. Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига.
[2] Каҳф сураси, 60-оят.
Уламолар ушбу оятнинг шарҳи ҳақида бундай дейди:  Мусо алайҳиссалом бир куни ўз қавми ҳузурида таъсирли ваъз ўқийди. Шунда бир киши: “Ҳаммадан олимроқ киши ким?” деб сўраганда, у: “Мен”, деб жавоб қилади. Бу Аллоҳга хуш келмайди ва унга “Сендан кўра олимроқ киши бор”, дейди. Мусо алайҳиссалом: “Уни қаердан топаман?” деганида, “Бир балиқни саватчага солиб, денгиз бўйидан юриб борасан. Балиқ йўқолган жойда уни топасан”, дейди. Балиқни саватчага солиб, уни шогирди Ювшаъ ибн Нун қўлига бериб, йўлга равона бўлади. “Айнул ҳаёт” деган жойда ухлашганда, балиқ денгизга тушиб, ғойиб бўлади. Бу Мусо алайҳис саломнинг Хизр алайҳиссаломни учратиш жойи эканига ишора эди.
[3] Каҳф сураси, 66-оят.

 

Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …