Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / МАРКАЗ ҚЎЛЁЗМАЛАРИ ҚОЗОҒИСТОН НАШРИДА

МАРКАЗ ҚЎЛЁЗМАЛАРИ ҚОЗОҒИСТОН НАШРИДА

Қозоғистонда чоп этиладиган “ULY DALA MURASI” (“Буюк дашт мероси”) илмий-оммабоп журналининг навбатдаги сонида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдовнинг “Рукописи, хранящиеся в Международном научно-исследовательском центре Имама Бухари” (“Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида сақланаётган қўлёзмалар”) номли мақоласи эълон қилинди.

Мақолада Марказнинг ташкил этилиш тарихи, бугунги кундаги фаолияти, музей ва кутубхона иши ҳақида батафсил маълумот берилган. Шунингдек, Марказнинг манбалар хазинаси хусусида атрофлича сўз бориб, унда сақланаётган қўлёзмаларнинг умумий сони ва таснифлари борасида рақамлар келтирилган.

Муаллиф қўлёзмалар ва музей экспонатларининг айримлари ҳақида ҳам алоҳида шарҳ берган.

Мақола ниҳоясида қўлёзмаларни сақлаш, ўрганиш ва каталоглаштириш ҳамда дунёвий фанлар ривожига хизмат қилувчи замонавий тадқиқотлар олиб бориш Марказ олдида турган устувор вазифалардан бири экани таъкидланган.

“ULY DALA MURASI” нашрига 2011 йилда “Известия” номи остида асос солинган. 2019 йилда қайта номлаган мазкур журнал айни пайтда Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазирлигининг архив ишлари ва ҳужжатлар қўмитаси қошидаги “Қўлёзмалар ва нодир китоблар миллий маркази” давлат муассасаси муассислигида жами 200 ададда, йилига 4 маротаба нашр этилади. Журналда мақолалар қозоқ, рус ва инглиз тилларида чоп қилинади. Нашр Қозоғистон ва хорижий давлатлардаги архив, кутубхона соҳаси ва илмий муассасалар тадқиқотчилари учун мўлжалланган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …