Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ТАСАВВУФ ТАРИҚАТЛАРИ – ТИНЧЛИКПАРВАРЛИК ВА ИНСОНИЙЛИК НАМУНАСИ

ТАСАВВУФ ТАРИҚАТЛАРИ – ТИНЧЛИКПАРВАРЛИК ВА ИНСОНИЙЛИК НАМУНАСИ

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA), Аҳмад Яссавий номидаги қозоқ-турк халқаро университети ва Нур-Муборак Миср ислом маданияти университети ҳузуридаги Абу Ҳанифа илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда “Марказий Осиё тасаввуф тариқатларининг ижтимоий ҳаётдаги роли” мавзусида халқаро онлайн конференция ўтказилди.

Мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини маҳаллий ва халқаро жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган конференцияда Ўзбекистон, Туркия ва Қозоғистондан 20 га яқин эксперт ва олимнинг маърузалари тингланди. Анжуман ишини мустақил тадқиқотчилар ва қизиқувчи тингловчилар жами 40 нуқтадан туриб кузатиб борди.

Конференция очилишида тасаввуф таълимотининг ҳозирги глобаллашув жараёнларида тутган ўрни ҳамда ислом тамаддуни тараққиётига таъсир кўрсатувчи омил сифатида тинчликпарварлик, адолатпешалик, гуманизмни тарғиб этишдаги улкан салоҳияти ҳақида сўз борди.

 

Анжуманда Мовароуннаҳр, хусусан, бугунги Ўзбекистон ҳудудида шаклланган кубровия, хожагон, яссавия, нақшбандия каби тасаввуф тариқатлари, ислом оламида чуқур из қолдирган диний-фалсафий таълимотларнинг тафаккур ривожига қўшган ҳиссаси атрофлича ёритилди. Маърузачилар Хожа Аҳмад Яссавий таълимотининг моҳияти, нақшбандия тариқатининг вужудга келиши ва ўзига хос жиҳатлари, Яссавий ва қозоқ адабий мероси, нақшбандийликнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ўрни, эпиграфик ёдгорликларда тасаввуфий шеърият, Ўрта Осиё тариқатларининг ички маданиятидаги ўхшашликлар, “Тасаввуф” атамасининг Марказий Осиёга кириб келиши, минтақамизда қаландарлик тариқатининг пайдо бўлиши ва ёрқин қирралари, Аҳмад Яссавий таълимотининг туркий халқлар учун аҳамияти каби мавзулар доирасида илмий маълумотлар билан ўртоқлашди.

Дарҳақиқат, тасаввуф тариқатлари мусулмонлар ахлоқи ва дунёқарашини шакллантиришга катта таъсир кўрсатиб, уларнинг нафақат руҳий-маънавий, балки ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу сабабли дунё бўйлаб тасаввуф тариқати билан боғлиқ жараёнлар устувор мавзулар сифатида ўрганиб келинмоқда. Ислом оламидаги қатор илмий тадқиқот марказларида тасаввуф таълимоти, тариқатлар ичида нақшбандиянинг ўрни, ижтимоий-сиёсий жараёнлар билан боғлиқлиги, ёйилиши, маънавий силсиласи, тариқат намояндаларининг ўзаро муносабати, зикрнинг махфий ва жаҳрий кўринишлари улкан ҳудудлар бўйлаб кенг тарқалишига доир тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Иштирокчилар Ўзбекистонда сўнгги йилларда тасаввуф тариқатлари фаолияти ва илмий-маърифий меросини тадқиқ қилишга қаратилаётган юксак эътиборни алоҳида эътироф этди. Тасаввуф тариқатлари ғояларининг Марказий Осиёга кенг тарқалиши, турли сулуклар намояндалари ва уларнинг маънавий ҳаётда тутган ўрни борасида янги илмий маълумотлар юзага чиқаётган жараёнда мазкур рағбат ғоят аҳамиятлидир.

Конференцияда, шунингдек, мамлакатимизда миллий маънавиятимиз, миллий ғоямиз ва умуман, давлатимиз сиёсатида алоҳида ўрин тутган инсон омили, унинг олий қадрият даражасига олиб чиқилиши ҳам тасаввуф фалсафасидаги ҳаётбахш ғоялар каби олижаноб мақсадларга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Анжуман сўнгида олим ва экспертлар маърузаларини электрон тўплам шаклида эълон қилишга келишиб олинди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …