Home / МАҚОЛАЛАР / ДУО ИБОДАТЛАРНИНГ ИЛИГИДИР

ДУО ИБОДАТЛАРНИНГ ИЛИГИДИР

Дуо – Аллоҳ билан банда ўртасини боғловчи бир восита. Дуо сўзи (دُعَاءٌ) чақириш, нидо қилиш, даъват, илтижо, ёрдам сўрамоқ, ўтинч, қарғиш (дуоибад) маъноларини билдиради. Аллоҳга дуои илтижо қилиши банданинг фитратида бор бўлиб, ҳаётининг ажралмас қисми ва табиий эҳтиёжи ҳисобланади. Бу ишни қалбида имони мустаҳкам, қалб кўзи очиқ, ўзининг кимлигини англаган, кибру ҳавоси бўлмаган кишилар амалга оширади. Дуо ва ибодат – хоҳ сўздан, хоҳ амалдан иборат бўлсин – банданинг Ҳақ таоло олдида ожиз ва гуноҳкор эканини тан олган ҳолда, Унга розилиги ва мағфиратини сўраб, илтижо қилиши тушунилади. Шу боис ҳар бир банда, албатта, барча истакларининг рўёби учун истаган ерда ва ҳар қандай вазиятда Аллоҳ таолога дуои илтижо қилади.

“Ғофир” сурасининг 60-оятида бундай марҳамат қилинади:

وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ.

“Раббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга мустажоб қилай! Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар”, деди”[1].

          Мазкур оятда Аллоҳ таоло бандаларга ўзига дуо қилишни буюриш билан бирга, уни ижобат қилишни ваъда қилмоқда. Шунингдек, ўзини катта олиб Аллоҳ таолога тоат-ибодат ва дуо қилишдан кибрланган (“барча ишларни ўзим қойиллатиб қўяман, менга ҳеч кимнинг кўмаги керак эмас” деб, мутакаббирлик қилган) кишилар, тезда хор-зор ҳолда жаҳаннамга кириши муқаррарлигидан огоҳлантирмоқда. Шунинг учун ҳам банда ҳеч қачон Аллоҳ таолога дуои илтижодан кибру ҳаво қилмаслиги лозим.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир инсон ҳожати раво бўлишини фақатгина Аллоҳ таолодан сўраб, дуо қилиши зарурлиги, кибру ҳавога берилиб, дуо қилмаслик Унинг ғазабига дучор бўлишга олиб келишидан огоҳлантирган ҳолда, бундай марҳамат қилганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَليْهِ وسَلَّمَ :»مَنْ لَمْ يَدْعُ اللَّهَ سُبْحَانَهُ، غَضِبَ عَلَيْهِ».[2]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога дуо-илтижо қилмаса, (Аллоҳ) унга ғазаб қилади”, дедилар.

Дуо бандалик вазифаларидан саналади. Айрим тоифа одамларнинг эса бу ҳақдаги тушунчаси жуда саёз бўлиб, улар дуони энг сўнгги чора ўлароқ, барча имкониятларни ишга солиб, ўйлагани амалга ошмагандан кейингина қўллаш мумкин бўлган нажот йўли сифатида кўради. Қийин аҳволдан чиққач, бошига яна бир ташвиш тушмагунча Аллоҳни ёд этиш хаёлининг четидан ҳам ўтмайди. Бундайлар Аллоҳнинг борлиги, бирлиги, буюклиги, ҳар нарсага қодирлиги, бандаларининг аҳволидан доимий огоҳлиги тўғрисида, дуосининг қабул бўлиш-бўлмаслиги ҳақида мутлақо тушунчага эга эмас. Албатта, бу Аллоҳга хуш келмайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо барча ибодатларни қувватловчи манба эканини таъкидлаб, бундай марҳамат қилганлар:

عَن أَنَسِ بنِ مَالِكٍ عَن النبيّ صلى الله عليه وسلم قَالَ «الدّعَاءُ مُخّ العِبَادَةِ».[3]

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуо ибодатларнинг илигидир”, дедилар”.

Албатта, танадаги илик барча аъзолар учун қувват манбаидир. Ибодатларнинг илиги эса дуо экан. У билан бандаларнинг ибодатлари қувватланади. Чунки, дуо ибодатларга ўзгача руҳ бахш этади.

Дуонинг аҳамияти “Фурқон” сурасининг 77-оятида қуйидагича баён қилинган:

قُلْ مَا يَعْبَأُ بِكُمْ رَبِّي لَوْلاَ دُعَاؤُكُمْ …

(Эй Муҳаммад! Мушрикларга) айтинг: “Агар дуоларингиз бўлмаганда, Парвардигорим сизларга парво қилмас эди…”[4]

Инсон Аллоҳнинг ожиз бир бандаси ва доимо Унинг ёрдамига муҳтож эканлигини англаса, Яратган зот ҳамиша ўзи билан биргалиги, қалбидаги заррадек туйғулардан ҳам бохабарлиги ва орзу-ниятларини рўёбга чиқараётганини ич-ичидан ҳис қилади. Шу сабабли киши Аллоҳга юзланар экан, самимият билан гуноҳ ва хатоларини эътироф этган ҳолда ёрдам сўраб, қалбан илтижо қилиши лозим.

Инсоннинг истак ва эҳтиёжлари кўп. Унинг дуо қилиши учун муайян вақт ва макон белгиланмаган. Қачон дуога эҳтиёж сезса, ўша вақтдаёқ қўл очиши мумкин. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган:

فَإِذَا قَضَيْتُمُ الصَّلاَةَ فَاذْكُرُوا اللَّهَ قِيَامًا وَقُعُودًا وَعَلَىٰ جُنُوبِكُمْ

Намозни адо этиб бўлганингиздан сўнг, турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларингизда (ҳам доим) Аллоҳни ёд этинг!” [5].

Мазкур оятда намозни адо қилгандан кейин Аллоҳни ёд этиб, Унга дуо қилиш мумкинлиги баён этилмоқда. Муҳими, тақозо этилган вазият эмас, балки, банданинг Аллоҳга иймон-эътиқоди, ихлоси, унинг хокисорлик ва самимиятидир.

عن أبي هريرة عن النبي صلى الله عليه و سلم قَالَ: «أَشْرَفُ الْعِبَادَةِ الدُّعَاءُ«[6].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ибодатнинг энг шарафлиси дуодир”, дедилар.”

Бу ҳадис ҳар бир инсонда дуонинг нақадар аҳамиятли экани ҳақида етарлича тасаввур ҳосил қилади, албатта.

Хулосада шуни айтиш мумкинки, Қуръони каримда дуо мавзуси 209 марта зикр қилинган. Шунинг ўзиёқ дуонинг шаъни нақадар улуғлигини, у қанчалик муҳим ибодат эканини англатиб турибди. Дуодан мурод Аллоҳ таолонинг амрига итоат этиш ва унинг ҳузурида ўзини ҳожатманд, ночор ва ожиз бир банда эканини тан олишдир. Шу боис ҳам дуо ибодатларнинг илиги деб эътироф этилган.

[1] Қуръон Карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур. – Т.: ТИУ. 2004. –Б. 474. “Ғофир” сураси, 60-оят.
[2] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ибн Можа. Сунану Ибн Можа. – Ар-Риёд. Дорус салом. 1999. – Б. 546. 3827-ҳадис.
[3] Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий. Жомеъут Термизий. – Ар-Риёд. 1999. – Б. 770. 3371-ҳадис.
[4] Қуръон Карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур. – Т.: ТИУ. 2004. –Б. 366. “Фурқон” сураси, 77-оят.
[5] Қуръон Карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур. – Т.: ТИУ. 2004. – Б. 95. “Нисо” сураси, 103-оят.
[6] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Ал-адаб ал-муфрад. – Т.: Мовароуннаҳр. 2013. 713-ҳадис. – Б. 166.
Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …