Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / БМТ БОШ КОТИБИ ЎРИНБОСАРИ МАРКАЗДА МЕҲМОН БЎЛДИ

БМТ БОШ КОТИБИ ЎРИНБОСАРИ МАРКАЗДА МЕҲМОН БЎЛДИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари, Осиё ва Тинч океани иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ESCAP) ижрочи котиби Армида Алисжабана ташриф буюрди.

Юқори мартабали меҳмонни Марказ директори Шовосил Зиёдов кутиб олиб, музей билан таништирди ва илмий фаолиятдаги муваффақиятлар хусусида маълумот берди.

1947 йилда ташкил этилган Осиё ва Тинч океани учун Иқтисодий ва ижтимоий комиссия БМТнинг бешта минтақавий комиссияларидан ҳам географик кўлами, ҳам аҳоли сони жиҳатидан энг каттаси ҳисобланади. Унинг аъзолари таркиби шарқда Тинч океанидаги Кирибати орол давлатидан ғарбда Туркиягача, шимолда Россия ва жанубда Янги Зеландиягача бўлган ҳудудни қамраб олади. Комиссия таркибига 53 мамлакат киради. А.Алисжабана мазкур комиссияга 2018 йилда ижрочи котиб этиб тайинланган.  

Алисжабана хоним мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами ва самарадорлигини ижобий баҳолаб, яратилган илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва бошқа илмий ҳамда таълим муассасалари ташкил қилинганини мазкур ислоҳотларнинг натижаси сифатида эътироф этди.

Ташриф якунида меҳмонга Марказ томонидан нашр этилган адабиётлар нусхалари тақдим этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тасаввуф – йирик ижтимоий воқелик сифатида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон …