Home / МАҚОЛАЛАР / АБДУЛҲАЙ ЛАКНАВИЙНИНГ ИБРАТЛИ ХУЛҚИ

АБДУЛҲАЙ ЛАКНАВИЙНИНГ ИБРАТЛИ ХУЛҚИ

Ҳар бир гўзал ахлоқ ва чиройли тарбия ўз эгасини бахт-саодатга етаклайди. Улар инсонни шараф, фазилат ва юксак мақом сари бошлайди. Бу хусусда бир қанча ҳадислар бор. Хусусан, Ҳоким Оиша онамиздан ривоят қилади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яхши хулқлар ўнтадир. У нарса кишида бўлиб, ўғлида бўлмаслиги, ўғилда бўлиб, отада бўлмаслиги эҳтимол. Қулда бўлиб, хожасида бўлмаслиги мумкин. Аллоҳ саодатни хоҳлаган кишиларга ўша хулқларни тақсим қилган. Улар: рост сўз, урушда сабот билан туриш, сўраб келган кишига нарса бериш, бир нарса ясаб берган кишини мукофотлаб қўйиш, омонатни сақлаш, қариндошлик ришталарини тиклаш, қўшни ва дўст ҳақи-ҳурматини сақлаш, меҳмондўст бўлиш. Буларнинг боши – ҳаёдир”, дедилар”.

Абдулҳай Лакнавийнинг ҳаётига назар солсак, у ҳам юқоридаги фазилатлар билан неъматланганига гувоҳ бўламиз. Алломанинг асрдоши ва ҳамшаҳри тарихчи Абдулҳай Ҳасаний “Нузҳатул хавотир” китобида бу сўзларни келтирган: “Мен бир неча марта Абдулҳай Лакнавийнинг илмий мажлисида қатнашганман. Аллома очиқ юзли, кўзлари қора, назари эътиборли, юзида туклари кам ва сочлари ёйилиб тушиб турар эди”.

Хулқ-одоби борасида шогирди Бандавий алломани гўзал ахлоқлар билан сифатлаб, бундай деган: “У энг гўзал хулқ соҳиби эди. Бирор кимсага юзини буриштирмас, ҳатто ўзи ёқтирмаган киши келса ҳам табассум билан қарши олар, бировни ғамга соладиган гапларни сўзламас, ўзи билан мунозара қилганларнинг бирортасини иғво қилмас ва дилни хира қиладиган сўзлар билан хитоб этмас эди”.

Алломанинг сахийлиги, бағрикенглиги ва кечиримлиги таърифга сиғмас даражада бўлиб, ҳатто душманини ҳам ҳурмат-икром қилиб қарши оларди. Муҳаммад Башир Саҳисвоний салафий олимларидан бўлиб, Абдулҳай Лакнавий билан мазҳаб масалаларида баҳс-мунозара қилган. Абдулбоқий Саҳисвоний айтади: “Муҳаммад Башир Саҳисвоний қачон Лакнав шаҳрига келса, Абдулҳай Лакнавийнинг уйида меҳмон бўлар эди. Аллома уни ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олиб, неча кун меҳмон бўлса ҳам, у кутгандан кўра зиёдаси билан зиёфат қиларди”.

Абдулҳай Лакнавий оз нарсага қаноат қилар, раҳбарлик ва ҳукумат ишларига қайрилиб қарамас эди. Ўзининг “Ан-нофиъул кабир” асарида бундай деган: “Аллоҳ таоло мени қалбимга илм муҳаббатини солиш ва ундан раҳбарлик ишларига муҳаббат қўйишни чиқариш билан мукофотлади”.

Ҳақиқатан ҳам, унга отасининг олий адлия уюшмасидаги мансаби таклиф этилганда, дўстлари ва қариндошларининг қистовига қарамасдан у ерда ишлашдан бош тортади. Чунки Абдулҳай Лакнавий ўзида борига қаноат қилиб, бойликка интилмас, мансабдан ва обрў-эътиборли бўлишдан қочар эди.

Абдулҳай Лакнавийнинг зеҳни жуда ўткир бўлиб, бир ўқиган китобини эсда сақлаб қоларди. У ҳаёти давомида дарс олиш ва таълим беришда, китобларини таълиф этиш ва олимлар билан илмий мунозара қилишда ана шу иқтидорига суянган. Аллома ўзи ҳақида бундай деган: “Менинг ёдлаш ва эслаб қолиш қобилиятим ёшлигимдан кучли эди. Беш ёшимдаги барча воқеалар “Фотиҳа” сурасидек эсимда қолган. Ҳатто уч яшар пайтим қоқилиб, йиқилиб тушганимни ҳам эслайман”. Унинг бу қобилиятидан устозлари ҳам таажжубга тушиб, Қуръон ва ҳадисни ёдлашдаги ҳифзига юқори баҳо берган.

Абдулҳай Лакнавий чиройли хулқи ва кучли хотираси сабабли ўз замонидаги қаршиликларга қарамай, кўпчилик уламолар бажара олмаган ишга қўл урди, яъни китоблар таълиф этди. Унинг шуҳрати араб ва ажам ўлкаларида кенг ёйилиб, асарлари ислом илмлари хазинасига дур-жавоҳир бўлиб қўшилди.

Отабек БАХРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ФИҚҲ – ИСЛОМ ҲУҚУҚИНИНГ МУСТАҚИЛ ТЕОКРАТИК СИЁСИЙ ТИЗИМЛАР ҲУҚУҚИ СИФАТИДА ШАКЛЛАНИШИ

Бугунги Янги Ўзбекистонда ҳар томонлама миллий ва диний қадриятларимизни юксалтириш, тарихий илдизларигача илмий тадқиқот асосида …