Home / МАҚОЛАЛАР / ЎЗБЕКИСТОНДА ТАСАВВУФ АЛЛОМАЛАРИ ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

ЎЗБЕКИСТОНДА ТАСАВВУФ АЛЛОМАЛАРИ ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Истиқлолнинг дастлабки йилларидан юртимизда тасаввуф соҳасига доир бир қатор янгиликлар ва ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ тасаввуф алломалари ва уларнинг меросига юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди. 1993 йилда Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг 675 йиллик юбилейи нишонланган бўлса, Увайсий[1] устози ҳисобланган Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувонийнинг 910 йиллиги 2003 йилда, Хожа Аҳрор Валийнинг 600 йиллик юбилейлари 2004 йилда кенг нишонланди[2].

2008 йилдан  буён “Нақшбандия” илмий-ирфоний, адабий-маърифий журнали ҳар уч ойда нашр этиб келинмоқда[3].  Алломаларимизнинг ҳаёти ва илмий-маърифий меросига оид асарлар таржима қилиниб нашр этилди. Жумладан, 1993 йилда Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёт йўли ва маърифий меросини ёритишга бағишланган Муҳаммад Боқир ибн Муҳаммад Алининг “Мақомати Хожа  Баҳоуддин Нақшбанд” асари, 2004 йилда Хожа Аҳрор Валийнинг тўрт асари жамланиб “Табаррук рисолалар” тўплами номида нашр этилди. 1991 йил Хожа Аҳмад Яссавийнинг “Ҳикматлар” тўплами, 2003 йилда Ҳаким Термизийнинг “Манозил ул-ибод мин ал-ибода” асарлари ҳам нашр этилиб, халқимизга тақдим этилди. Бугунги кунда ҳам тасаввуф таълимоти олимлар, зиёлилар, тадқиқотчилар томонидан ўрганилмоқда ва янги маълумотлар халқимизга тақдим этилмоқда[4].  Шу ўринда мустақиллик йилларида тасаввуф тарихи ва ижтимоий-диний мазмун-моҳиятини ўрганишга оид ишларни таснифлашда гуруҳларга ажратиб олишимиз мақсадга мувофиқдир. Жумладан:

Биринчи гуруҳда олимлар ва зиёлилар томонидан олиб борилган ишлар бўлиб, бунда турли илмий лойиҳалар ва давлат дастурлари ижроси нуқтаи назаридан бажарилган тадқиқот ишларини киритишимиз мумкин;

Иккинчи гуруҳда ихтисослашган кенгашларда ҳимоя қилинган илмий-тадқиқот ишлари бўлиб, бунда тадқиқотчилар аниқ мавзу ва объект доирасида илмий ишларини ҳимоя қилишган;

Учинчи гуруҳ тадқиқот ишларига диний соҳа вакилларининг олиб борган амалий ишларини кўрсатишимиз мумкин. Бунда асосан диний-маърифий ва оммабоп жиҳатдан ёндашув устуворлик касб этган;

Тўртинчи гуруҳга тасаввуф таълимотига қизиқувчи инсонлар томонидан мустақил равишда олиб борилган ишларни киритишимиз мумкин;

Бешинчи гуруҳга таълим-тарбия муассасалари учун педагогик-дидактик нуқтаи-назаридан ёзилган ишларни таъкидлаб ўтишимиз зарур;

Олтинчи гуруҳга журналистик талқинда ўрганилган ва оммавий ахборот воситаларида ёритилган илмий-маърифий, ижтимоий-аҳлоқий йўналишдаги материалларни кўрсатишимиз мумкин.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлашимиз зарурки тасаввуф таълимоти бўйича илмий изланишлар асосан ижтимоий-гуманитар фанлар кесимида ҳимоя қилинган тадқиқотларда акс этади.

Тасаввуф соҳаси бўйича ижтимоий-гуманитар фанлар ихтисослиги кесими бўйича ҳимоя қилинган диссертациялар таснифи қуйидаги йўналишларда:

  • 00.01 – Ўзбекистон тарихи
  • 00.03 – Фалсафа тарихи
  • 01.03 – Миллий адабиёт тарихи (ўзбек адабиёти)
  • 01.10 – Журналистика
  • 00.01 – Умумий педагогика, педагогика ва таълим тарихи
  • 00.05 – Ижтимоий психология ва этнопсихология
  • 00.01 – Ислом тарихи ва манбашунослиги (тарих фанлари бўйича)

Ушбу ихтисосликларда ҳимоя қилинган ишларда қуйидаги хусусиятлар устуворлиги аниқланди. Жумладан, 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи ихтисослигида Н.Хидированинг (2006 й.) “Хожа Муҳаммад Порсонинг хожагон-нақшбандия тариқатининг  ривожланишида тутган ўрни ва роли (ХIV аср охири – ХV аср бошлари)” номзодлик диссертацияси. 07.00.08 – Тарихшунослик, манбашунослик ва тарихий тадқиқот усуллари ихтисослигида  М.Исмоиловнинг (2006 й.) “Шайх Худойдоднинг “Бахр ал-улум” асари Марказий Осиёда тасаввуф тарихига оид муҳим манба ( XVIII асрнинг иккинчи ярми)”, К.Раҳимовнинг (2018 й.) “Мустамлий Бухорийнинг “Шарҳ ат-Таъарруф” асари ҳамда унинг XI-XV асрлар Мовароуннаҳр ва Хуросон тасаввуф манбаларига таъсири” мавзусидаги номзодлик диссертациялари Ватанимиз тарихи, тарихшунослик, манбашунослик нуқтаи-назаридан ўрганилган бўлиб, бу тадқиқотларда кўплаб янги маълумотлар илмий жамоатчиликка тақдим этилган.

09.00.03 – Фалсафа тарихи ихтисослигида  М.Жакбаровнинг (2000)  “IX-XII аср Мовароуннаҳр фалсафий фикрида ижтимоий идеал ва комил инсон муаммоси”, Г.Наврузованинг (2002) “Нақшбандия тасаввуфий таълимоти ва баркамол инсон тарбияси”, М.Маматовнинг (2018) “Тасаввуф таълимотининг тарихий-фалсафий моҳияти” мавзуларида фалсафа фанлари докторлиги бўйича ҳимоя қилинган диссертациялар бўлиб, ушбу тадқиқот ишларида мавзуни концептуал жиҳатдан очиб беришга эътибор қаратилган.

Шунингдек,  О.Турсунованинг  (2002) “Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний тасаввуф таълимотида ахлоқий қадриятлар”, Н.Сафарованинг (2002) “Хожагон тасаввуфий таълимотида маънавий – ахлоқий қадриятлар масаласи”, Ж.Холмўминовнинг (2003) “Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг тасаввуфий-ирфоний қарашлари (“Шарҳи рубоиёт” асари асосида), З.Исақованинг (2007) “Тасаввуф таълимотида валийлик тушунчасининг диний-фалсафий талқини (Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” асари асосида), С.Исмоиловнинг (2008) “Нақшбандия тариқатининг тасаввуф тараққиётидаги ўрни”, Б.Намозовнинг (2011) “Абу Бакр Калободий тасаввуфий қарашларининг фалсафий асослари”, О.Сафарбоевнинг (2011) “Нажмиддин Кубронинг тасаввуфий таълимотида инсонпарварлик ва ватанпарварлик ғоялари” фалсафа фанлари бўйича номзодлик диссертацияларида тасаввуф таълимотини фалсафий таҳлил этиш орқали очиб берилган.

10.01.03 – Миллий адабиёт тарихи (ўзбек адабиёти) ихтисослигида  И.Ҳаққуловнинг (1995) “Ўзбек тасаввуф шеъриятининг шаклланиши ва тараққиёти (ғоявийлик, издошлик, образлар олами)”, А.Абдуқодировнинг (1998) “Тасаввуф ва Алишер Навоий ижодиёти (Ваҳдат ул-вужуд промлемаси бўйича)”, К.Муллахўжаеванинг (2005) “Алишер Навоий ғазалиётида тасаввуфий тимсол ва бадиий санъатлар уйғунлиги (“Бадоеъ ул-бидоя” асосида)” докторлик ва номзодлик диссертацияларида тасаввуф таълимотидаги бадиий нафосат, шеърий санъат, рамз ва ишоралар халқимиз учун илмий асосда шарҳланиб, соддалаштирилган тарзда тақдим этилган.

10.01.10 – Журналистика ихтисослигида Г.Тоғаеванинг (2007) “Ўзбек матбуотида тасаввуф таълимотининг ёритилиши: муаммолари, тамойиллари ва шакллари” номзодлик диссертациясида юртимиз оммавий ахборот воситаларида тасаввуф таълимотига доир мақолалар ва уларнинг мазмун моҳиятини ёритишга қаратилган кўплаб масалалар илмий жиҳатдан таҳлил этилган.

13.00.01 – Умумий педагогика, педагогика ва таълим тарихи ихтисослигида К.Қиличеванинг (2009) “Олий таълим тизимида тасаввуф таълимоти воситасида талабалар маънавиятини шакллантириш” мавзусидаги  педагогика фанлари бўйича докторлик ишида ёшлар тарбиясида комил инсонни тарбиялашдаги янги услублар тасаввуф ғоялари асосида тадқиқ этилиб, тегишли таклиф ва тавсиялар тақдим этилган.

19.00.05 – Ижтимоий психология ва этнопсихология ихтисослигида У.Қосимовнинг (2004)  “Комил инсон ижтимоий психологик – хусусиятлари (А.Ғиждувоний таълимоти асосида)” мавзусидаги ҳимоя қилинган номзодлик диссертациясида баркамол инсонни тарбиялашдаги психологик хусусиятларга асосий эътибор қаратилган.

24.00.01 –  Ислом тарихи ва манбашунослиги (тарих фанлари бўйича) И.Усмоновнинг “Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг “Наводир ал-усул” асари ҳадис ва тасаввуф илмига оид муҳим манба” (2005) тарих фанлари бўйича номзодлик диссертацияси ушбу ихтисосликдаги тасаввуф таълимоти ва манбашунослиги бўйича бажарилган дастлабки тадқиқотлардан бири ҳисобланади[5].

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш зарурки, юртимизда тасаввуф тарихи ва илмий-маърифий меросига доир кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда ва бугунги кунга келиб бу тадқиқотлар ўзининг янги босқичига кўтарилди.  Хусусан, яқин тарихимизда амалга оширилган тадқиқот ишлари таҳлилида ҳам бу ҳолатни кузатишимиз мумкин. Жумладан,  

  • Мустақилликнинг дастлабки йилларидаги тадқиқот ишлари билан бугунги кундаги илмий тадқиқот ишлари қиёсий таҳлилига эътибор қаратсак ижобий маънода такомиллашувни кузатамиз;
  • илмий истеъмолга янги тарихий маълумотлар ва илмий ғояларнинг кириб келганини ҳам кўришимиз мумкин;
  • илмий йўналишда олиб борилган тадқиқотлар таҳлил қилинганда шу нарса маълум бўлдики, тадқиқот ишларида асосан Нақшбандийлик тариқатини ўрганиш устуворлик қилмоқда.

Ватанимиз тарихида кўплаб буюк алломаларимиз ва улкан илмий меросимиз борлиги бизга фахр туйғусини беради, аммо шу билан билан биргаликда бу фахр туйғуси бизга катта масъулиятни ҳам юклайди. Ушбу масъулият юки ўз навбатида бизга аждодларимизга муносиб равишда яшаш, ривожланиш, бир неча минг йиллик тарихий меросни ўрганиш ва келажак авлодга етказиш орқали “Учинчи ренессанс” пойдеворига ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни  ҳам қўшишни тақозо этади.

 [1] Увайсий – тасаввуфда мурид вафот этиб кетган шайхдан таълим-тарбия олишига айтилади.
[2] Н.Жўраев, Т.Файзуллаев. Мустақил Ўзбекистон тарихи. – Тошкент: Шарқ, 2000. 410 б.
[3] Ғ.Раззоқов, К.Раҳимов. Хожагон – Нақшбандия тариқати ва етти пир. – Тошкент: O’zbekiston. 2020. 5 б.
[4] К.Раҳимов. Мовароунаҳр тасаввуфи тарихи: Таълимотнинг шаклланиши ва тизимлаштирилиши ( VII-XI асрлар). – Тошкент: Akademnashr, 2020. 400 б.
[5] www.diss.natlib.uz – Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасининг илмий ишлар бўйича расмий сайти.
Тохир ХАТАМОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
тарих фанлари номзоди, доценти

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …