Home / МАҚОЛАЛАР / “МАТЛАУС САЪДАЙН ВА МАЖМАУЛ БАҲРАЙН” НИНГ ҚЎЛЁЗМАСИ

“МАТЛАУС САЪДАЙН ВА МАЖМАУЛ БАҲРАЙН” НИНГ ҚЎЛЁЗМАСИ

Камолиддин Абдураззоқ ибн Жалолиддин Исҳоқ Самарқандий 816/1413 йили Ҳирот шаҳрида туғилган ва 887/1482 йил шу ерда вафот этган. Дастлабки таълимни отаси ва Ҳирот мадрасаларидаги мударрислардан олган. Шунингдек, ўз даврининг етук олимларидан бўлган акалари Абдуғаффор, Абдуқаҳҳор ва Абдуваҳҳобдан тафсир, ҳадис, фиқҳ, тарих ва тил-адабиёт фанлари бўйича сабоқ олган. Алломанинг Жамолиддин ва Шарофиддин исмли акалари ҳам бўлиб, улардан бири етук арабшунос, иккинчиси эса адиб ва кимёгар бўлган.

Абдураззоқ Самарқандий “Саҳиҳайн” асарини ёд олиб, ўз даврининг машҳур фақиҳ ва муҳаддис алломаси Муҳаммад Жазарийдан ҳадис ривоят қилиш учун ижоза олган. Азуддин Ижийнинг “Рисолатул Азуддия” асарига шарҳ ёзган ва асар муқаддимасида Шоҳруҳ Мирзони мадҳ этган. Ушбу шарҳни 1438 йили ҳукмдорга тақдим қилганидан кейин унинг марҳаматига сазовор бўлиб, саройда доимий яшаш учун рухсатнома олган. Алломанинг отаси Жалолиддин Исҳоқ асли самарқандлик бўлиб, Шоҳруҳ Мирзо саройида бош имом ва қози лавозимларида ишлагани боис Абдураззоқ Самарқандий ҳам давлат ишлари билан яқиндан таниш бўлган. Отасининг вафотидан сўнг 1437-1438 йиллари темурийлар саройида мунший лавозимида аввал Шоҳруҳ Мирзо (1377-1447),  кейин Абулқосим Мирзо (1452-1457) ва Султон Абу Саид (1451-1469) нинг хизматида бўлган[1].

Абдураззоқ Самарқандий дипломат сифатида ҳам муҳим шахс ҳисобланган. “Матлаус саъдайн ва мажмаул баҳрайн” (“Икки саодатли юлдузнинг чиқиши ва икки денгизнинг қўшилиши”) алломанинг энг машҳур асари бўлиб, 1467-1469 йилларда ёзилган. У XIV-XV асрлардаги Эрон, Марказий Осиё тарихи, темурийлар даври, темурийзодаларнинг ташқи сиёсатдаги ўрни ва фаолияти ҳақида ноёб маълумотлар келтирилган манба ҳисобланади. Ўзбекистон, Франция, Эрон, Туркия, Саудия Арабистони, АҚШ ва Германия кутубхона фондларида ушбу асарнинг турли йилларда кўчирилган қўлёзма нусхалари сақланиб келмоқда.

Бугунги кунда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар хазинасида “Матлаус саъдайн ва мажмаул баҳрайн” асарининг тошбосма ва электрон нусхалари мавжуддир. Қўлёзманинг асл нусхаси Туркиянинг Асад Афанди кутубхонасида №2098 рақам остида сақланади. Ушбу нусха ҳақида батафсилроқ тўхталамиз.

  1. Муаллиф:Абдураззоқ Самарқандий.
  2. Хаттот: Абдуқул Ином Ҳабибуллоҳ ибн Али ибн Ҳисом.
  3. Кўчирилган санаси: 970/1562 йил.
  4. Тили: форсий.
  5. Ҳажми: 286 в.
  6. Қоғози: шарқ.
  7. Варақ ўлчами30х15 мм.
  8. Хат тури: настаълиқ.
  9. Сиёҳ тури:  боб ва фасллар, қизил, матн қора сиёҳда ёзилган.
  10. Асарнинг бошланиши:

حسن مطلع النوار اخبار در افتتاح مقال و لطف مظهر اثار اخبار در ايضاخ مبد…

  1. Асарнинг охири: 

حواصل پوشاینده و از میان حوض و جوی کان یشم بدید آمده ازکردش غدیرو ….

 

  1. Колофон:

و ذلك صبح يوم الخميس منتصف جمادي الاخرى سنة احدى و سبعين و ثمانماية حرره مؤلفه الفقير الي الملك الخلاق الهادي عبد الرزاق بن اسحق السمرقندي تاب الله عليه توبة نصوحا

نقلت من خط مؤلفه فى تاريخ شهر رابع الثاني سنة سبعين و تسعماية وانا العبداقل الانام حبيب الله ابن علي ابن حسام غفر الله زنوبهم و سترعيوبهم .

  1. Пойгир: мавжуд.

 

Изоҳ: Асар настаълиқ хатида, форс тилида бўлиб, насрий усулда ёзилган. Матн тилла ва кўк рангли рамка  ичига олинган. Ҳошиясида тўлдирмалар бўлиб, сана, оят, ҳикоя, боб, фасллар қизил сиёҳда берилган. Қўлёзманинг 1б-6б варақларда муқаддима ҳамд, саловат, қадимий қиссалар ва хаттот Абдуқул Ином Ҳабибуллоҳ ибн Али ибн Ҳисомнинг Абдураззоқ Самарқандий ҳаёти, иқтидори ва олдин ўтган тарихчиларнинг ишларига таърифи билан келтирилган[2]. Воқеалар ривожи 6а варақдан бошланиб, Амир Темур фаолияти, вафотидан то 285б варақда Ҳалил Султоннинг Самарқанд тахтига ўтқазилганигача бўлган катта даврни ўз ичига олган.

Асардан Чингизхон наслидан бўлган Эрон ҳукмдори Худобанда Муҳаммад Ўлжойтухон Султон ва ўғли Султон Абу Саид Баҳодурхон (1316-1335й.) насл-насаби, ҳаёти, тарихи ҳам жой олган[3].

16а варақда 726/1325 йили Амир Чўпон нўён ва ўғли Жиловхон катта қўшини  билан Султон Абу Саид Баҳодурхонга қарши қўшин юриш қилгани, асир тушиб қатл этилгани, 16б варақда Хожа Тожиддин Алишоҳ жумодул охир ойида 724/1324 йили вафот этгани ва Табризнинг жомеъ масжид ҳовлисига дафн этилгани баён этилган[4].

81а варақда Амир Темурнинг сиёсий майдонга кириб келиши ва Туғлуқ Темурнинг буйруғи билан Кеш амири этиб тайинланиши ҳикоя қилинади.

84а-86б варақларда Сарбадорларнинг Самарқанддаги ҳукмронлиги ва у давлатнинг қулаши воқеаларига бағишланган[5]. Амир Темурнинг сиёсий жараёнлардаги ўрни ва “Самарқанд амири” деб эълон қилингани баён этилган.

   

119а варақда Жаҳонгир Мирзонинг вафоти келтирилган.

134а-б  варақда Амир Темурнинг Сейистонга боргани ва уни забт этгани ҳамда Малик Қутбиддиннинг асир олингани, Амир Ҳожи Сайфиддин Соҳибқирон юборган қўшин билан Қандаҳорнинг ишғол қилгани ҳикоя қилинган.

Шунингдек, асарда Марказий Осиё, Афғонистон, Озарбайжон, Жанубий Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар тарихи, географиясига оид маълумотлар келтирилган.[6]  Китоб 1405 йил 18 февраль куни Амир Темур вафот этгани, набираси Ҳалил Султоннинг Самарқанд тахтига ўтиргани билан боғлиқ воқеалар ва темурий шаҳзодалар ўртасидаги тахт учун курашлари тафсилотлари билан тугалланган[7].

     

Абдураззоқ Самарқандий 1316-1427 йиллар тарихини баён қилишда воқеаларни синчковлик билан таҳлил қилиб, аниқ саналарни келтирган. У сарой ҳужжатлари, Ҳофиз Абрунинг “Мажмуатут таворих Бойсунғурий”, Муиниддин Яздийнинг “Тарихи Али Музаффар” ва бошқа тарихий асарлардан фойдаланган бўлиб, буни матнлар орасида айрим белгилар билан ифодалаган. Тарихий воқеа-ҳодисаларни келтирганда, бошқа асар матнлари орасига икки хил [چث، نطم ] белги қўйган. Китобда тарихий воқеалардан ташқари, қатор фақиҳ, муҳаддис, шоир, мусиқачи, қўмондон, қози ва имомлар ҳақида ҳам маълумотлар келтирган.

Шарқшунос, манбашунос олима Д.Юсупова Фасиҳ Хавофийнинг “Мужмали Фасиҳий” асари ва “Матлаус саъдайн ва мажмаул баҳрайн” китобини қиёслаганда келтирилган маълумотлар айни бир хил бўлса-да, аммо саналарда фарқларни кузатиш мумкин. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, “Матлаус саъдайн ва мажмаул баҳрайн” асари нафақат темурийлар, балки Эрон билан Мовароуннаҳрнинг 42 йиллик даврдаги тарихи, географиясини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Туркия Диёнат вақфининг “Ислом энциклопедияси”даги маълумотлар асосида https://islamansiklopedisi.org.tr/abdurrezzak-es-semerkandi
  2. Асад Афанди кутубхонаси №2098 1б-6б вв.
  3. Ўша асар 6а в.
  4. Ўша асар 16б-16а вв., Д.Юсупова “Мужмали Фасиҳий” Т.: 2018. Б-50-51
  5. Ўша асар 84а-86б вв., Д.Юсупова “Мужмали Фасиҳий” Т.: 2018. Б-112
  6. Ўша асар 134 а-б вв., Д.Юсупова “Мужмали Фасиҳий” Т.: 2018. Б-140
  7. Ўша асар 283а в.
[1] Туркия Диёнат вақфининг “Ислом энциклопедияси”даги маълумотлар асосида https://islamansiklopedisi.org.tr/abdurrezzak-es-semerkandi
[2] Асад Афанди кутубхонаси №2098 1б-6б вв.
[3] Асад Афанди кутубхонаси №2098 6а в.
[4] Асад Афанди кутубхонаси №2098 16б-16а вв., Д.Юсупова “Мужмали Фасиҳий” Т.: 2018. Б-50-51
[5] Асад Афанди кутубхонаси №2098 84а-86б вв., Д.Юсупова “Мужмали Фасиҳий” Т.: 2018. Б-112
[6] Асад Афанди кутубхонаси №2098 134 а-б вв., Д.Юсупова “Мужмали Фасиҳий” Т.: 2018. Б-140
[7] Асад Афанди кутубхонаси №2098 283а в.
Ирода ДАУРБЕКОВА,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,
Азиза МАННОНОВА,
СДЧТИ 2-курс талабаси

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …