Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ТАДҚИҚОТЧИЛАРИМИЗ ТУРКИЯДАГИ МАЛАКА ОШИРИШ ДАСТУРИНИ ЯКУНЛАШДИ

ТАДҚИҚОТЧИЛАРИМИЗ ТУРКИЯДАГИ МАЛАКА ОШИРИШ ДАСТУРИНИ ЯКУНЛАШДИ

Анқарадаги Ислом тафаккури институтида Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари тадқиқотчилари учун жорий этилган малака ошириш курслари ниҳоясига етди.

Ушбу курслар доирасида ташкил қилинган ўқув жараёнларида илмий ходимлар фиқҳ, ақида, ҳадис, тасаввуф, илоҳиёт каби соҳаларда етакчи бўлган олимлар маърузаларини тинглашди.

Айниқса Дин ишлари олий кенгаши раҳбари, доктор Экрем Келеш, Анқара университети Илоҳиёт факультети профессорлари Бунямин Эрул, Сўнмаз Қутлу, Шаъбон Али Дузгун, Ҳакки Унал, Ўғизғон Тан, Боязид Йилдирим университети профессори Аҳмад Йилдирим, Истанбул университети Илоҳиёт факультети профессори, доктор Муртазо Бедир маърузалари тингловчиларда катта таассурот уйғотди.

Куни кеча малака ошириш дастурининг якунлангани муносабати билан Ислом тафаккури институтида тадбир ташкил этилди. Тадбирнинг асосий қисмида тадқиқотчиларга Меҳмет Гўрмез, Бенямин Ўрул ва Экрем Келеш томонидан тегишли сертификатлар топширилди.

Тадбирда курс битирувчиларининг барчаси сингари Имом Бухорий халқаро-илмий тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Тоҳир Эвадуллаев ҳам сўзга чиқиб, ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирди ҳамда ўқув жараёнлари давомида олинган билимлар ҳар бир иштирокчининг илмий салоҳиятини оширишга муносиб хизмат қилганини, бу эса мазкур ўқувларни давом эттириш истагини пайдо қилганини алоҳида таъкидлади ва нутқининг якунида институт раҳбариятига Марказ томонидан нашр этилган адабиётлар тўпламини ҳадя қилди.

Институт раҳбари, профессор, Др. Меҳмет Гўрмез эса ўз навбатида ўзбекистонлик илмий тадқиқотчилар учун институт профессор-ўқитувчилари иштирокида ҳафтада бир маротаба онлайн ўқувлар ўтказиш таклифини билдирди. Таклиф бир овоздан маъқулланди.

Сўнгги 3 ҳафта мобайнида илмий марказлар ходимлари Ислом тафаккури институтининг малака ошириш дастурида иштирок этиб, соҳасининг етук мутахассислари томонидан жаҳон андозалари асосида турк ва араб тилларида олиб борилган ўқув жараёнларида қатнашдилар. Дарслардан бўш вақтларда эса мамлакатнинг нуфузли олий таълим муассасалари ҳамда йирик маърифат масканларида бўлиб, тажриба орттиришди. Бундан ташқари тингловчилар учун қизиқарли ташрифлар, экскурсиялар, зиёратлар, маданий-маърифий учрашув ва мулоқотлар ташкил этилди.

Малака ошириш ўқув курслари пировардида мамлакатлар ўртасида илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЎРТА ОСИЁ ҚЎЛЁЗМАЛАРИ КОДИКОЛОГИЯСИ ЭЛEМEНТЛАРИ»

1-2 май, 2024 йил соат 10:00 да Ўтказиш жойи: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро …