Home / ЯНГИЛИКЛАР / ҲАМ УЛУҒ БОБОМИЗГА ЭҲТИРОМ, ҲАМ ИЛМГА РАҒБАТ

ҲАМ УЛУҒ БОБОМИЗГА ЭҲТИРОМ, ҲАМ ИЛМГА РАҒБАТ

Улуғ олим Имом Қасталоний бундай деган: “Имом Бухорий асарлари қуёш етган жойгача етиб борди. Дунёнинг ҳамма ерини эгаллади. Унинг фазлини ҳеч ким инкор қилолмайди. Асарларининг энг улуғи — “Жомиус саҳиҳ”дир”.

Дарҳақиқат, бутун ислом олами ўн икки асрдан зиёд вақт давомида “Саҳиҳул Бухорий”ни Қуръони каримдан кейинги энг мўътабар манба сифатида эътироф этиб, буюк муҳаддис бобомизни эъзозлаб келади.

Шу маънода, Президентимизнинг 15 август куни Ўзбекистон Республикасининг “Имом Бухорий” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги Қонунига имзо чеккани халқимиз қалбига алоҳида сурур ва мамнуният бахш этди. Юртимизда, гарчи мақбараси атрофи ободонлаштирилиб, номидаги мажмуада улкан реконструкция ишлари олиб борилаётган бўлса-да, ушбу буюк зот номи билан аталувчи, ёш авлодни илмга рағбатлантиришга хизмат қилувчи давлат мукофоти шу пайтгача таъсис этилмаганди.

Бугун мамлакатимизда кўплаб Қуръон ҳофизлари, ҳадис илми билимдонлари, фақиҳлар етишиб чиқмоқда. Хўш, уларнинг халқ ва давлат олдидаги хизматлари, илм-фан ривожига қўшаётган ҳиссаси нима билан тақдирланиши мумкин эди?! Энди биз, ислом илмларини тараққий эттираётган, турли оқимларга қарши муносиб раддиялар бераётган, ғоявий бузғунчиларни рўйирост фош этаётган, ислом маърифати орқали одамларнинг маънавий дунёсини бойитаётган, мана шундай хизматлари билан ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга улуш қўшаётган олиму уламо, давлат ва жамоат арбобларини том маънода муносиб мукофот билан тақдирлай оладиган бўлдик.

Янги Қонунга мувофиқ, илм-фан ва маданият, жумладан, ислом маърифати ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг ҳаёти ҳамда илмий меросини ўрганиш, халқаро майдонда кенг тарғиб қилишда катта ютуқларга эришган хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари, парламентлари вакиллари, халқаро ташкилотлар ходимлари, дипломатлар, шунингдек, чет эллик атоқли арбоб ва олимлар ҳам “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан рағбатлантирилади. Натижада ўзаро ҳамкорлигимиз янада юксалади.

Ушбу давлат мукофоти мамлакатимизда буюк муҳаддис бобомиз хотирасини улуғлаш, бебаҳо илмий меросини кенг ўрганиш ва ҳаётга татбиқ этиш, илм-фанни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Шу орқали улуғ аждодимиз пок руҳи олдида юзимиз янада ёруғ бўлади.

Шовосил ЗИЁДОВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори
Манба: “Халқ сўзи” газетаси 2022 йил 21 август, №181(8243)

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …