Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ТУРКИЯДА МАЛАКА ОШИРАЁТГАН ТАДҚИҚОТЧИЛАР МУҲИМ УЧРАШУВЛАР ЎТКАЗИШМОҚДА

ТУРКИЯДА МАЛАКА ОШИРАЁТГАН ТАДҚИҚОТЧИЛАР МУҲИМ УЧРАШУВЛАР ЎТКАЗИШМОҚДА

Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари илмий ходимлари Туркия Республикасида амалга оширилаётган малака ошириш курслари доирасида Анқарада жойлашган Туркия Республикаси Диёнат ишлари бошқармасида бўлиб, Дин ишлари бўйича Олий Кенгаш профессори, доктор Холис Айдемир, Узайр Бозкурт, Юнус Аккая ҳамда хорижий тил ва лаҳжалар бўлими бошлиғи Юнус Юксек билан мулоқот қилди.

Мулоқот давомида мамлакатлар ўртасида мустаҳкамланаётган илмий-маърифий ҳамкорлик алоқалари эътироф этилиб, нашр, таълим ва тарбияни ташкил этиш, диний маърифат соҳаларида марказлар ва Туркиянинг олий таълим муассасалари томонидан амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар алоҳида тилга олинди.

Икки давлат раҳбарларининг мамлакатларга амалга оширган расмий ташрифлари, Президентимизнинг Туркия Миллат кутубхонаси очилиш маросимидаги иштироки ҳамда бошқарма вакилларининг юртимиздаги халқаро илмий-тадқиқот марказларга қилган сафарлари мазкур ҳамкорликка мустаҳкам асос яратгани таъкидланди.

Айни пайтда бошқарма томонидан 47 тилда, жумладан ўзбек тилида ҳам  илмий-маърифий адабиётлар чоп этилмоқда. Мулоқотда ушбу йўналишда ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.

Тадқиқотчилар, шунингдек, мазкур бошқарманинг Хаж ва умра хизматлари бўлими бошлиғи Рамзий Биржан билан учрашишди. Меҳмонларга Туркияда Хаж зиёрати билан боғлиқ хизматлар хусусида маълумотлар берилди.

Мулоқотда мамлакатлар ўртасида фуқароларнинг зиёрат сафарларини ташкил қилиш имкониятлари ҳақида фикр алмашилди.

     

Юртимиз вакиллари ташриф доирасида бошқарма қошидаги қўлёзмаларни сақлаш ва реставрация қилиш бўлими фаолияти билан яқиндан танишдилар. Тадқиқотчилар қўлёзмаларга ишлов бериш борасида ўзаро тажриба алмашишди. Бўлимда ташкил қилинган жамғарма имкониятларидан фойдаланиб, фаолиятнинг мазкур йўналишда ҳам ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари ўрганилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Жамият барқарорлигини таъминлашда ёшларнинг ўрни

Самарқанд давлат чет тиллар институтида «Жаҳолатга қарши – маърифат» ғояси асосида «Радикализм – жамият барқарорлигига …