Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАРКАЗ ИЛМИЙ ХОДИМЛАРИ ТУРКИЯДА МАЛАКА ОШИРМОҚДА

МАРКАЗ ИЛМИЙ ХОДИМЛАРИ ТУРКИЯДА МАЛАКА ОШИРМОҚДА

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Йўлдошхон Исаев, Тоҳир Эвадуллаев, Машраб Хидиров ва Баёзхон Маҳмудов Туркиянинг Анқара шаҳридаги Ислом тафаккури институтида малака ошириш ўқувларини бошлади.

Жорий йилнинг май ойида Марказ делегациясининг ушбу институтга қилган ташрифи давомида ёзги малака ошириш дастурини йўлга қўйишга келишилган бўлиб, ўқувларнинг илк даврасини август ойида бошлаш белгиланган эди.

 

Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари тадқиқотчилари, Имом Термизий ўрта-махсус ислом таълим муассасаси педагог-ходимлари ҳам иштирок этаётган мазкур ўқувларда Ислом тафаккури институтининг устозлари ва профессор-ходимлари томонидан араб ва турк тилларида усулул-фиқҳ, усулул-ҳадис, мантиқ, ислом фалсафаси ва Мовароуннаҳр алломаларининг илм-фан соҳасидаги ютуқлари борасида маълумотлар берилмоқда.

Бугун институт раҳбари, профессор, Др. Меҳмет Гўрмез ўзбекистонлик илмий тадқиқотчилар билан учрашди. Конструктив руҳда ташкил этилган учрашувда юртимиз вакиллари мамлакатимизда диний-маърифий фаолият йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот беришди. Жумладан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Тоҳир Эвадуллаев Марказдаги илмий фаолият, таржима ва нашр ишлари, шунингдек, “Жаҳолатга қарши маърифат” тамойили остидаги ташвиқот тадбирлари хусусида сўзлаб берди.

Профессор Гўрмез ўз навбатида Марказий Осиё минтақасидан етишиб чиққан олимларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган муносиб ҳиссаси ва улар қолдирган бой маънавий хазинанинг улкан илмий қийматини алоҳида эътироф этиб, алломалар асарларини тадқиқ этишдаги ҳамфикр фаолиятдан мамнунлик билдирди ва тадқиқотчиларнинг малакавий ишларига муваффақиятлар тилади.

Илмий ходимларнинг малака ошириш курслари бир ой давом этади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тасаввуф – йирик ижтимоий воқелик сифатида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон …