Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАРКАЗ СТИПЕНДИЯСИ СОВРИНДОРЛАРИ ҲИСОБОТ ТАҚДИМОТИНИ ҚИЛИШДИ

МАРКАЗ СТИПЕНДИЯСИ СОВРИНДОРЛАРИ ҲИСОБОТ ТАҚДИМОТИНИ ҚИЛИШДИ

Имом Бухорий номидаги халқаро стипендияси дастурининг ғолибларининг 2-жуфтлиги – Малайзия миллий университети Ислом цивилизацияси институти ўқитувчиси Муҳаммад Ҳилми Жалил ҳамда Л.Н.Гумилев номидаги Евроосиё Миллий университети (Қозоғистон) докторанти Алмас Имангалиев Марказда ўтаётган амалиёт даври якун топгани муносабати билан илмий тадқиқотларининг ҳисобот тақдимотини ўтказишди.

Тақдимотда Марказ раҳбарияти ва илмий ходимлари иштирок этди.

Амалиётчилар Марказдаги илмий фаолият давомида эришган натижаларини алоҳида эътироф этиб, изланишлар олиб бораётган илмий ишлари мазмун жиҳатидан янада мустаҳкамлангани ҳамда Марказ фондидаги ҳақиқий қўлёзмалар орқали тадқиқотларини илмий асослаш имконига эга бўлганларидан мамнунликларини билдирди.

Дастур ғолиблари сўнгги икки ой давомида Марказда манбалар устида иш олиб бориб, тегишли мавзулардаги илмий ишлари доирасида кўплаб тадқиқотлар ўтказишди. Амалиёт дастурига биноан улар Самарқанд, Бухоро ва Тошкент шаҳарларига илмий сафар қилди ва Самарқанд давлат университети қўлёзмалар фонди, Бухоро давлат музей-қўриқхонаси кутубхонаси, Бухоро давлат университетининг Ахборот-ресурс маркази ва қўлёзмалар фонди, Бухоро миниатюра мактаби, Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти, академиянинг фундаментал кутубхонаси, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бўлишди.

Тақдимотчилар илмий ишларининг айни пайтдаги ҳолати ҳақида кўргазмали тарзда маълумот берар экан, амалиёт мобайнида тўпланган манба ва маълумотлар, ўтказилган илмий суҳбат ва сафарлар манфаатли бўлганини алоҳида таъкидлашди.

Стипендиатлар илмий изланишлар учун яратилган шароит ва тақдим этилган кенг имкониятлар учун раҳбарият ва жамоага чуқур миннатдорлик изҳор этишди.

Марказ директори Ш. Зиёдов амалиёт уларнинг тадқиқот фаолиятида юқори самара берганидан мамнунлик изҳор этиб, жамоа истиқболда ҳам илмий ҳамкорликни изчил давом эттиришга доим тайёр эканини билдирди ва тадқиқотчиларнинг илмий ишларига муваффақият тилади.

Шу билан Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури ғолиблари илмий амалиётининг иккинчи давраси ниҳоясига етди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …