Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ХАЛҚАРО ИЛМИЙ КОНФЕРЕНЦИЯДА МАРКАЗ ОЛИМЛАРИ ФАОЛ ИШТИРОК ЭТИШДИ

ХАЛҚАРО ИЛМИЙ КОНФЕРЕНЦИЯДА МАРКАЗ ОЛИМЛАРИ ФАОЛ ИШТИРОК ЭТИШДИ

Бугун Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) ҳамкорлигида “Термизий олимларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Анъанавий ҳамда онлайн тарзда ташкил этилган анжуманнинг ялпи йиғилишида Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) Бош директори, профессор Маҳмуд Эрол Қилич, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳамиджон Ишматбеков, Россия ислом университети, Россия мусулмонлар марказий диний бошқармаси илмий бошқармаси бошлиғи, доктор Рифат Суяргулов ва бошқалар табрик нутқи сўзлаб, мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар мовароуннаҳрлик алломалар илмий меросини изчил ўрганишга кўплаб имкониятлар яратаётганини, уларнинг жаҳон цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган бебаҳо асарларининг илмий-маънавий қийматини кенг тарғиб этишга қаратилаётган эътибор эса бугунги кунда юксак қадр топаётганини таъкидлашди.

  

Конференция ишида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбарияти ва илмий ходимлари фаол иштирок этишди. Жумладан, Марказ директори, тарих фанлари номзоди, доцент Шовосил Зиёдов “Марказий Осиё хаттотлик санъатида муҳрканлик анъаналари” мавзусида, Марказ директори ўринбосари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, PhD Отабек Муҳаммадиев “Алоуддин Усмандий асарларининг жаҳон кутубхона фондларидаги қўлёзма нусхалари” ҳамда Марказ директори Бош маслаҳатчиси фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев “Махдуми Аъзам ва унинг маърифий исломдаги бағрикенглик тушунчаси” мавзуларида маърузалар ўқишди.

Шунингдек, профессор Бахтиёр Тўраев конференциянинг “Фанлар тарихи, маданий-меъморий мерос, халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик, маданиятлараро алоқалар” номли шўъбасига модераторлик қилди.

Анжуманда Туркия, Россия, Тожикистон, Марокаш, Франция, АҚШ, Ҳиндистон, Миср, Жазоир каби давлатлардан жами 45 нафар олим иштирок этди.

Конференция иштирокчиларининг маъруза матнлари ва мақолалари тўплам ҳолатида нашр этилиши кўзда тутилган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тасаввуф – йирик ижтимоий воқелик сифатида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон …