Home / ЯНГИЛИКЛАР / Хива – Ислом дунёсининг туризм пойтахти

Хива – Ислом дунёсининг туризм пойтахти

Озарбайжон Республикаси Баку шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг 11-сессияси доирасида Хива 2024 йил “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” деб эълон қилинди. Бой тарихга эга шаҳарнинг бугунги кўриниши, очиқ осмон остидаги музей шаҳар деб эътироф этилиши ҳам бежиз эмас, албатта.

Тарихни кўз билан кўриш завқли, Хивадаги бу мўъжизали кўриниш эса ҳар бир меҳмонни ҳайратга сола олади. Элликдан ортиқ меъморий обидалар, музейлар 3 минг йиллик тарих ҳақида сўзлайди.

Кўҳна тарихнинг бугунги манзараси ҳам сеҳрли. Хивага келувчи меҳмонларни ҳайратлантирадиган, севинтирадиган бу кўриниш бутун дунё эътибори ва эътирофида. Шаҳарнинг 2024 йил Ислом дунёсининг туризм пойтахти деб эълон қилиниши катта воқелик. Бу хушхабар барчани бирдек севинтира олди.

– Шаҳар ҳудудида жойлашган мангуликка дахлдор тарихий обидалар, амалий санъат намуналари, миллий анъаналар, урф-одатлар, маросимлар теран тарихий илдизларга эга, – дейди Хоразм вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бўлим бошлиғи Шарифа Қурбонова. – Шунингдек, муҳим ҳужжатлар, нодир қўлёзмалар ҳам бой тарих, муҳим манба сифатида “Ичан қалъа” музейларидан ўрин олган. Қолаверса, халқаро тадбирлар, форумларга мезбонлик қилган кўҳна шаҳар бу. Туркий дунё маданияти пойтахти мақомига эга бўлган Хива энди ислом дунёсида туризм пойтахти сифатида ҳам эътироф этилди.

Ислом ҳамкорлик ташкилотига 57 та давлат аъзо бўлган. Бу давлатларнинг туризм вазирлари ва бошқа масъуллар иштирокида Хоразмда ҳам йиғилиш ўтказилади. Ислом олами ва зиёрат туризми салоҳиятини намойиш этишга имкон берувчи ушбу тадбирдан илмий-амалий анжуманлар, фотокўргазмалар, арт-экспозициялар ўрин олади.

Манба: ЎзА

Check Also

«Синергетика-3: маънавий мерос» номли китоб тақдимоти ўтказилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот …