Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / КОМИЛЛИККА ЭРИШИШНИНГ ЯГОНА ЙЎЛИ — МУТОЛАА

КОМИЛЛИККА ЭРИШИШНИНГ ЯГОНА ЙЎЛИ — МУТОЛАА

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Комил Синдоровнинг “Янги аср авлоди” нашриёти томонидан чоп этилган “Темурийлар кутубхонасининг сири”, “Супоқсойдаги сирли қотиллик”, “Ўғирланган болалик” номли бадиий детектив асарлар моҳияти юзасидан муаллиф иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Марказ раҳбарияти ва илмий ходимлари ҳамда Малака ошириш маркази Самарқанд минтақавий филиали тингловчилари қатнашди.

Тадбир аввалида Марказ директорининг Бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев сўзга чиқиб, бадиий мутолаанинг инсон камолотидаги ўрни ҳамда маънавий тарбиясидаги муҳим аҳамиятини қайд этди. Маънавий озуқа олишнинг, комилликка эришишнинг бирдан-бир йўли билимлар манбаи бўлган китоб мутолааси ҳисобланади. Нотиқ садоқатли ҳамроҳ, энг яқин дўст ва бебаҳо бойлик – китобнинг шу жиҳатдаги нодир қийматини алоҳида таъкидлаб, тадбир меҳмони Комил Синдоровни самарали ижод маҳсуллари билан қизғин табриклади.

Ўзбекистон Республикаси прокуратура ходимлари малакасини ошириш маркази профессори К.Синдоров детектив жанридаги ўзбек романчилигининг етук намоёндаларидан биридир. Унинг китоблари аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, китобхон онгига жиноят учун жазонинг муқаррарлиги, суд ҳукмисиз ҳеч кимни айбдор деб ҳисоблаб бўлмаслиги, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш тамойилларига оид тушунчаларни кенг сингдиришга хизмат қилиб келмоқда.

Муаллиф ўз чиқишида китобларида инсонлар онгида узоқ йиллар давомида сақланиб келаётган “прокуратура қораловчи, жазоловчи орган, унда ишловчи ходимлар эса қаҳри қаттиқ, қўпол ва бемеҳр инсонлар” деган нотўғри тушунчаларга барҳам бериб, қаҳрамонлари мисолида терговчиларнинг ғоят машаққатли, шу билан бирга шарафли ишларини ҳаққоний ёритишга эътибор қаратгани, бу билан адолат, ҳақиқат ва қонун устуворлигини таъминлаш учун жонбозлик кўрсатаётган бундай шарафли касб эгаларининг фидойиликларини баён этганини таъкидлади.

Давра суҳбати қизғин мунозара ҳамда савол-жавобларга бой бўлди.

Тадбир якунида муаллиф томонидан ёзилган китоблар тўплами Марказ кутубхонасига тақдим этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЎРТА ОСИЁ ҚЎЛЁЗМАЛАРИ КОДИКОЛОГИЯСИ ЭЛEМEНТЛАРИ»

1-2 май, 2024 йил соат 10:00 да Ўтказиш жойи: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро …