Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / БУХОРО ВОҲАСИ ТАРИХИ ТУРКУМ СЕМИНАРЛАРНИНГ НАВБАТДАГИСИГА МАВЗУ БЎЛДИ

БУХОРО ВОҲАСИ ТАРИХИ ТУРКУМ СЕМИНАРЛАРНИНГ НАВБАТДАГИСИГА МАВЗУ БЎЛДИ

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуси доирасида навбатдаги онлайн семинар бўлиб ўтди.

Унда Марказнинг халқаро стипендия совриндорлари ва илмий ходимлари, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (OIC)нинг Ислом тарихи, маданияти ва санъатини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) вакиллари , Малайзия миллий университети Ислом цивилизацияси институти ва Самарқанд Давлат университети олимлари, юртимизнинг қатор илмий муассасалари, шунингдек, Хитой ҳамда Қозоғистон давлатлари тадқиқотчилари иштирок этди.

Бу галги семинарда Париж-Сорбонна-Пантеон университети доктори Рокко Рантенинг “Илк Ислом давридаги Бухорога оид тадқиқотлар” мавзусидаги маърузаси тингланди.

Нотиқ маъруза аввалида Гамбург университети ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбариятига семинарда маъруза билан иштирок этиш таклифи учун миннатдорлик изҳор қилди. Олим шунингдек, унинг тадқиқот ишлари давомида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Туризм вазирлиги, Фанлар академияси Самарқанд археология институти ва бошқа қатор муассасаларнинг амалий ёрдамларини алоҳида эътироф этди.

Олим маърузасининг асосий қисми Бухоро воҳаси тарихини янги археологик кашфиётлар асосида ўрганиш асосларини ҳамда Ислом даврида кузатилган асосий хусусиятларни очиқлашга бағишланди.  Доктор Рокко Рантенинг мазкур изланишлари Франция музейларини тадқиқ қилиш ва тиклаш маркази томонидан олиб борилган археологик қазишмалар ва ўтказилган тадқиқотлар натижасида олинган геоморфологик ва этноархеологик маълумотлар, шунингдек, керамика ва шишани ўрганиш орқали ўтказилган археометрик таҳлиллар каби кўп миқёсли ёндошувларга асосланган. Шунга кўра нотиқ воҳанинг яралиш тарихини қисқача тақдим этди. Бунда географик конфигурациялар ўзгариши, сув каналларининг эволюцияси ва иқлим ҳодисалари каби қатор омилларга асосий эътибор қаратиб, биринчиси бундан 200 минг йил аввалги тарихдан бошланган хронологияни 4 та босқич асосида тавсифлаб берди.

Маърузада шунингдек, карвон йўлларининг шаклланиши, аҳолининг ўтроқлашуви ва ерларнинг ўзлаштирилиши натижасида турар-жой манзилларининг пайдо бўлиши, кейинчалик урбанизация туфайли шаҳарларнинг вужудга келиши тарихи ҳақида кўргазмали маълумотлар берилди.

Олим воҳа тарихининг Ислом даврига оид қисмида босқичма-босқич маданий ўзгаришлар рўй берганини алоҳида таъкидлаб, мавжуд шаҳарсозлик анъаналари такомиллашиб, мустаҳкам қўрғон ва қалъалар қурилиши бошланиши, янги шаҳарлар бунёд этилиб, деворлар билан ўралиши шу даврга тўғри келишини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, ҳукмрон бўлган ижтимоий-маънавий муҳит ислом давридаги иқтисодий ва демографик ўсиш туфайли янада ривож топди.

Маъруза давомида воҳа тарихига оид янги археологик топилмалар суратлари ҳам намойиш этилиб, уларнинг айни пайтда сақланиши борасидаги қимматли маълумотлар тақдим этилди.

Маърузачи семинар иштирокчиларини қизиқтирган барча саволларига илмий асосланган жавоблар қайтарди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

ҲАЖ ВА УМРАГА КЕТАЁТГАН АЁЛЛАРГА ТАВСИЯЛАР

Ҳаж Ислом динининг бешинчи рукни бўлиб, ҳаж қилувчи нафс поклиги ва ахлоқ сайқалига алоҳида эътиборли …