Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАРКАЗ СТИПЕНДИАТЛАРИ ИЛМИЙ ИШЛАРИ ТАҚДИМОТИНИ ЎТКАЗДИ

МАРКАЗ СТИПЕНДИАТЛАРИ ИЛМИЙ ИШЛАРИ ТАҚДИМОТИНИ ЎТКАЗДИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Имом Бухорий номидаги халқаро стипендиянинг айни кунларда Марказда амалиёт ўтаётган совриндорлари олиб бораётган илмий-тадқиқотларининг дастлабки натижалари тақдимотини ўтказишди.

Тақдимот аввалида стипендия дастури ғолиблари Марказда илмий изланишлар олиб бориш учун яратилган шароит ҳамда раҳбарият ва илмий ходимлар томонидан кўрсатилаётган амалий ёрдамлар учун миннатдорлик билдиришди. Шунингдек улар томонидан мазкур халқаро лойиҳа хорижлик тадқиқотчилар учун Мовароуннаҳр алломалари илмий меросини ўрганишда муҳим босқич экани эътироф этилди.

Хусусан, Малайзия миллий университети Ислом цивилизацияси институти ўқитувчиси Муҳаммад Ҳилми Жалил изланишлар жараёнида Марказ тадқиқотчилари билан ўтказилаётган илмий суҳбат ҳамда мунозаралар ижобий натижалар бераётганини таъкидлаб, “Марказ фондидаги қўлёзмалар билан танишиш ва уларни ўрганишга муваффақ бўлганим мен учун катта ютуқ, бу орқали мен тадқиқотларимни ҳақиқий қўлёзмалар билан асослаш имконига эга бўлдим”, деди.

Л.Н.Гумилев номидаги Евроосиё Миллий университети докторанти Алмас Имангалиев эса мазкур халқаро амалиёт воситасида Марказ фаолияти билан яқиндан танишиб, бу ерда жамланган илмий-маънавий меросдан баҳраманд бўлаётганлигини чуқур мамнуният билан қайд этди. “Ишонаманки, Ўзбекистонга, хусусан, Марказингизга қилинган ушбу сафар илмий ишларим самарадорлигини ошишига хизмат қилади. Марказингизда амалга оширган ишларим якунида бу ердаги фаолиятимга атаб кичик рисола чоп эттирмоқчиман”, дея хайрли мақсадлари билан ўртоқлашди қозоғистонлик тадқиқотчи.

Тақдимотчилар олиб бораётган илмий ишларининг моҳияти, мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил маълумот бериб, изланишларнинг дастлабки натижалари ва аҳамиятига ҳам тўхталишди.

Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Марказда Муҳаммад Ҳилми Жалил “Мусулмонларнинг “Саҳиҳул Бухорий”га асосланган ўзига хослиги”, Алмас Имангалиев “Фаробийшунослик ва тарихий таҳлил” мавзуларидаги илмий ишлари устида изланиш олиб боришмоқда.

Стипендиатларнинг Марказдаги илмий амалиёти жорий йилнинг июнь ва июль ойларига мўлжалланган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …