Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / АЖДОДЛАРИМИЗНИНГ МАЪРИФАТ ЁҒДУСИ МАНГУЛИККА ДАХЛДОР

АЖДОДЛАРИМИЗНИНГ МАЪРИФАТ ЁҒДУСИ МАНГУЛИККА ДАХЛДОР

Бугун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (OIS)нинг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA – ИРСИКА), Ислом оламининг таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) ҳамкорлигида “Шарқ алломаларининг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Онлайн тарзда ташкил этилган конференцияда Қозоғистон ва Қирғизистон мусулмонлари диний идоралари раислари, Малайзия, Миср, Покистон, Туркия, Германия, Буюк Британия ва Эрон давлатларининг ислом илмларига ихтисослашган олий таълим ҳамда илмий муассасалар олимлари, диний ташкилотлар ва расмий дин вакиллари, таниқли уламолар, соҳа мутахассислари ҳамда мустақил тадқиқотчилар иштирок этишди.

Конференциянинг очилишига бағишланган ялпи йиғилишида сўзга чиққан маҳаллий ва нуфузли хорижий ташкилотлар вакиллари мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш ва ёш авлодга етказишга кенг имкониятлар яратаётгани, пировардида халқимизнинг бой тарихи ва ўлмас қадриятларини жаҳон миқёсида теранроқ тарғиб қилишга замин ҳозирлаётганини таъкидладилар.

Анжуман иши тўртта шўъба фаолияти асосида ташкил этилди. Шўъба йиғилишларида иштирокчилар томонидан “Шарқ алломалари меросида ислом илмларининг ўрганилиши”, “Мовароуннаҳрда, ижтимоий,  табиий ва аниқ фанлар ривожи”, “Мусулмон олимларининг жаҳон илмфани тараққиётига таъсири, “Мусулмон алломаларининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси” каби йўналишларда қатор мавзулар муҳокама қилинди.

Маълумки Марказий Осиёда ижод этиб, беқиёс илмий хазина яратган мутафаккирларнинг дурдона мерослари, бой ижоди, илмий ва фалсафий фикрлари дунё илмлари тараққиёти ва ислом равнақи учун мустаҳкам тамал тоши бўлиб хизмат қилган. Уларнинг нодир асарлари жаҳон цивилизациясининг олтин хазинасидан муносиб ўрин олиб, бутун дунё фани ва маданияти тарихида ўчмас из қолдирган. Минтақанинг етук файласуф ва алломаларнинг юксак илмий салоҳияти Мовароуннаҳрни ислом дунёсида янги фалсафий ва илмий билимлар шаклланган йирик маърифий марказга айлантирди. Конференция иштирокчилари буни ўз маърузаларида якдиллик билан эътироф этишиб, буюк аждодларимиз таратган диний ва дунёвий маърифатнинг мангуликка дахлдор маънавий қийматини юксак баҳоладилар.

Конференциянинг шўъба йиғилишларида жами 40 га яқин маъруза тингланди. Унинг “Шарқ алломалари меросида ислом илмларининг ўрганилиши” деб номланган шўъбасига Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Отабек Муҳаммадиев ва “Мусулмон алломаларининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси” номли шўъбасига Марказ стипендиати, Малайзия Миллий университети ҳузуридаги Ислом цивилизацияси институти директори ўринбосари, доцент Моҳд ал Адиб Самурилар модераторлик қилди. Шунингдек анжуманда Марказнинг бир неча илмий ходимлари хорижлик олимлар маърузаларини инглиз ва араб тилларидан ўзбек тилига синхрон таржима қилиш орқали фаол иштирок этишди.

Иштирокчилар маърузалари яқин истиқболда йирик илмий тўплам кўринишида чоп этилиши режалаштирилган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …