Home / ЯНГИЛИКЛАР / ТАҲДИДЛАРГА ҚАРШИ ХАЛҚАРО, УЮШГАН ҲАРАКАТЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ ЗАРУР Тошкентда “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми иш бошлади

ТАҲДИДЛАРГА ҚАРШИ ХАЛҚАРО, УЮШГАН ҲАРАКАТЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ ЗАРУР Тошкентда “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми иш бошлади

ЎЗБЕКИСТОН ТАШАББУСЛАРИ – АМАЛДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар, АҚШ Глобал жалб қилиш институтлари, Дин ишлари бўйича қўмита, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилган форумда Европа, Осиё, Яқин Шарқ, Африка мамлакатлари ва АҚШ етакчи дин уламолари, илоҳиётшунослари, ҳуқуқшунослари ва бошқа расмий вакиллар иштирок этмоқда.

“Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми Президентимиз ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 2018-йил қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюциясида мустаҳкамланган тамойил ва қоидаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича Ўзбекистон олиб бораётган изчил ишларнинг бир қисми саналади. Шу боис, форум 2020-йилда давлатимиз раҳбари тасдиқлаган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси мақсадларига эришишга хизмат қилади.

Анжуман очилиш маросимида сўзга чиққан Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов, АҚШ Глобал жалб қилиш институти вице-президенти Жеймс Чен, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дениел Розенблюмлар халқаро форум жаҳон ҳамжамиятига ўзбек халқининг бой маданий-тарихий ва диний-фалсафий мероси, мамлакатимизнинг конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, жамиятда дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини сақлаб туриш бўйича сиёсий-ҳуқуқий тажрибаси билан танишиш имконини берувчи муҳим тадбир эканини таъкидлади.

Форум доирасида ўтказилиши мўлжалланган илмий-амалий семинарлар кўп миллатли жамиятда конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш соҳасида тажриба алмашиш, диний эркинлик масаласида қонун устуворлигини таъминлаш, турли дин вакиллари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлаш бўйича илғор амалиёт билан танишиш мақсадларига хизмат қилиши қайд этилди.

Шу билан бирга, анжуман ишида турли мамлакатлар диншунос олимлари, амалиётчи мутахассисларига жамиятда тинчлик ва тотувликни сақлашнинг муҳим шарти сифатида динлар ва маданиятлар ўртасида самарали мулоқот ўрнатиш соҳасидаги энг яхши халқаро амалиёт, илғор хорижий тажриба намойиш этилади.

– Давлатимиз раҳбари ўзининг қатор чиқишида халқаро ҳамжамиятнинг диққат-эътиборини умумбашарий муаммоларни ечишда сивилизациялар, маданиятлар ўртасидаги мулоқотга алоҳида аҳамияти қаратиб келади, – дейди Содиқ Сафоев. – Дарҳақиқат, дунёда вазият шиддат билан ўзгариб бормоқда. Кечаги ўлчамлар бугунги кунга тўғри келмаяпти. Шу билан бир қаторда бугунги тобора глобаллашаётган дунёда ҳеч бир муаммога алоҳида давлат томонидан ечим топилиши мушкул. Барчамизни безовта қилаётган таҳдидлар халқаро, кўп томонлама, уюшган ҳаракатларни амалга оширишни талаб қилади. Хорижий ҳамкорларимиз билан мулоқот учун тизимли платформа яратиш жуда муҳим. Динлар, маданиятлараро бағрикенглик ва уйғунликни қарор топтириш, ўрнашиб қолган стереотиплар ва янглиш фикрларга қарши курашиш – умумий вазифамиз. Аминманки, ушбу форум айнан шу мақсадга хизмат қилади.

Нуфузли тадбир 20-майга қадар давом этади. Хусусан, 18-май куни Самарқанд шаҳрига танишув саёҳатини ташкил этиш кўзда тутилган. Унда хорижий делегациялар мамлакатимиздаги энг қадимий шаҳарлардан бирининг маданий мероси билан танишади, турли конфессиялар диний масканларига ташриф буюриб, диний ҳамжамият вакиллари билан учрашади.

Анжуман 19-май куни Бухоро шаҳрида “Декларациялар мулоқоти” мавзусидаги халқаро конференсия билан ўз ишини якунлайди. Тадбирда илмий-амалий семинарлар сарҳисоб қилинади, эътиқод эркинлиги ва динлараро мулоқотни таъминлаш масаласи бўйича фикр алмашилади, келгуси ҳамкорлик истиқболи белгиланади.

Халқаро учрашувнинг асосий натижаси сифатида “Бухоро декларацияси” қабул қилиниши кўзда тутилган.

Лутфулла ХАЙРУЛЛАЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022-йил 17-май, 97-сон

Check Also

Юракни мадҳ этган садо!

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан Марказда “Юракни мадҳ этган садо!” шиори …