Home / МАҚОЛАЛАР / КОНСТИТУЦИЯ – ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТИ

КОНСТИТУЦИЯ – ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТИ

Конституция давлатнинг асосий қонуни бўлиб, муайян жамиятдаги ижтимоий муносабатлар тизимини ва давлат тузумининг энг муҳим энг асосий томонларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлайди. 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган мустақил Ўзбекистон Конституцияси ҳам мамлакат ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётининг барча жабҳаларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда беқиёс аҳамиятга эга бўлди. Мазкур ҳужжат мамлакатда инсон шаъни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлади ва Республиканинг халқаро майдонда тенг ҳуқуқли, суверен мамлакат сифатидаги мавқеини мустаҳкамлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бошқа мамлакатлар конституцияларига қараганда бир қанча ўзига хос хусусиятларга эга. Жумладан, мазкур Конституцияни яратишда энг ривожланган давлатларнинг 100 га яқин конституцияларидан фойдаланилди. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ҳамда фуқаролар олдида масъул эканлиги белгиланди. Шунингдек, асосий Қонунда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари борасида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясининг барча асосий ғоя ва қоидалари ўз аксини топди. Бу эса ўз навбатида, мазкур конституцияни ривожланган мамлакатлар конституциялари қаторига олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.    

Бундан ташқари, Конституцияда ҳурфикрлик, виждон ва диний эътиқод эркинлиги масалаларига ҳам катта эътибор берилди. Конституциянинг 31-моддасида фуқароларнинг асосий ҳуқуқларидан бири виждон эркинлиги ҳуқуқи ҳисобланиши кўрсатилди[1]. Асосий Қонунга виждон эркинлиги масаласига бағишланган модданинг киритилиши бу борада инсон ҳуқуқларининг рўёбга чиқарилишида муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, мамлакатда виждон эркинлиги ва диний эътиқод эркинлиги масалаларини тартибга солувчи “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун (янги таҳрири) қабул қилинди. Мазкур Қонуннинг 3-моддасида виждон эркинлиги – фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиши ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқи сифатида белгилаб қўйилди[2].

Ушбу Қонун асосида мамлакатда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳам бу борадаги ҳуқуқий мақоми белгиланди. Жумладан, бундай шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон эркинлиги ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланиши ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун ҳужжатларини бузганлик учун эса қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлиши кўрсатиб берилди[3].

Конституциявий тамойиллар ва шу асосда қабул қилинган Қонунларга таянган ҳолда мустақиллик йиллари Ўзбекистонда 16 та диний конфессияга мансуб 2238 та диний ташкилот, 130 дан ортиқ миллат вакилларини ўзида жамлаган 140 га яқин миллий-маданий марказ, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси ва Самарқанддаги ҳадис олий мактаби ҳамда 9 та ўрта махсус ислом билим юртлари, православ ва протестант семинариялари фаолият кўрсатиб келмоқда. 2018 йилнинг биринчи чорагида республикамиз бўйлаб, Қуръони карим тиловати бўйича мусобақалар ўтказилди.

Шунингдек, барча олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари қошида “Қуръони карим ва тажвид” ва “Араб тили” пуллик курслари ташкил этилди. Олий ва ўрта махсус ўқув юртларида талабалар диний илмлар билан бир қаторда дунёвий илмларни олиш имкониятига ҳам эга бўлган бўлса, юқорида санаб ўтилган миллий-маданий марказлар турли миллат ва элат вакиллари ўз она тили, миллий қадриятлари, тарихи, маданиятини ўрганиш, уларни ёшларга етказиш, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик ғояларини ёшларг онгига сингдириш бўйича кенг кўламли ишлар амлага оширилди.

Энг қувонарлиси 2017 йил 27-март куни Ўзбекистон Республикаси Президентинигг №ПҚ-2855 қарори асосида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Ушбу Марказ нафақат юртимиз балки, халқаро миқёсда ўз фаолиятини бошлаб юборди.

Ўтган давр мобайнида ёшларни «оммавий маданият» ниқоби остида мамлакатга кириб келаётган турли бузғунчи ғоялар таъсиридан асраш долзарб масалаларидан бири бўлиб келди. Сўнгги йилларда мазкур муаммо мамлакат раҳбарининг доимий диққат марказидаги масалага айланди. Мамлакат раҳбари ушбу муаммо нафақат минтақа доирасида, балки жаҳон миқёсидаги ҳал этилиши лозим бўлган масалалардан бири эканлигига дунё ҳамжамияти эътиборини қаратди. Бу эса муҳтарам Президентимизнинг нутқ ва маърузаларида ўз аксини топди. Жумладан, мамлакат Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида сўзлаган нутқларида диний маърифатнинг умуминсоний маданиятда тутган ўрнига юксак баҳо берилди. Шу сабабдан ҳам Ўзбекистонда сўнгги йилларда ёшларнинг диний билимини бойитиш, дунёқарашини тўғри шакллантириш бўйича тегишли тадбирлар амалга оширилди.

Бундан ташқари, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолиятини тартибга солувчи норматив – ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилди. Жумладан, 2018 йил 16 апрелда Президентимизниинг 5416 сонли фармони билан “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш” чора-тадбирлари ва Ҳукуматнинг 2018 йил 31 майдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. Мазкур низомнинг  қабул қилиниши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги қарори ўз кучини йўқотди[4].

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, мустақиллик йилларида диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Бу борада Асосий Қонунга таянган ҳолда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва амалиётга жорий этилди. Бу эса ўз навбатида мамлакат барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

Диний-маърифий тадбирлар бўлими:
Т.Эвадуллаев
Ж.Жумаев
 
[1] Ўзбекистон Республикаси Конституцияси.Тошкент «Ўзбекистон» 2014.
[2] “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун (янги таҳрири) Lex.uz
[3] Ҳотамов Ж. Виждон эркинлигининг ҳуқуқий пойдевори. muslim.uz
[4] http://xs.uz/uz/post/ozbekistonda-dinij-tashkilotlar-maszhidlarni-rojkhatdan-otkazish-besh-baravarga-arzonlashdi

Check Also

“Чиғатой” аҳли билан учрашув

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш бўйича тарғибот тадбирларини …