Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / МАНФААТЛИ САФАР ХАЙРЛИ КЕЧМОҚДА

МАНФААТЛИ САФАР ХАЙРЛИ КЕЧМОҚДА

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Туркия сафаридаги делегацияси Анқара Йилдирим Боязид университетида бўлди. Делегация аъзолари университет ректори, профессор, Др. Ибраҳим Айдинли билан учрашиб, Марказ директори Шовосил Зиёдовнинг қизғин саломларини етказди.

Университет билан Марказ ўртасида ўтган йилнинг сентябр ойида профессор Айдинлининг Ўзбекистонга ташрифи давомида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Айни пайтда мазкур ҳужжат асосида қатор йўналишларда ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Жумладан университетда Марказнинг икки нафар илмий ходими таълимнинг магистратура босқичида таҳсил олмоқда.

Мулоқот чоғида Марказ директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев самимий қабул учун миннатдорчилик изҳор этди ҳамда ҳамкорлик истиқболларига оид фикрларини билдирди. Ибраҳим Айдинли ҳамжиҳатликдаги фаолиятнинг мавжуд имкониятларидан тўлақонли фойдаланиб, қўшма лойиҳаларни кенгайтиришга тайёр эканини маълум қилди. Музокаралар натижасига кўра томонлар жорий йилнинг ноябр ойида туркий алломалар илмий меросига бағишланган нуфузли халқаро анжуман ташкил этишга келишиб олдилар.

Делегация аъзолари шунингдек, мазкур университетнинг ислом илмлари ва ҳуқуқшунослик факультетлари ислом ҳуқуқи кафедраси мудири профессор Др. Хайри Бўзгийик ҳамда университет ҳузуридаги ислом қўлланма тадқиқотлари маркази раҳбари Проф. Др. Айтач Айдин билан учрашди. Учрашувда Проф. Др. Айдин билан ҳамкорликнинг қатор ташкилий ва амалий жиҳатлари қизғин муҳокама қилинди. Марказ илмий ходимларини университетга малака оширишга жалб қилиш, нашр ишларини ўзаро ҳамжиҳатликда ташкил қилиш, Марказда таржима қилинган асарларни турк олимлари орасидан тақризчилар тайинлаб шу ернинг ўзида чоп қилиш, тадқиқотчиларга кафедра профессор-ўқитувчилардан илмий раҳбар ва илмий маслаҳатчи белгилаш масалалари шулар жумласидандир. Профессор Др. Хайри Бўзгийик эса ушбу келишувларни ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш ҳамда барча ташкилий жараёнларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.

Делегация сафари давом этмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …