Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / ЎЗБЕКИСТОН БИЛАН ҲАМКОРЛИК – ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАР АСОСИ

ЎЗБЕКИСТОН БИЛАН ҲАМКОРЛИК – ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАР АСОСИ

Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази “OcisNews” ахборот бюллетенининг янги нашрдан чиққан баҳорги сонида мазкур марказнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлигига оид маълумот чоп этилди.

Нашрнинг марказдаги баҳорги семестр янгиликлари ҳамда умумий жараёнларга бағишланган 78-сони 2-саҳифасининг асосий қисми “Халқаро алоқалар” рукнига бағишланган бўлиб, унда дунёнинг бир неча давлатлари ҳамда нуфузли илмий муассасалар сирасида Ўзбекистон билан ўрнатилган ҳамкорлик ҳақидаги маълумот ҳам ўрин олган.

Маълумотда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозиловнинг марказга ўтган йилнинг декабрь ойидаги ташрифи билан илмий алоқалар янада мустаҳкамлангани қайд этилган. Бундан ташқари, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ўзаро англашув Меморандуми имзолангани, бу эса илмий тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорликни янги поғонага олиб чиққани таъкидланган.

Маълумот сўнгида Марказга илмий фаолият олиб бориш учун доктор Шукурилло Умаров ва (Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими) жаноб Барот Амонов келгани алоҳида тилга олинган.

1989 йилда таъсис этилган, йилига тўрт марта инглиз ва араб тилларида чоп этиладиган нашрда марказ фаолиятига оид янгиликлар, меҳмонлар ташрифлари, ҳамкорлик келишувлари, кадрлар малакасини ошириш юзасидан имзоланган Меморандумлар ва бошқа материаллар ёритилади. 1100 нусхада чоп этиладиган нашр Европа ва араб давлатларида мингга яқин обуначига тарқатилади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Юракни мадҳ этган садо!

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан Марказда “Юракни мадҳ этган садо!” шиори …