Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ийд ал-Фитр – РАМАЗОН ҲАЙИТИ МУБОРАК БЎЛСИН!

Ийд ал-Фитр – РАМАЗОН ҲАЙИТИ МУБОРАК БЎЛСИН!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Рамазон ойининг рўзасини бандаларига фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Рамазон ойинингтунларида бедор бўлишни умматига суннат қилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар бўлсин!

ҲАЗРАТИ РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ: “ҲАР БИР ҚАВМНИНГ ЎЗ БАЙРАМИ БОР, ИЙД БИЗНИНГ БАЙРАМИМИЗДИР”, ДЕБ МАРҲАМАТ ҚИЛГАНЛАР.

ҲОФИЗ ИБН ҲАЖАР РОҲИМАҲУЛЛОҲ “ФАТҲУЛ БОРИЙ” АСАРИДА ШУНДАЙ ДЕГАН: “ҲАЙИТ КУНЛАРИ ШОДЛИКНИ ИЗҲОР ҚИЛИШ ДИННИНГ ШИОРЛАРИДАНДИР”.

Аллоҳнинг раҳмат-мағфирати ёғиладиган, ажру мукофот бериладиган ва хурсандчилик айёми бўлган Ийд ал-Фитр — Рамазон ҳайити билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва ўз номимдан самимий муборакбод этаман.

Аллоҳ таолонинг амрини адо этиб, тақво неъматини қўлга киритган, Расул алайҳиссаломнинг суннатига эргашиб, имон ила, савоб умидида рўза тутган мўмин-мусулмонларга жаннатнинг Райён дарвозасидан кириш бахти насиб этсин!

Шундай файзли кунларга етказгани учун Ҳақ таолога шукроналар айтамиз. Қодир Аллоҳдан халқимизга қут-барака, бахту саодат ва тинчлик-офият беришини сўраб дуолар қиламиз.

Рамазон ойида бутун дунёга Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилди. Мўмин-мусулмонлар субҳидамда саҳарлик дастурхони атрофида ибодатга киришдилар. Файзли оқшомларда эса ифторлик қилиб, қалб роҳати —таровиҳ намозини адо этдилар.

Ҳақ таолога шукрки, сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгидан очилаётган масжид-мадрасалар, қайта чирой очаётган қадамжолар мўмин-мусулмонларни чексиз мамнун этмоқда.

Ҳар йили Рамазон ойи ҳамда икки ҳайит байрамлари арафасида давлатимиз раҳбарининг қарори қабул қилиниши динимизга қаратилаётган эътиборнинг амалдаги бир инъикосидир. Айниқса, бу айём кунлари дам олиш кунларининг кўпайтириб берилаётгани ҳар бир мўмин-мусулмонни яна ҳам хурсанд қилиб, айёмни муносиб тарзда ўтказишга хизмат қилмоқда.

Яна бир муҳим воқелик — улуғ айём кунлари Президентимиз Ислом цивилизацияси маркази қурилиш майдонига ташриф буюриб, маънавий қудратимиз тимсоли бўлган ушбу муаззам мажмуа фаолиятини йўлга қўйиш бўйича қимматли маслаҳатлар берди. Бу ерда юртимиз уламоларининг ислом цивилизацияси ривожига қўшган буюк ҳиссаси яққол ифода этилади. Имом-хатибларимиз мана шундай бетакрор масканда малака оширади.

Мазкур ишларнинг узвий давоми сифатида Президентимизнинг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган муҳим вазифалар Рамазон ҳайитининг юртимизда кўтаринки руҳда ўтишига асосий омил бўлади. Ушбу қарор байрам кайфиятини янада оширишга, муборак айёмни янада мазмунли ўтказиш учун шароит ҳозирлайди.

Шунингдек, улуғ айём арафасида мўмин-мусулмонларнинг ҳиммати баланд, шижоати юксак бўлади, ота-оналар, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, кексалар, устозлар, беморлар ва муҳтожларнинг кўнгли олинади. Аллоҳ таоло фарз қилган закотлар адо этилди, фитр садақаси ҳамда фидялар берилди.

Рамазон ҳайити шодиёналари юртимиз бўйлаб кўтаринки кайфиятда ўтмоқда. Айниқса, ушбу кунларда халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат, эзгулик каби фазилатлар янада ёрқинроқ намоён бўлмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг Рамазон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табриги юртдошларимизнинг кўнглини тоғдек кўтарди. Табрикдаги самимий ва дилдан чиққан пурмаъно гаплар юртдошларимизнинг қалбига тўғри кириб борди, уларни чексиз манмун этди. Байрам кунларида ўзаро оқибатли бўлиш, меҳру саховат кўрсатиш каби инсоний фазилатларни яна бир бора амалда намоён этишга туртки бўлди.

Шунингдек, айём кунларида муқаддас динимиз эъзозлаган, буюк алломаларимиз тарғиб этган кам таъминланган, камбағал оилалар ҳолидан хабар олиш, етимлар бошини силаш, ёрдамга муҳтожларга мурувват қўлини чўзиш каби улуғ анъаналаримиз янада жонланади. Имом-хатибларимиз Меҳрибонлик ва Мурувват уйларида саховат тадбирларини ўтказди, кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа зарур маҳсулотлар тарқатадилар. Амалга оширилган бундай эзгу ва савоб ишлардан халқимизнинг кайфияти кўтарилади.

Жорий йил 29 апрель куни бўлиб ўтган видоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари “Рамазон ойи — сахийлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик ойидир. Бу қутлуғ айёмда меҳр-шафқатли, кечиримли бўлиш ҳаммамиз учун ҳам фарз, ҳам қарз”, деди.

Шу муносабат билан, Рамазон ҳайити арафасида Президент адашиб жиноятга қўл урган, лекин айбини чуқур англаб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 65 нафар фуқарони афв этиш бўйича фармонни имзолади.

Мутасаддиларга ушбу фуқаролар байрамни ўз уйида, яқинлари бағрида кутиб олишлари учун барча шароитларни яратиш бўйича топшириқ берилди.

Таъкидлаш жоизки, охирги йилларда жадал фаолият юритаётган Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказларида ислом динининг илмий жиҳатдан тадқиқ этилиши катта самара бермоқда. Бундай хайрли ишларнинг самараси ўлароқ, заминимиздан яна бухорийлар, термизийлар, насафийлар ва нақшбандийлар етишиб чиқажак, иншоаллоҳ.

Шубҳасиз, Имом Термизий бобомиз ривоят қилган “Яхшиликка далолат қилувчи уни қилган киши кабидир”, ҳадиси шарифига мувофиқ санаб ўтилган савобли ишлар сабабчиси бўлган инсонларга ҳам чексиз ажру мукофотлар ёзилади ҳамда юртимизга қут-барака ёғилади, иншоаллоҳ.

Сизу биз мана шундай улуғ неъматларнинг қадрига етиб, динимиз ривожига кўрсатилаётган шароитларни Аллоҳ таолонинг улуғ марҳамати деб қабул қилишимиз, бунинг шукронасини ҳамиша адо этишимиз лозим.

Бу йилги Рамазон ойи чин маънода қут-баракали ва файзли бўлди. Чунки бу ойда тўхтовсиз хатми Қуръонлар, гўзал маърифий суҳбатлар, халқаро доирадаги эътирофлар бўлди. Шунингдек, халқимиз бу ойни тақвою ибодат, хайру саховат улашиш билан ўтказиб, доим яхшиликлар пайида бўлдилар.

Ушбу амаллар савобини ҳадиси шарифларда марҳамат қилинганидек, ҳар бир қилинган амалнинг эвазига 70 тадан 700 тагача савоб беради. Иншоаллоҳ.

Рамазон ҳайити ислом динининг учинчи рукни бўлмиш рўза ибодатини адо этиш муносабати ила нишонланадиган катта қувончли воқеадир.

Ийд ал-Фитрни дунё мусулмонлари қатори юртимиз аҳли ҳам катта шодиёна ва хурсандчилик ила ўтказади. Ушбу кун — Яратган Эгамнинг раҳмати Ер юзига ёғиладиган, қалблар завқланадиган, рўзадорларга ажрлар бериладиган ажойиб фурсат.

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир қавмнинг ўз байрами бор, Ийд бизнинг байрамимиздир”, деб

марҳамат қилганлар.

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ “Фатҳул Борий” асарида шундай деган: “Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир”.

Ийд — Аллоҳ таолога қилинган тоат-ибодатлар туфайли, У зотнинг бандаларига кўрсатган раҳмату мағфирати туфайли хурсандчилик изҳор қилиш учун бир муносабат.

Ийд рўза каби улуғ ибодатни адо қилгандан сўнг бандаларга тақдим қилинган Раббоний зиёфатдир. Аллоҳ таоло Ўзининг фазли, мағфирати ва бу рўза ибодатига лойиқ кўрганидан хурсанд бўлсинлар, деб бандаларини Ийд ал-Фитр зиёфатига таклиф қилади.

Иншааллоҳ, ушбу фазилатли ойнинг якунланиши барчаларимиз учун Аллоҳнинг раҳмати, гуноҳларимизнинг мағфират қилиниши ҳамда жаҳаннамдан қутулиш байрами бўлди.

Зеро, ҳар бир мўмин-мусулмон учун Роббининг ибодатини адо этиш чинакам бахту саодатдир. Шунинг учун бу байрам имон ҳаловати, ибодат ва дуо-истиғфор байрами. Бу байрамда мусулмонлар жоме масжидларига тўпланиб, Ийд намозини жамоат билан ўқийдилар. Сўнг дуолар қилиб, ўтганларнинг руҳини шод этади, эл-юртга, Ватанга, бутун дунёга осудалик тилаб, илтижолар қиладилар.

Яратган Парвардигор бутун дунё мусулмонларига Рамазон ҳайити байрамини муборак айласин, бутун оламга тинчлик-хотиржамлик ато этсин, ибодатларимизни даргоҳида қабул қилсин, она-Ватанимизни обод қилсин, халқимиз ҳаётини янада фаровон айласин.

Президентимизни, бутун элимизни, дунёдаги мўмин-мусулмонларни Ийд ал-Фитр — Рамазон ҳайити байрами билан яна бир бор қутлаймиз, тинчлик-барқарорлик, қут-барака, бахт-саодат тилаймиз!

Азиз юртдошлар, Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!

Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …