2022 йил 29 апрел куни Миллий матбуот марказида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга доир Давлат дастурининг жорий йил I-чоракдаги ижросига бағишланган Матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Миллий матбуот маркази ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Марказ раҳбарияти ҳамда республика ОАВ ходимлари иштирок этди.
Марказнинг 2022 йил I-чорак мобайнида Давлат дастури ижроси юзасидан амалга оширилган тадбирлар ҳақида директор Шовосил Зиёдов батафсил маълумот берди.
Маълумотда таъкидланганидек, Давлат дастурининг тегишли бандига мувофиқ Марказга буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини кенг тарғиб қилиш мақсадида юртимиздан етишиб чиққан алломалар асарларининг халқчил таржимасини амалга ошириш, улар асосида илмий ва оммабоп рисолалар яратиш вазифаси белгиланган бўлиб, мазкур банд ижроси бўйича жорий йилнинг 1-чораги мобайнида тизимли тарзда амалий тадбирлар ташкил этилиб келинмоқда.
Жумладан, Абд ибн Ҳумайд Кеший “Муснади Кеший” асарининг 1-нчи ва 2-нчи жилдлари ва Алоуддин Косонийнинг “Эътиқоди Косоний” асарлари нашрга тайёрланди. Шунингдек, “Сунани Доримийдан сайланма ҳадислар”, “Муснади Кеший” асарининг 3-жилди, Имом Термизийнинг “Эътиқоди аҳлис сунна”, Абу Азабанинг “Равзатул баҳийя” асарлари таржимаси ва таҳрир ишлари ниҳоясига етказилди.
Абу Лайс Самарқандийнинг «Баҳрул улум» ва Сайид Абдулмажид Ғаврийнинг «Ҳадис илми истилоҳлари» асарлари таржималари ҳамда Имом Бухорийнинг “Тарихус сағир” асарлари таҳрири давом этмоқда.
Жорий йил якунига қадар жами 15 та асарнинг халқчил таржимасини амалга ошириш режалаштирилган.
Шу билан бирга матбуот анжуманида ОАВ ходимларига Давлат дастурининг Марказ фаолиятига доир бошқа бандлари ижроси юзасидан жорий йил мобайнида қилинган амалий ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилиб, матбуот соҳаси вакилларини қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.