Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ИЛМГА БЎЛГАН ЭҲТИЁЖ АБАДИЙДИР

ИЛМГА БЎЛГАН ЭҲТИЁЖ АБАДИЙДИР

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Самарқанд вилояти Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий маркази билан ҳамкорликда “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Марказ илмий ходимлари, Самарқанд вилояти Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий маркази профессор-ўқитувчилари ва курс тингловчилари иштирок этди.

Тадбирнинг очилишида ҳудудий марказ директорининг ўринбосари, доцент Дурдона Расулова, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Тоҳир Эвадуллаевлар сўзга чиқиб, шиддат билан ривожланаётган бугунги даврда инсоннинг илмга бўлган эҳтиёжи бирламчи моддий заруратлар сирасида бирдек намоён бўлаётгани, пировардида инсоният тараққиётнинг янги босқичларига эришиб, мисли кўрилмаган муваффақиятларни қўлга киритаётганини тилга олдилар.

Марказ илмий ходимлари маърузаларида юртимизда азалдан илмга қаратилган эътиборга аждодларимиз қолдирган бой маънавий мерос намуналари далил бўлиши, алломалар илмий меросини чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш, ислом динининг асл моҳиятини, мусаффо ақидаларини кенг халқ оммасига етказиш мақсадида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ишлар самараларига алоҳида тўхталдилар.

Тадбирда шунингдек, муқаддас динимизни ниқоб қилиб, кирдикорларини ёшларимиз онгига сингдиришга уринаётган кимсалар қаттиқ қораланиб, воқеликка очиқ кўз билан, теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашга, ҳушёр бўлишга, жаҳонда ва ён-атрофимизда тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб яшашга, пировардида жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга даъват қилинди.

Якунда маърузачилар иштирокчиларнинг саволларига жавоб қайтардилар.

Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Юракни мадҳ этган садо!

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан Марказда “Юракни мадҳ этган садо!” шиори …