Home / ЯНГИЛИКЛАР / БИРДАМЛИК ВА ЭЪТИРОФНИНГ ЯНГИ САҲИФАСИ

БИРДАМЛИК ВА ЭЪТИРОФНИНГ ЯНГИ САҲИФАСИ

ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК

Сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати, узоқ ва яқин давлатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслари туфайли Ўзбекистоннинг дўстлари, хайрихоҳлари халқаро майдонда тобора кўпайиб бормоқда. Қўшни, яқин ва узоқ мамлакатлар билан мутлақо янги – соғлом сиёсий ва тенг шериклик асосидаги иқтисодий алоқалар йўлга қўйилди. Халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари, янги механизмлари жорий этилмоқда. Туркий Давлатлар Ташкилоти ана шундай янги мулоқот майдонларидан бирига айланмоқда.

Таъкидлаш жоизки, туркий халқлар ўртасидаги яқинлик нафақат муштарак маданият, тил, дин ва ўхшаш қадриятлар, балки қадимдан савдо алоқалари йўлга қўйилиб, ўзаро борди­келди, ҳамкорлик қилиб келингани билан ҳам изоҳланади. Бу ришталар собиқ иттифоқ даврида узилиб қолган, чекланган бўлса-­да, аммо мустақиллик йилларига келиб қон­қардошлик туйғуси яна эски тарихий ўзанини топиб, туркий мамлакатларда миллий ўзликни англашга эътибор кучайди, кўп асрли анъаналар, азалий қадриятлар тикланди, ўзаро алоқалар фаоллашиб, ҳар томонлама ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда.

Жорий йил 14­17 апрель кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров бошчилигида мамлакатимиз делегациясининг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарларининг И йиғилишида иштирок этгани ҳам мазкур ҳамкорликнинг ижобий самарасидир.

«Аё София» мажмуасига ташриф

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизматининг хабар беришича, делегациянинг Туркияга сафари самарали кечди. Ташриф муфтий Н.Холиқназаров ва Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарлари томонидан Истанбул шаҳридаги қадимий «Аё София» масжидида жума намозини адо этиш билан бошланди. Унда Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ҳам иштирок этди ва меҳмон бўлиб турган Туркий давлатларнинг дин пешволари билан мулоқот қилиб, уларни Туркия заминида кўриб турганидан мамнун эканини изҳор қилди.

Жума намозидан сўнг Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ва Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарлари иштирокида «Аё София Фотиҳ» мадрасасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан Режеп Таййип Эрдоған мадраса тарихи ҳақида сўзлар экан, унда дарс берган аждодимиз Али Қушчи ҳазратларининг хизматларини алоҳида эътироф этди ҳамда йиғинда унинг меросхўрлари – Ўзбекистон вакиллари борлигига алоҳида аҳамият қаратди.

– Шонли тарихимизни бугунги кунга ва келажак авлодларга етказиш, инсониятга танитиш ниятида жуда муҳим бир қадам ташладик,– деди Президент Р.Эрдоған. – Бугун «Аё София Фотиҳ» мадрасаси тимсолида тарих саҳифаларидан ўчиб кетаёзган бир обидамизни қайта тикладик. У 86 йилдан сўнг яна қайта иш бошлади. Қадрли дўстлар, бу ер Истанбулнинг фатҳи сирасида, «Аё София»нинг бунёд этилишида шаҳарнинг биринчи мадрасаси сифатида ишга туширилган эди. Биринчи мударриси Мулла Хусрав бўлган бу даргоҳда мовароуннаҳрлик Али Қушчи ҳам толиби илмларга дарс берган.

Сўнг Президент ва Туркий давлатларнинг дин пешволари мадрасанинг рамзий лентасини қирқиб беришди. Маросимда иштирокчилар мадраса биноси ва фаолияти билан танишди. Мадраса икки қаватли бўлиб, 34 та хона, 7 та амалиёт ва илмий марказлар ҳамда 30 та бўлимдан иборат.

Диний-маърифий ислоҳотлар баёни ва муҳим таклифлар

Шу куннинг иккинчи ярмида “Умумжаҳон пандемияси, иқтисодий инқироз ва рақамли дунёда Туркий-­Ислом оламининг эртаси ва диний ташкилотлар” мавзусида Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарларининг И йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим, Туркий давлатлар ташкилоти директори Бағдод Амреэв ҳамда Туркия, Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон муфтийлари ва Қирғизистон Дин ишлари бўйича давлат комиссияси вакили, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти мутахассислари, уламолар, давлат ва жамоат арбоблари, зиёлилар, исломшунос, диншунос олимлар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.

Йиғилишни Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси Али Эрбаш кириш сўзи билан очиб, бугун туркий халқлар турли муаммоларга дуч келаётган бир пайтда ислом уламоларининг ҳамжиҳатлиги ва мусулмон умматининг бирлигини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётгани, шу маънода, ушбу тарихий йиғилишнинг амалий аҳамияти жуда юқори эканини қайд этди.

Анжуманда сўзга чиққан Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим ҳозирги вақтда дунёда юз бераётган шиддатли жараёнлар, турли таҳдид ва хатарлар, пандемия синовлари ва турли муаммолар ташкилотга аъзо давлатлар олдига янги долзарб вазифаларни қўяётганини таъкидлади.

Учрашув давомида Туркий давлатлар ташкилоти директори Бағдод Амреэв Озарбайжон мусулмонлари идораси раиси, шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода, Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси Наврўзбай Тағанули ўз маърузалари билан иштирок этди.

Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Н.Холиқназаров бугун мусулмон олами олдида турган долзарб масалалар юзасидан қарашларини билдирди. Ўз фикрини мўмин-­мусулмонлар иттифоқлиги бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканини илоҳий манбалар ва ҳаётий мисоллар орқали изоҳлади. Ўз навбатида, мана шундай мураккаб замонда Ўзбекистон Президенти томонидан амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотларни баён қилди. Бундай оламшумул ишлар нуфузли тадбир иштирокчилари томонидан юқори кайфиятда кутиб олинди. 

Туркий давлатлар ташкилоти директори ўринбосари Мирвоҳид Азизов жорий йил ноябрь ойида ташкилотга раислик қилиш Ўзбекистонга ўтиши нуқтаи назаридан юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий аҳамияти жуда юқори эканини таъкидлади.

Йиғилиш доирасида Н.Холиқназаров Туркий давлатлар ташкилоти директори Бағдод Амреэв билан учрашиб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, келгусида амалга ошириши лозим бўлган вазифалар ва мўмин-мусулмонлар бирдамлигини янада мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашдилар.

Б.Амреэв Ўзбекистонга ташрифи чоғида улкан ўзгаришларга бевосита гувоҳ бўлгани, диний­маърифий, ижтимоий-иқтисодий йўналишларда олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ эканини таъкидлади.

«Абу Айюб Ансорий» масжидида мавъиза

Йиғилишдан кейин дин пешволари ва иштирокчилар Истанбул шаҳри марказида жойлашган «Айюб Султон» мажмуасига ташриф буюрди.

Дастлаб анжуман иштирокчилари мазкур мажмуада жойлашган Абу Айюб Ансорий мақбараси зиёратида Қуръон тиловат қилиб, дуога қўл очди. Мажмуада ўқилган шом намозига Ўзбекистон вакили муфтий Нуриддин домла Холиқназаров барча муфтийлар ва меҳмонларга имомлик қилди.

Ифторликдан сўнг Туркий давлатларнинг дин пешволари хуфтон ва таровиҳ намозларини адо этиш учун «Абу Айюб Ансорий» масжидига такрор ташриф буюришди. Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси Али Эрбаш хуфтон ва таровиҳ намозларини ўқиб берди. Шундан сўнг ушбу муҳташам ва табаррук масжидда йиғилган ўн минглаб намозхонларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Рамазон ойи фазилатлари ҳақида мавъиза қилди.

Шукуҳли, дуолар ижобат бўладиган фурсатларда дин пешволари намозларида юртимиз ҳақига дуолар қилиб, мусулмонларнинг бирдамлиги янада мустаҳкам бўлишини Аллоҳ таолодан сўрадилар.

Юртимизни илм машҳури замон қилган

Ташрифнинг иккинчи куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон билан Туркия ўртасида ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётгани, айниқса, диний-­маърифий жабҳадаги алоқалар изчил ривожланиб, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ришталари янада мустаҳкамланаётгани, бундай дадил одимлаш икки давлат раҳбарининг оқилона сиёсати туфайли янги босқичга кўтарилгани алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, айниқса, илмий­маърифий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, уламолар меросини тадқиқ этиш бўйича фикр алмашиб, келгусидаги режалар белгилаб олинди.

Умуман, муфтий Н.Холиқназаров бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Туркия сафари йиғилиш иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди ҳамда Ўзбекистон мақомига мос ва хос эҳтиром кўрсатилди.

Юртимизни илм машҳури замон қилган. Илм туфайли икки илмий Ренессансни дунёга тақдим этган. Ҳозирда учинчи Ренессансга пойдевор қўяётган янги Ўзбекистон айни илмий тараққиёти, ҳаётий ислоҳотлари билан дунёга бўй чўзмоқда. Айтиш мумкинки, мазкур анжуман юртимизнинг халқаро майдондаги эътирофида яна бир янги саҳифа бўлди.

Нодир МАҲМУДОВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири
Манба: «Янги Ўзбекистон» газетаси 2022 йил 27 апрель, 83-сон

Check Also

Имом Бухорийнинг ислом тарихига оид нодир асари тақдимоти

Жорий йилнинг 27 март куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида буюк муҳаддис …