Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ИРСИКА раҳбари Марказ меҳмони

ИРСИКА раҳбари Марказ меҳмони

Бугун Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (OIS)нинг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA – ИРСИКА) Бош директори профессор, Др. Маҳмуд Эрол Қилич ташриф буюрди.

Марказга илк бор келаётган меҳмон директор Шовосил Зиёдов ва бир неча илмий ходимлар томонидан кутиб олиниб, музей фаолияти билан таништирилди. Замонавий ислом оламига мансуб йирик илмий муассасаларидан бирининг раҳбари музейдаги экспонатларга катта қизиқиш билдириб, қўлёзмаларнинг муляж нусхалари аслидан фарқ қилмайдиган даражада юқори сифатда сақланаётганидан мамнун бўлганини қайд этди.

Музей кутубхонасида меҳмон мовароуннаҳрлик алломалар қаламига мансуб Миср ва Туркиядан келтирилган асарлар нусхаларини кўздан кечирди. Айниқса Туркияда чоп этилган Ислом энцикопедияси ҳамда Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарининг факсимиле нусхаси ва бошқа бир неча адабиётлар хорижлик олимда чуқур таассурот қолдирди.

Меҳмон шунингдек, Марказда илмий фаолият учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Ташриф доирасида томонлараро ҳамкорликка оид мулоқот бўлиб ўтди. Унда Ш.Зиёдов Марказда унинг мақсад ва вазифаларига кўра олиб борилаётган фаолият йўналишлари, хусусан, дунёдаги кўплаб илмий муассасалар, жумладан Туркиянинг қатор олий ўқув юртлари ва илмий марказлари билан йўлга қўйилган алоқаларнинг айни ҳолати тўғрисида маълумот берди. Др. Маҳмуд Эрол Қилич эса икки марказ ўртасидаги ҳамкорлик асосидаги ишларни янада жадал суратларда ташкил этишдан манфаатдор эканини таъкидлади. Томонлар шунингдек, ҳамкорликда халқаро даражадаги конференцияларни ташкил этиш, ўзаро тадқиқотчилар алмашинуви дастурини йўлга қўйиш ва шу каби бошқа истиқболли лойиҳалар юзасидан фикр алмашдилар.

Ташриф ниҳоясида ИРСИКА раҳбарига Марказ номидан эсдалик совғалари топширилди.

Мартабали меҳмон Марказнинг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …