Home / АЛЛОМАЛАР / ЎРТА АСРЛАРДА СОҒАРЖДАН ЧИҚҚАН АЛЛОМАЛАР

ЎРТА АСРЛАРДА СОҒАРЖДАН ЧИҚҚАН АЛЛОМАЛАР

Ўрта асрларда Мовароуннаҳрнинг бутун дунёга донғи кетган Самарқанд, Бухоро, Насаф, Шош ва Термиз каби қадимий шаҳарлари билан бир қаторда кўплаб катта-кичик қишлоқ-қўрғонларида ҳам илм-фан, маданият юқори даражада ривожланган. Бу ерлардан илм-фаннинг турли соҳаларида ижод қилган Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Ибн Сино, Қаффол Шоший, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Бурҳонуддин Марғиноний каби юзлаб алломалар етишиб чиққан. Буюк Ипак йўлида жойлашган мана шундай жойлардан бири кўҳна Соғарж қишлоғидир. Манбаларда қадимий Суғддаги Иштихонга қарашли катта қишлоқ бўлгани қайд этилган.

Абдулкарим Самъонийнинг (в. 562/1167) “Ансоб” ва Ёқут Ҳамавийнинг (574/1178-626/1229) “Мўъжамул булдон” китобларида келтирилган маълумотга кўра, Соғарж Суғд ҳудудидаги қишлоқлардан бири бўлиб, Самарқанддан беш фарсаҳ масофада, Иштихоннинг ноҳия – чеккасида жойлашган. У табиати гўзал, ҳавоси мусаффо бўлган катта қишлоқдир. Бир неча аллома ва ҳадис ровийларига бу қишлоқнинг нисбати берилиб, Соғаржий нисбаси билан машҳур бўлган[1].

Манбаларда Соғарж XII-XVII асларга келиб қароргоҳ бўлгани ҳам қайд этилган. Жумладан, Низомиддин Шомий “Зафарнома”да Соғарж қўшин тўпланадиган қароргоҳ бўлганини келтирган. Хусусан, Амир Темур Тўхтамиш билан бўлиб ўтган жангдан олдин Соғаржда лашкар тўплаган. XV-XVII асрлардаги вақф ҳужжатларида ҳам Соғарж қайд этилган.[2]

Ботурхон Валихўжаев “Хожа Аҳрор тарихи” рисоласида Соғарж қишлоқ ёки шаҳар бўлганини қуйидагича келтирган: “Суғд ва Миёнкол тарихи билан шуғулланган олимлардан академик В.В.Бартольд, В.Л.Вяткин, О.Д.Чехович, М.А.Салоҳиддинова, Б.Аҳмедовнинг манбаларга таяниб, таъкидлаганидек, тарихда Соғарж қишлоқ, шаҳар, туман ва ҳатто, вилоят тарзида маълум бўлган. Жумладан, “Қандия” китоби муаллифининг таъкидлашича, VII-VIII асрларда Бухородан Самарқандга келиш йўлида энг мустаҳкам ва катта қалъа бу Соғарж қалъаси бўлган экан”[3].

Бундан маълум бўладики, Соғарж узоқ ўтмишда нафақат қишлоқ, балки шаҳар, ҳатто вилоят бўлган.

Ботурхон Валихўжаев мазкур рисоласида Соғарж ва Соғаржийлар ҳақида ҳам талайгина маълумотларни келтириб ўтган. Жумладан, X-XII асрларга тегишли ёзма манбаларга кўра, Самарқанддан 7 фарсаҳ (тахминан 50 км) шарқда жойлашган Иштихон мустақил туман сифатида машҳур бўлиб, у шаҳристон, қўрғон-қалъа ва работга эга бўлган. Унинг шимоли-шарқий чегараси Соғарж деб аталадиган тоғлардан иборат бўлиб, туманнинг тоғ яқинидаги аҳоли яшайдиган жойи ҳам Соғарж деб юритилган. Бундан кўринадики, бир томондан, Иштихон туманининг шимоли-шарқий чегараси ҳисобланган тоғлар Соғарж дейилган бўлса, иккинчи томондан, шу туманнинг чегарасидаги қишлоқ ҳам Соғарж деб аталган. Икки ҳолатда ҳам Соғарж ноҳия ва чегара жой маъносида ишлатилган.[4] Демак, Соғарж тоғи ҳам, Соғарж қишлоғи ҳам қадимги Иштихон ҳудудининг ноҳияси – чегарасида жойлашгани учун “Соғарж” номи “ноҳия” ёки “чегарадаги жой” маъносини англатган.

Қадимдан Соғарж кўркам табиати, мусаффо ҳавоси билан машҳур бўлган. Мақтовга сазовор томонларидан яна бири – унинг тупроғида улғайган алломалардир, десак, хато бўлмайди. Тарихий ёзма манбаларда бу қишлоқдан бир неча улуғ аллома етишиб чиқиб, илм-фаннинг турли соҳаларида ижод қилгани қайд этилган.

Жумладан, Соғарждан чиққан алломалар орасида энг машҳури Шайх Бурҳонуддин ибн Алоуддин Соғаржийдир. Манбаларда Бурҳонуддин Соғаржий яшаган давр ҳақида турлича маълумотлар келтирилган. Айрим манбаларда Бурҳонуддин Соғаржий XIV асрда ҳаёт кечиргани қайд этилган бўлса[5], бошқаларида аллома XII-XIII асрда яшаган дейилган[6].

Ўзбекистон миллий энциклопедиясида Соғарждан бир қанча уламолар чиққан (масалан, халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу наслидан бўлган йирик олимлардан шайх Бурҳонуддин Соғаржий, XII аср деб, келтирилган).

Ислом энциклопедиясида ёзилишича, Бурҳонуддин Соғаржий X аср Сомонийлар даврида яшаб, авлиёликда Қутб поғонасига кўтарилган зотдир. Амир Темур уни ўзига маънавий пир деб қабул қилган. Соғаржийнинг насл-насаби Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга бориб тақалади, деб келтирилган[7]. Бурҳонуддин Соғаржийни Амир Темур ўзининг маънавий пири деб билгани яхши маълум, лекин Соҳибқирон у зотни кўрмаган. Чунки, Амир Темур 1336-1405 йилларда Бурҳонуддин Соғаржийдан кейин ҳаёт кечирган. Шунга асосланиб, Бурҳонуддин Соғаржий XII-XIII асрларда яшагани ҳақиқатга яқин, дейиш мумкин.

Шайх Бурҳонуддин Соғаржийнинг қабри Самарқандда Амир Темур мақбарасининг шимол томонида жойлашган. Қабр устига XIV асрнинг 80 йилларида Амир Темур чорқирра гумбазли, улуғвор мақбара қурдирган. Халқ орасида бу зиёратгоҳ Руҳобод номи билан машҳурдир.

Соғаржий алломаларидан яна бири фақиҳ Абу Наср Соғаржийдир. Унинг тўлиқ исми Абу Наср Аҳмад ибн Фараж ибн Абдулазиз ибн Абулҳайсам Соғаржий бўлиб, Абу Наср унинг куняси (лақаби)дир. Абу Наср Соғаржий фақиҳ, фозил ва солиҳ киши бўлган. Аллоҳ таоло алломага олим фарзандлар ато этган.

Абу Наср Соғаржий устози Юсуф ибн Солиҳ Хатиб ва бошқа ровийлардан ҳадислар ривоят қилган. Ўз навбатида Абу Наср Соғаржийдан унинг ўғли ва бир қанча уламолар ҳадис ривоят қилган.

Абу Наср Соғаржий ҳижрий 524/1130 йил рабиул-аввал (февраль) ойида Самарқандда вафот этган ва Чокардиза қабристонига дафн этилган. [8]

Соғаржда таваллуд топиб, Соғаржий нисбаси билан машҳур бўлган алломалардан яна бири Абу Муҳомид Соғаржий бўлиб, унинг тўлиқ исми Абу Муҳомид Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Фараж ибн Абдулазиз Соғаржий Суғдий Самарқандийдир. Абу Муҳомид  – унинг куняси. Аллома 480/1087 йил жумодул-охир (сентябрда) ойида Суғд воҳасидаги Соғарж қишлоғида юқорида номи зикр этилган Абу Наср Аҳмад ибн Фараж хонадонида туғилган[9].

Абу Муҳомид Соғаржий 11 ёшидан бошлаб ҳадис ўргана бошлаган. Алломанинг қуйидаги сўзи бунга далилдир: “491 ҳижрий йилда менга ҳадисдан энг биринчи таълим берган киши отамнинг устози Имом Юсуф ибн Солиҳ Хатибийдир”[10].

Абу Муҳомид Соғаржий Самарқандда Муҳаммад ибн Абу Бакр Аттобий[11], Абу Али Ҳасан ибн Аъто ибн Ҳамза Суғдий, Абу Иброҳим Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Нуҳийдан, Бухорода “Табсиратул адилла”, “Баҳрул калом” каби бир қанча асарлар муаллифи Абу Муин Макҳул ибн Муҳаммад Насафий ва Муҳаммад ибн Абу Бакр Аттобий[12], Абу Қосим Али ибн Аҳмад ибн Исмоил Килобозий ҳамда бошқа бир қанча алломалардан ҳадис тинглаган. У ердаги олимларидан фиқҳ илмини мукаммал ўрганган.

Абу Муҳомид Соғаржий ўз замонасининг зукко, фозил имоми, забардаст, ўткир фикрли, ҳужжати кучли нотиғи ва тафсир, фиқҳ илмларининг билимдони бўлиб, ихтилофли ва муттафақ ҳадисларни ажрата билган. Самарқандда тўғри сўз, фақиҳ ва одил муфтий бўлгани боис, шайхулислом даражасигача кўтарилган. Шу билан бирга, хулқи чиройлилиги, қалби мусаффолиги, беҳуда сўзларни айтмаслиги ва ибодату яхшиликда бардавомлиги билан аҳли илм орасида юксак ҳурматга сазовор бўлган.

Самарқандда кўплаб толиби илмлар Абу Лайс Самарқандийнинг “Танбеҳул ғофилин” китоби ва бошқа асарларни айнан Абу Муҳомид Соғаржийдан ўргангани манбаларда қайд этилган[13]. Абу Муҳомид Соғаржий 555/1160 йил вафот этган.

Соғаржнинг довруғини таратган алломалардан яна бири Абу Фазл Соғаржийдир. Тўлиқ исми – Абу Фазл Аббос ибн Таййиб Соғаржий Суғдий. Абу Фазл Соғаржий Аҳмад ибн Ҳишом Иштихоний ва бир қанча уламолардан ҳадис ривоят қилган. Ундан эса Абу Аҳмад Ҳасан ибн Али ибн Жаброил Соғаржий каби уламолар ҳадис ривоят қилган.[14]

Абу Фазл Аббос ибн Таййиб Соғаржий Аҳмад ибн Ҳошим Иштихонийдан қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу бундай дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бирор намозини унутиб, уни ўз вақтида ўқий олмай қолса ёки ухлаб қолиб, уни қазо қилиб қўйса, эсига тушгани ҳамон уни ўқиб олсин! Аллоҳ таоло: “…ва ёд қилингиз Парвардигорингизни қачон унутсангиз…” дейди”, деб марҳамат қилганлар”[15].

Соғаржий нисбаси билан танилган яна бир аллома Абу Аҳмад Соғаржийдир. Унинг тўлиқ исми Абу Аҳмад Ҳасан ибн Али ибн Жаброил Соғаржий Деҳқон (ер эгаси, мулкдор маъносида)дир. Абу Аҳмад Соғаржий соҳиби фазилат ва фақиҳ бўлиб, Ҳанафий мазҳабининг етук олимларидан ҳисобланган.

Абу Аҳмад Соғаржий фиқҳ илмини она томондан бобоси Аббос ибн Таййиб Соғаржийдан ўрганган. Аҳмад ибн Ҳишом Иштихонийдан эса “Китобут тафсир”ни ўқиган. Мазкур устозлардан ҳадислар ҳам ривоят қилган. Манбаларда Абу Аҳмад Соғаржийдан ҳам бир қанча уламолар ҳадис ривоят қилгани қайд этилган. Абу Аҳмад Соғаржий 360/971 йилдан кейин вафот этган [16].

Соғаржий алломаларидан яна бири Абу Яъқуб Юсуф ибн Бахтиёр ибн Муҳаммад Соғаржийдир. Абу Яъқуб Соғаржий Самарқанднинг Ғонфар тўғони (кўприги) бошидаги Солиҳ маҳалласида яшаган. Ҳоит Ҳайён маҳалласидаги мадрасада таҳсил олган. Аллома кўплаб уламолардан, ундан эса бошқалар ҳадис ривоят қилган. Абу Яъқуб Соғаржий 502 йил сафар ойининг 3 куни жума оқшомида (1108 йил 11 сентябрда) вафот этган. Ғонфар тўғонидаги мақбарага дафн этилган[17].

Соғаржий нисбаси билан танилган алломалардан яна бири Юсуф ибн Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Убайдуллоҳ Соғаржий Хатибдир. Манбаларда Юсуф Соғаржий ўз замонасининг етук нотиғи бўлгани қайд этилган. У Абу Ҳасан Али ибн Аҳмад Санкабосийдан ҳадис ривоят қилган. Ўз навбатида Юсуф Соғаржийдан тарихчи, фақиҳ, тилшунос, муҳаддис, муфассир олим, ўндан зиёд китоблар муаллифи Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Насафий ва бошқа кўплаб уламолар ҳадис ривоят қилган. Юсуф Соғаржий Самарқандда вафот этган ва “Имомул фароъ” мақбарасида дафн этилган[18].

Соғаржнинг довруғини таратган алломалардан яна бири Яъло ибн Анас ибн Можид Соғаржийдир. Машҳур олим Абу Саъд Идрисий бундай дейди: “Яъло ибн Анас Соғаржий яқин дўстим бўлиб, у биз билан бирга Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Ҳасан Фарғонийдан ҳадис тинглар эди”.

Бундан ташқари, Яъло ибн Анас Соғаржий устози Абу Яъло Абдулмуин ибн Холлаф Насафийдан ва бир қанча уламолардан ҳадис эшитган ва ривоят қилган. Абу Аҳмад Соғаржийдан эса Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Мусталамий ва бир қанча алломалар ҳадис ривоят қилган[19].

Соғаржий нисбаси билан танилган ровийлардан бири Абу Назр Муҳаммад ибн Ҳотам ибн Саид Соғаржий Суғдийдир. Аллома дастлабки таҳсилни отасидан олган. Манбаларда Абу Назр Соғаржий бир қанча уламолардан ҳадис ривоят қилгани ва ўз навбатида ундан Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Иброҳим Мусталамий ҳадис ривоят қилгани қайд этилган[20].

 “Хожа Аҳрор тарихи” номли рисолада XV-XVII асрларда яшаб ижод қилган Хожа Яҳё Соғаржий, Нажжор Соғаржий, Амир Абу Бакр Соғаржий, Ҳажрий Соғаржий, Саъдулло Соғаржий, Боқир Муҳаммад Соғаржий ва Мирзо Қосим Соғаржий каби ўнлаб Соғаржий нисбаси билан танилган ровий, фақиҳ, шоир, хаттот ва ҳунармандларнинг номлари санаб ўтилган[21].

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, Ўрта асрларда Мовароуннаҳрнинг йирик шаҳарлари қатори қишлоқларида ҳам илм-фан юксак даражада ривожланган. Буни Соғарж қишлоғи мисолида кўриш мумкин. Ундан чиққан ўнлаб алломалар, ислом оламининг таниқли олимлари томонидан эътироф этилиши бунинг исботидир. Соғарждан чиққан алломалар кўп асрлар давомида ижтимоий-сиёсий ва илмий-маданий ҳаётда катта из қолдириб, тарих саҳифаларидан муносиб ўрин эгаллаган. Уларнинг ҳаёти ва бизга қолдирган улкан маънавий меросини илмий асосда чуқур ўрганиб, кенг халқ оммасига етказиш бизнинг олдимизда турган шарафли вазифалардан биридир.

Йўлдошхон ИСАЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

[1] Ёқут Ҳамавий. Мўъжамул булдон. Ж 3. –Байрут. Дар Садр. 1977. –Б.171, 389; Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж 3. –Байрут. 1988. –Б.198, 509. Ансобда Иштихон шаҳри ва у ердан чиққан алломалар ҳақида кўплаб маълумотларни топиш мумкин. Жумладан, “Иштихоний” деган сўз йигирма тўрт ўринда, ўн бешдан ортиқ олим ҳақида маълумотлар келтирилган.
[2] Қаранг: Ўзбекистон миллий энциклопедияси. –Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. –Б.549. www.ziyouz.com кутубхонаси.
[3] Валихўжаев Б. Хожа Аҳрор тарихи. –Т.: Ёзувчи, 1994. –Б. 54.
[4] Валихўжаев Б. Хожа Аҳрор тарихи. –Т.: Ёзувчи, 1994. –Б. 53-54.
[5] Валихўжаев Б. Хожа Аҳрор тарихи. –Т.: Ёзувчи, 1994. –Б.54.
[6] Сувонқулов И. Самарқанд қадамжолари. –Т.: Ўзбекистон Республикаси ФА.“Фан” нашриёти, 2007. –Б.13.
[7] Ислом энциклопедияси. –Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. 2004. –Б.200.
[8] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж 3. –Байрут. 1988. –Б. 198,199.
[9] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж 3. –Байрут. 1998. –Б. 199; Қутбиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Хайзирий. Иктисоб фий маърифатил ансоб. Ж. 4. –Кувайт. 2019. –Б.2330.
[10] Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. Тарихул ислом ва вафоёотул машаҳири вал аълом. Ж 38. –Байрут. 1987. –Б. 434
[11] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж 3. –Байрут. 1998. –Б. 199;
[12] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж 3. –Байрут. 1988. –Б.199.
[13] Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. Тарихул ислом ва вафоёотул машаҳир вал аълом. Ж 38. –Байрут. 1987. –Б.434; Абдулкарим Самъоний. Тажбир фил мўъжамил кабир Ж 2. –Бағдод. 1975. –Б. 271-273;
[14] Ёқут Ҳамавий. Мўъжамул булдон. Ж 3. –Байрут. –Б.389.
[15] Нажмиддин Умар Насафий. Самарқандия. –Т:. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. 2001. –Б.183.
[16] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж 3. –Байрут. 1988. –Б. 509; Суюндик Мустафоев. Хатирчилик табаррук сиймолар. –Т.: Муҳаррир. 2010. –Б.29.
[17] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж 3. –Байрут. 1988. –Б. 199.
[18] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж 3. –Байрут. 1988. –Б. 199.
[19] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж 3. –Байрут. 1988. –Б. 198.
[20] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж 3. –Байрут. 1988. –Б. 198.
[21] Валихўжаев Б. Хожа Аҳрор тарихи. –Т.: Ёзувчи, 1994. –Б. 56.

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …