Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ҳамкорликнинг истиқболлари порлоқ

Ҳамкорликнинг истиқболлари порлоқ

Айни кунларда мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Туркиянинг Дижле университети ректори, тиббиёт фанлари доктори Меҳмет Карокоч Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига келди. Уни Марказ директори ўринбосари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори О.Муҳаммадиев кутиб олди.

Меҳмонга даставвал Марказ музейи фаолияти юзасидан ҳамда қадимий буюмлар ва нодир қўлёзма нусхалари билан бирга Имом Бухорий ҳаёти ва ислом ривожига қўшган муносиб ҳиссаси тўғрисида қимматли маълумотлар берилди.

Мовароуннаҳр ҳудудида етишиб чиққан ва аниқ фанлар тараққиёти ҳамда жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган алломалар илмий меросини тадқиқ этиш юзасидан Марказда олиб борилаётган илмий фаолият Туркиядаги нуфузли университетлардан бирининг раҳбарида айниқса катта қизиқиш уйғотди.

Томонлар қисқа мулоқот чоғида икки илм даргоҳи ўртасидаги ҳамкорлик ришталарини йўлга қўйиш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Маълумот ўрнида: Диярбакирда жойлашган Дижле университетига 1973 йилда асос солинган бўлиб, айни пайтда аниқ фанларга ихтисослашган 12 та касбий таълим билим юрти, 4 та коллеж, 1 та консерватория, 4та илмий-тадқиқот ва амалий марказга ҳамда 30 та ўқув-тадқиқот шифохонасига эга.

Бугунги кунда мазкур олий таълим муассасасида мавжуд 15 та факультетда 28 минг нафарга яқин талабага 1700 нафар педагог-ходим томонидан турк, инглиз, француз ва немис тилларида таълим берилади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …