Home / МАҚОЛАЛАР / ШАРҚ АЛЛОМАЛАРИНИНГ ИЛМИЙ МЕРОСИДА БИЛИМЛАР ИНТЕГРАЦИЯСИ

ШАРҚ АЛЛОМАЛАРИНИНГ ИЛМИЙ МЕРОСИДА БИЛИМЛАР ИНТЕГРАЦИЯСИ

Ўрта асрда Марказий Осиёда ижод этган мутафаккирлар беқиёс илмий хазина яратдилар ва уларнинг дурдона мерослари, бой ижоди, илмий ва фалсафий фикрлари бугунги кунда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Улардан Форобий, Ибн Сино, Хоразмий каби буюк файласуф ва алломаларнинг асарлари жаҳон цивилизациясининг олтин хазинасидан муносиб ўрин олган, жаҳон фани ва маданияти тарихида ўчмас из қолдирган. Ўрта аср Марказий Осий мутафаккирларининг ижодини тадқиқ этган олимларнинг илмий тадқиқотларида бу ўз ифодасини топган [2].

Маълумки, Марказий Осиё ислом дунёсида янги фалсафий ва илмий билим шаклланган марказлардан бирига айланди. Бу ердан чиққан буюк алломалар ва мутафаккирлар фалсафа хамда фаннинг шаклланиши ва ривожланишига катта ҳисса қўшдилар. Жумладан, уларнинг илмий меросларида замонавий илмий технологияларнинг асоси бўлган билимлар интеграцияси, фанлараро ёндашув намуналарини жуда кўплаб кўришимиз мумкин.

Бундай интеграция математика мусиқа, архитектура, санъат соҳасида ўз аксини топган. Ўрта асрларда Ўрта Осиёда математикани бошқа фанлар билан интеграция қилиш ғоясини англаган буюк мутафаккир Форобий ҳисобланади. Аристотелдан фарқли ўлароқ Форобий математика методларини қўлланиш имкониятларининг чексиз эканлигини эътироф этади. Буюк олимнинг мазкур ғояси нафақат математика ривожидагина эмас, балки фан тизими тараққиётида ҳам буюк ҳодиса эди. Шунингдек, Форобий ушбу ғояни янада кенгроқ қўллаш усулларини амалиётда исбот этади. Масалан, олим фанда биринчи бор мусиқавий (тебранувчи) ҳодисаларни математика усуллари билан тадқиқ этади.

Форобийнинг бошлаб берган ушбу ташаббусини кейинчалик бошқа олимлар ўз тадқиқотларида давом эттириб, янада ривожлантирадилар. Булар қаторида Тусий, Ибн Сино каби буюк олимлар ҳам бор эди. “Ўрта Осиё мутафаккирлари арифметика, геометрия, астрономия ва мусиқани битта фан доирасига киритганлар. Барча трактатларнинг асосида математика тамойиллари ётар эди”[3: 182-183] Кейинчалик эса мазкур икки фан интеграциясига оид ғояни Европа олими Бекон илмий меросида кузатиш мумкин.

Юқорида қайд этганимиздек, математикани бошқа соҳаларда қўллаш ғояси асосида юртимизда дастлабки фанлараро ёндашув ғояси ривожлантирилди. Фанлараро ёндашув нима? Замонавий фанда “фанлараро ёндашув бирон муаммони тадқиқ этишда турли фан усулларидан фойдаланишдир”[9: 23]. Халқаро Трансдициплинар тадқиқотлар Маркази Президенти физик Б.Николеску таъкидлашига қараганда, “фанлараро ёндашув” тушунчаси ўзида “билимларнинг қайта бирлашув ва интеграцияга бўлган замонавий талабини ифодаламоқда”[11].

Фанлараро ёндашувнинг ривожланиш илдизларини олимлар антик давр файласуфлари ижоди билан боғламоқдалар. Масалан, рус олими Е.Князева фикрига кўра, “фанлараро ёндашув куртакларини юнон фалсафасида кўриш мумкин. Қадимги Юнонистонда яшаб ижод этган файласуфлар Платон ва Эмпедокл фалсафа ва медицинани интеграция қилганлар [5]. Тўғри, математика ва мусиқа, фалсафа ва бошқа фанлар интеграциясини қадимги грек олимлари ижодида ҳам учратамиз. Аммо биз бу фикрга қўшила олмаймиз. Юртимизда яшаб ижод этган мутафаккирлар ижодида фанлараро ёндашув нафақат салмоқли бўлган, балки ривожлантирилган деб ҳисоблаймиз. Фанлараро ёндашув ғоясининг мутафаккирларимиз томонидан ривожлантирилганлигини кўриб чиқамиз.

Дарҳақиқат, буюк ўрта Осиё олимлари бу ғояни нафақат такрорладилар, балки трансформация қилиб, юқори поғонага олиб чиққанлар. Масалан, Форобий ўзининг “Мусиқа ҳақида катта трактатида” антик давр муаллифларининг изланишларини пухта ўрганиб, уларда мусиқага оид баъзи ноаниқликлар борлигини аниқлаганлиги сабабли, янги трактат ёзишга киришганлигини баён қилган[3: 183]. Натижада, Форобий математик усуллар асосида мусиқа товушларининг келиб чиқиши, ритм ва товушларнинг мусиқа сифатида бирлашувига оид қонуниятларни мукаммал ўрганади. Бу математика ва мусиқа фанининг интеграцияси эди.

Шунингдек, математика усулларни Форобий шеъриятда ҳам моҳирона қўллайди. Форобийнинг бу илмий ғоясини Беруний ҳинд шеър ёзиш қоидаларида қўллашни тадқиқ қилади ва ўз хулосаларини беради [4: 157-158]. Илмий изланишлар натижасида Мирзо Улуғбек ҳам интеграция усулидан фойдаланиб, оламга машҳур “Зиж” асарини яратди [10: 121-122]. Демак, айтиш мумкинки, фанда янги илмий ғоя кашф этилди. Бу фанлараро ёндашув ғояси бўлиб, математика усуллари бошқа фанларда ҳам моҳирона қўлланган, натижада фанлар интеграцияси янги поғонага кўтарилган.

Агар шу даврдаги Европа фанига эътибор қаратсак, Европада математикани бошқа фанлар интеграция қилиш ғоясидан фойдаланиш фақатгина XVI-XVII асрлардагина бошланади. Ўрта Осиё мутафаккирлари томонидан математикани бошқа фанлар билан интеграция қилиш ғояси анча олдин яратилади ва бу илмий ғоя ривожлантирилган ва муваффақиятли равишда амалиётда қўлланилган. 

Алломалар томонидан математика усуллари нафақат мусиқа, балки санъатшунослик соҳаларида ҳам самарали қўлланила бошланган. Масалан, ўрта асрларда Марказий Осиёда математика, геометрия ва санъатнинг уйғунлиги замирида бетакрор орнаментал санъат пайдо бўлади. Архитектура, орнаментал санъатидаги математик ёндашувларнинг асоси бўлиб фалсафий ғоялар хизмат қилади. Масалан, Марказий Осий меъморлик санъати асосида ётган уйғунлик ғояси ана шундай универсал характерга эга бўлган ғоядир. У нафақат коинот тизими билан, балки конкрет фанлар билан ҳам боғлиқдир. Шу сабабли меъморлик санъатида уйғунлик геометрик орнамент воситасида ифодаланган.

Орнаментал санъатдаги бу уйғунлик машҳур “гирих” мисолида намоён бўлганини кўришимиз мумкин. Ислом цивилизациясининг орнаментал санъатида мақбара ва масжидларни “гирих” номли нақшлар билан безатиш анъанаси илк бор XII  асрда пайдо бўлган. Гирихлар фанлараро ёндашувнинг амалий ифодасидир. Чунки улар асосида ҳам математик маҳоратдан далолат берувчи нодаврийлик, симметрия, ассиметрия каби математик ғоялар ётади.

Ирригация тизимлари, турли қалъа ва кўп қаватли саройларни барпо этишда бажариладиган мураккаб техник вазифалар математик ҳисоб-китобларни талаб этар эди. Натижада, ўрта аср Марказий Осиё фалсафасида билимнинг математиклашуви янги босқичга кўтарилди. Бу жараёнга “алгоритм” тушунчаси ёрқин мисол бўла олади. “Алгоритм” алгебрага оид масалаларни ечишга мўлжалланган метод сифатида биринчи бўлиб Хоразмий томонидан ишлаб чиқилди ва фанга киритилди [7: 59].

“Алгоритм” атамаси буюк мутафаккирнинг исмидан олинган бўлиб, кейинчалик у позицияли саноқ системаси бўйича тартиблаш (рақамлашни), ҳозирда эса қўйилган масалани ечимга олиб келувчи маълум қатьий тартиб, шунингдек кенгроқ маънода қўйилган мақсадни амалга оширишга қаратилган маълум операциялар тизимидир” [6: 59]. “ Хоразмийга қадар чизиқли ва квадрат тенгламалар фанга маълум эди. Аммо улар ҳар доим турлича ва индивидуал тарзда ечилар эди. Барча учун қабул қилинган умумий, ягона қоида, алгоритмлар мавжуд эмас эди”[7: 55]. Хоразмийнинг буюк хизмати шундан иборатки, у бу тенгламаларни тафаккур учунгина эмас, балки амалий, кундалик вазифаларни бажариш учун яратади, яъни абстрактлик доимо конкретликда ўз ифодасини топади”[7: 57].

Шунингдек, юртимиздаги олимлар томонидан тригонометрик элементларнинг синтези ҳам амалга оширилади. Тригонометрия ўрта аср алломалари томонидан алоҳида фан сифатида шакллантирилди. Ваҳоланки, тригонометрия Европа илмий доирасига XVI асрнинг иккинчи ярмида кириб боради ва янада ривожлантирилади [10: 105].

Бугунги кунга келиб алгоритм инсон фаолиятининг жуда кўплаб соҳаларида қўлланиб келинмоқда. Маълумки кибернетика, компьютерлаштириш, ахборотлаштириш алгоритмга асосланган, шу боис замонавий цивилизацияни алгоритмлаштиришсиз тасаввур этиб бўлмайди. Математик саноқ системасини фаннинг барча тармоқларида қўллаш ҳамда алгоритм, алгоритмлаштириш ғоялари ва уларнинг уйғунлашуви ҳозирда биз фойдаланаётган рақамли технологиялар инқилобининг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Юқоридаги мулоҳазаларимиздан кўриниб турибдики, билимлар интеграциялашувида ўрта аср мутафаккирларининг буюк хизматлари бор. Уларнинг хитой ва айниқса ҳинд математикларидан фарқлари ва муваффақиятлари шундаки, уларнинг ижодида индуктив метод жуда ҳам кенг қўлланилган [8: 13]. Форобий томонидан мусиқавий (тебранувчи) ҳодисалар, шеърият, математика усуллари билан тадқиқ этилади. Математика ғояларининг архитектура, геометрия эстетик санъат билан уйғунлашуви содир бўлади. Бу уйғунлашув бетакрор орнаментал санъат, гириҳлар яратилишига олиб келади. Мутафаккирлар ижодидаги билимлар интеграцияси замонавий фанлар ривожини янада янги босқичга кўтарди. Шу сабабли мутафаккирларимиз илмий ижодида яратилган  фанлараро ёндашув намуналарини ўрганиш олимларимиз олдидаги вазифалардан бири деб ҳисоблаймиз.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. 1. Каримова С.У. Марказий Осиё олимларининг ўрта аср Шарқ илмий марказлардаги фаолияти // Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси. –Тошкент – Самарқанд, 2007.
  2. Муминов И. Ўрта Осиёда, ўрта асрдаги илғор табиий-илмий ва фалсафий фикрлар тарихига оид. 3 жилд. –Т.: Фан, 1972; Очерки истории общественно-философской мысли в Узбекистане — Т., 1997; Научное наследство. Т.6. Из истории физико-математических наук на средневековом Востоке. Трактат ал-Харазми, ал-Беруни, Ибн ал- Хусейна ал-Ширози. –М.: Наука, 1983.
  3. Художественная культура Средней Азии IX-XIII веков. Сб. статей. -Под ред. Л.И.Ремпеля. – Т.: Лит.и искусства.
  1. Кубесов А. Математическое наследие Аль-Фараби. –Алма-Ата.: Наука, 1974.
  2. Князева Е.Н. Трансдисциплинарные стратегии исследований. Вестник ТГПУ (TSPU Bulletin). 2011. 10 (112).
  3. Классическая наука Средней Азии и мировая цивилизация . –Т., 2000.
  4. Очерки истории общественно философской мысли в  Узбекистане. Под. ред. И.М. Муминова.  –Т.: Фан, 1977.
  5. Матвиевская Г.П., Розенфельд Б.А. Математики и астрономы мусульманского средневековья и их труды (VIII-XVII вв.). Книга 2. –М.: Восточная литература, 1983.
  6. Морен Э. Метод. Природа Природы. –М.: Прогресс-Традиция, 2005.
  7. Рыбныков К.А.  История математики. –М.: МГУ,  1960.
  8. Transdisiplinarity: BasarabNicolescu Talks with Russ Yolckmann // INTEGRAL REVIEW. 2007.
Гулбаҳор ЖАЛАЛОВА,
ЎзМУ катта илмий ходими, фал.ф.д. (PhD)

Check Also

ИМОН ВА ИСЛОМ БИТТАДИР («Ал-Эътимод фил эътиқод» асари асосида)

Имон ва ислом биттадир. Лекин зоҳирийлар бунга хилоф қилган. Улар Аллоҳ таолонинг  ﴿قَالَتِ الْأَعْرَابُ آَمَنَّا …