Home / ЯНГИЛИКЛАР / ЁЗМА МАНБАЛАР – БЕБАҲО БОЙЛИК

ЁЗМА МАНБАЛАР – БЕБАҲО БОЙЛИК

Мамлакатимизда қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштиришга устувор йўналишлардан бири сифатида катта эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2022 йил 10 февралдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим қадам бўлди.

Қарорда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази, Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қадимий ёзма манбаларни марказлашган ҳолда сақлаш, тадқиқ этиш, уларнинг ҳолатини доимий мониторинг қилиш бўйича масъул давлат муассасалари этиб белгиланган. Шунингдек, бу ташкилотлар қадимий ёзма манбалар давлат реестрини шакллантириш ва давлат тасарруфидаги музейлар, кутубхоналар ва архив фондлари фаолиятига интеграция қилиш, қадимий ёзма манба­ларни босқичма-босқич рақамлаштириш нодир манбалар ҳисобини юритади, йўқолишининг олдини олади.

Айни пайтда ёзма манбалар ва ҳужжатларни рақамлаштириб, асл нусхалари билан бирга келгуси авлодга етказиш имконияти пайдо бўлади.

Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти томонидан Фарғона водийси, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятлари ва Қорақалпоғистонга уюштирилган археографик экспедициялар натижасида 80 та ташкилотда араб имлосидаги 43081 та қўлёзма, 70323 та босма китоб ва 42870 та тарихий ҳужжат сақланаётгани аниқланди ва уларнинг ҳолати бирламчи мониторинг қилинди. Мазкур қарор эса бу борадаги ишларни ниҳоясига етказиш имконини беради.

Қадимий ёзма манбаларни консер­вация ва реставрация қилиш лабораториясини яратиш, уни замонавий техник жиҳозлар, бутловчи материаллар ва малакали кадрлар билан таъминлаш вазифаси қўйилган. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти билан биргаликда қадимий ёзма манбаларнинг консервацияси ва реставрацияси билан шуғулланаётган соҳа ходимларининг касбий салоҳияти ва малакасини ошириш ҳамда бу борада мунтазам равишда бакалавр ва магистрлар тайёрлаш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, матншунослик ва адабий манбашунослик таълим йўналиши ҳамда мутахассислиги бўйича ба­калавриат ва магистратура босқичлари учун зарур квоталар доимий ажратилади. Матншунослик ва адабий манбашунослик, филология ва тилларни ўқитиш (мумтоз филология) таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликлари бўйича талабаларнинг ўқув жараёни, амалиёти, диплом иши ва магистрлик диссертациялари ҳимоялари Шарқшунослик институти, Ислом цивилизацияси маркази, Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи ва бошқа қўлёзма фондларида соҳанинг етук мутахассислари, олимлар иштирокида ўтказилади. Бу талабаларнинг касбий тайёрлик даражаси, билим ва кўникмалари ошишига кўмаклашади. Шунингдек, қарорда Ўзбекистон халқаро ислом академияси матншунослик ва адабий манбашунослик таълим йўналиши бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланиши белгиланган.

Бир сўз билан айтганда, қарорда юқори малакали етук кадрлар тайёрлашнинг барча босқичи қамраб олинган. Дарҳақиқат, қўлёзмаларни асраб-авайлаш, уларни тадқиқ этиш ва келгуси авлодга яхши ҳолатда етказишда малакали кадрларга эҳтиёж катта.

Ушбу қарорнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, унда илк бор мамлакатимиз ҳудудида яшаб ўтган буюк аллома ва мутафаккирларнинг илмий меросини аҳоли, айниқса, ёшлар орасида янада оммалаштириш, улар тўғрисидаги маълумотларни замонавий усуллар орқали жамоатчиликка етказиш, шунингдек, мазкур йўналишда олиб бориладиган тадқиқотлар учун янада қулай имкониятлар яратиш мақсадида интернет жаҳон ахборот тармоғида юртимиз алломалари ва мутафаккирларининг ҳаёти ҳамда маънавий мероси ҳақидаги илмий-маърифий портал ва унинг мобиль иловасини ишга тушириш лозимлиги қайд этилган.

Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида биргина 2021 йилда 60 дан зиёд монография, шулардан 12 таси хорижда (Россия, Туркия, АҚШ, Иордания, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбайжон) рус, турк, инглиз, араб, қозоқ, тожик ва озарбайжон тилларида нашр этилди. Бундан ташқари, Герда Ҳенкел (Германия) фонди ҳомийлигида 2008-2016 йилларда институтнинг асосий фондидаги 13300 жилд қўлёзманинг инглиз тилидаги электрон каталоги яратилди. 24 000 дан ортиқ илмий тавсиф ва 36 000 фотокадрдан иборат ушбу каталог институтнинг интернетдаги веб-сайтига жойлаштирилди. Бугун дунёнинг хоҳлаган минтақасидаги тадқиқотчи институтнинг веб-сайтига кириб, аждодларимизнинг илмий-маънавий мероси ҳақидаги ана шу маълумот билан яқиндан танишиш ва буюртма бериши мумкин. Мазкур қарор эса бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришга қулай замин яратади.

Шунингдек, ушбу меъёрий ҳужжатда Шарқшунослик институти, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ЮНЕСКО, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом олами ташкилоти (ICESCO), Ислом тарихи, маданияти ва санъатини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) каби нуфузли халқаро ташкилотлар ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда анъанавий тарзда қадимий ёзма манбаларни муҳофаза қилиш ва тадқиқ этишнинг долзарб масалаларига бағишланган халқаро конференцияни ташкил этиши алоҳида қайд этилган.

Шу ўринда айтиш жоизки, Шарқшунослик институти томонидан қадимий ёзма манбаларни муҳофаза қилиш ва тадқиқ этишнинг долзарб масалаларига бағишланган бундай халқаро анжуманлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Ана шундай анжуманлардан бири ўтган йили ўтказилган эди. Бу анжуман илмий академик даражани кўтаришга восита бўлди.

Анжуманда Ўзбекистон ва дунёнинг турли мамлакатларидан 120 нафар тадқиқотчи иштирок этди. Конференцияга тақдим қилинган материаллар “Ўзбекистонда ислом маданияти, тарихи ва санъатини ўрганишнинг янги истиқболлари. New Perspectives for the Study of Islamic Culture, History and Art in Uzbekistan” номли алоҳида тўпламда нашр этилди. Илгари бундай халқаро конференциялар муайян бир институтнинг ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан амалга оширилган бўлса, энди ушбу қарор бундай халқаро анжуманларни ўтказиш ва юртимиздаги ихтисослашган ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун ишончли ҳуқуқий манба бўлиб хизмат қилади.

Қарорнинг алоҳида эътиборга молик жиҳатларидан бири, унда Ислом цивилизацияси маркази Фанлар академияси ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда 2022 йил якунига қадар Марказий Осиё минтақаси доирасида қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш соҳасида қўшни давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида таклифлар тақдим қилиши хусусида сўз боради. Шубҳасиз, бу Марказий Осиёдаги давлатларнинг илмий муассасалари ўртасида ҳамкорликни қайта тиклашга ва бундан-да ривожлантиришга кенг йўл очади.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу қарорда белгиланган мақсад ва вазифалар, энг аввало, қадимий ёзма манбаларни марказлашган ҳолда сақлаш ва тадқиқ этишга ҳамда уларнинг давлат реестрини тузишга, қолаверса, шу соҳа билан шуғулланадиган Ислом цивилизацияси маркази, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар маркази каби қатор ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб, уларни ягона мақсад сари йўналтиришга хизмат қилади. Энг муҳими, қўлёзмаларни бемалол ўқиб, тадқиқ қила оладиган ва таъмирлаб, уларга қайта ҳаёт бахш эта оладиган юқори малакали мутахассислар тайёрлашнинг яхлит тизимини яратишга асос бўлади.

Бу эса, шубҳасиз, Президентимиз­нинг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлашга ва Ўзбекистон Республикаси стратегик ривожланишининг бешта устувор йўналиши доирасида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил амалга оширишга қулай замин яратади.

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,
Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти,
тарих фанлари доктори, профессор
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022 йил 24 февраль, 40(562) сон

Check Also

Халқаро стипендия совриндори амалиёт бошлади

Имом Бухорий номидаги халқаро стипендиянинг жорий йилдаги илк совриндори, Бишкекдаги Қирғизистон-Туркия Манас университети илмий ходими …