Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ЛОНДОНДА МОВАРОУННАҲРЛИК МУТАФАККИРЛАР ШАРАФЛАНДИ

ЛОНДОНДА МОВАРОУННАҲРЛИК МУТАФАККИРЛАР ШАРАФЛАНДИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Зиёрат туризмини ривожлантириш илмий бўлими бошлиғи, Буюк Британиядаги Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази тадқиқотчиси Барот Амонов Лондон Ислом маданияти маркази директори доктор Аҳмад ал-Дубаян ҳузурида бўлди.

Мулоқот чоғида ҳар икки марказ ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш истиқболлари, хусусан илмий-тадқиқот фаолиятида ўзаро тажриба алмашув жараёнларини жадаллаштириш, исломни тадқиқ этишда мунтазам равишда икки мамлакат олимларининг консилиумини ўтказиб бориш ҳамда диний маърифатни биргаликда тарғиб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Аҳмад ал-Дубаян мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларга юқори баҳо бериб, аждодлар илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишга қаратилаётган эътибордан мамнунлигини билдирди ва “Ўзбекистон ислом умматига буюк олимлар, минглаб муҳаддислар, мутакаллим ва муфассирларни етиштириб берган замин. Бу юртдаги тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиш биз учун шараф”, дея таъкидлади.

Суҳбат давомида томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда маърифат йўлидаги якдил фаолиятдан манфаатдор эканини қайд этди. 

Мулоқотда шунингдек, Буюк Британиядаги Консерватив мусулмон форуми Президенти Лорд Муҳаммад Илтоф Шайх ҳам иштирок этиб, дунё илму фани тараққиётида ўзбекистонлик алломаларнинг хизматлари беқиёс эканини, математикани ал-Хоразмийсиз, тиббиётни Ибн Синосиз, ақида илмини Мотуридийсиз, ҳадис илмини Имом Бухорий ва Имом Термизийсиз тасаввур этиб бўлмаслигини айтди.

Шундан сўнг Лондон Ислом маданияти марказида Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари томонидан нашр қилинган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон элчихонаси кўмагида ташкил қилинган тақдимотда элчихона ходимлари, марказ илмий жамоаси ва китобхонлар иштирок этди.

Тадбир давомида Мовароуннаҳр диёридан етишиб чиққан, жаҳон илм-фани ва маданияти ривожи ҳамда ислом тамаддунида абадий ном қолдирган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий ва бошқа таниқли муҳаддислар, уларнинг бой илмий мероси алоҳида эътироф этилди.

Тақдимотда ташкилотчилар томонидан Ўзбекистонда диний-маърифий соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани, Марказий Осиёда яшаб, жаҳон цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшган олим ва мутафаккирлар маънавий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш ва уларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида бир қанча илмий-маданий марказлар ташкил қилингани ҳақида, жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолияти самаралари хусусида маълумотлар берилди.

Тадбирларда Ўзбекистоннинг Буюк Британия ва Шимолий Ирландиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Саид Рустамов иштирок этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тасаввуф – йирик ижтимоий воқелик сифатида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон …