Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ҲАМКОРЛИККА ҲУҚУҚИЙ АСОС СОЛИНДИ

ҲАМКОРЛИККА ҲУҚУҚИЙ АСОС СОЛИНДИ

Бугун, 11 феврал куни ZOOM дастури орқали Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Малайзия Ислом илмий университети (USIM) ўртасида ўзаро ҳамкорликка оид англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги элчихонаси вакиллари, Малайзия Ислом илмий университети раҳбар ходимлари, мазкур университет қошидаги Ислом фанлари институти мутасаддилари ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирок этди.

 

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Равшан Усмонов маросим қатнашчиларини таништирди ва ўзаро ҳамкорлик муносабатларида муваффақият тилади.

Шундан сўнг, ҳар икки томон фаолиятига оид тайёрланган тақдимот ва роликлар намойиш қилинди.

Мазкур илмий муассасалар ўртасида 2021 йилнинг ноябрь ойида ўзаро ҳамкорлик алоқаларига оид видеоконференция шаклида мулоқот ўтказилиб, унда ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинган, мулоқот якунларига кўра меморандум лойиҳасини тайёрлаш ва имзолаш бўйича музокараларни давом эттириш юзасидан келишувга эришилган эди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ўз нутқида мазкур музокаралар ўтган давр давомида экcпертлар даражасида давом эттирилгани ва ҳамкорликка оид муҳим йўналишлар белгилаб олинганини мамнуният билан таъкидлади.

 

Малайзия ислом илмий университети проректори, фахрий профессор, доктор Моҳамед Ридза Ваҳиддин эса аждодларнинг буюк илмий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилишда ҳамжиҳат фаолиятга эҳтиёж мавжудлигини алоҳида қайд этди ва мустаҳкамланаётган ҳамкорлик ришталари алломаларнинг дунё аҳамиятига молик асарлари туб моҳиятини очиб, уларнинг ҳали ўрганилмаган қирраларини намоён этишга муносиб замин ҳозирлашига ишонч билдирди.

Томонлар ислом цивилизациясининг бой меросини ўрганиш, бағрикенглик маданиятини ва ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб этиш борасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар.

Маросим доирасида бўлиб ўтган конструктив мулоқотдан сўнг, ўзаро ҳамкорликка оид икки томонлама Англашув меморандуми имзоланди.

 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …